Бу аёл Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суҳбатларидан баҳраманд бўлиш шарафига эришган, икки дунё саодатини қўлга киритган улуғ саҳобалардан эди. У насл – насаби машҳур ансорийлардан эди.
Фурайъа бинти Молик (разияллоҳу анҳо) ҳамма ерда яхшиликлар қилишга интилган машҳур хонодонлардан бирида улғайди. Ислом тарихи мана шу аёлнинг баракотидан эзгуликка тўлиб тошган воқеа ҳодисалар билан бойдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўсган оиланинг Ислом динини ёйиш соҳасидаги ҳизматлари ўзи алоҳида китобларга мавзу бўлади.
Саҳобиянинг отаси ҳазрати Молик ибн Синон жаннат билан башоратланган буюк саҳобий эдилар. Абу Саид Ҳудрий куняси билан машҳур бўлган Саъд ибн Молик (разияллоҳу анҳу) унинг акаси эди.
Фурайъанинг бир акаси эса улуғ саҳобий Қатода ибн Нўмон Зафарий (разияллоҳу анҳу) эди. Бу зот бадр ғазоти қаҳрамонларидан бўлган. Уҳуд куни жангда бир кўзи оқиб тушди. Шу ҳолатда Расулуллоҳ ҳузурларига борди. Пайғамбаримиз муборак қўллари билан кўзини жойига қўйиб, силаб қўйдилар. Унинг кўзи тузалиб, аввалгидан ҳам ўткир бўлди.
Молик ибн Синон ҳали Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилмасларидан олдин ҳам оила аъзоларига у зот ҳақларида завқ билан сўзлаб берарди. Унинг ҳикояларидан оила аъзолари, хусусан Фурайъа зеҳнида ҳам Аллоҳ элчисининг муборак сиймолари гавдаланар, қалбида муҳаббат уйғонар эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага етиб келишлари билан Молик у зот билан учрашишга ошиққан. Барча оила аъзолари, жумладан, қизи Фурайъа ҳам унга эргашиб борган.
Молик ибн Синон фарзандларига бирон қийматли мерос қолдирмай дунёни тарк этди. Гоҳо улар уйида бирор егулик ҳам топа олмай қолишарди. Эскириб тўзиб кетган кийимларни янгилашга ҳам имконлари йўқ эди. Аммо улар Аллоҳнинг бу синовига ҳам сабр қилишар, садақа сўрашмас, ҳожатларни билдиришмас эдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларни бой – бадавлат қилди. Чиройли сабрлари ва Расулуллоҳга ихлос – садоқтлари барокотидан яна кўп молу давлатга эга бўлишди.
Фурайъа Ҳазраж қабиласидан Саҳил ибн Рофеъ исмли кишига турмушга чиққан эди. Бир муддат бирга яшагач, эридан ажраб қолди. Саҳл қочиб кетган қулларни излаб йўлга чиққанда, қўлга тушиб қолишдан қўрққан қуллар Мадина яқинида уни ўлдириб кетишди. Рофеънинг ўлими ҳақида хабар келганда Фурайъа эрига Аллоҳдан савоб умид қилиб сабр қилди. Ёлғиз ёрдамчисиз қолгач уйига, яқинлари олдига қайтди.
Фурайъа эрининг уйида тўрт ой ўн кун идда сақлаб ўтирди. Иддаси тугагач, унга Саҳил ибн Бишр уйланди. Саҳил ансорийларнинг Бани Зафар қабиласидан эди. Фурайъа исломнинг барча босқичларида эрига тобе, динимиз изн берган ҳамма ишларда унга ёрдамчи бўлган.
Фурайъа бинти Молик Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мажлисларида иштирок этиб, нубувват мадрасасида таҳсил олган бахтиёр саҳобиялардан эди. Кучли ҳофиза соғлом тафаккур эгаси бўлган бу аёл Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан саксонта ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Зайнаб бинти Каъб ибн Ҳужра ривоят қилган. Фурайъа ривоят қилган ҳадисларни Миср, Ироқ, Шом, Ҳажоз ва Мадина фақиҳлари қабул қилиб, ҳукмлар чиқаришган.
Фурайъа жаннат башорати ила шарафланган саҳобиялар сирасига киради. У ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбияда дарахт остида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) байъат қилган бир гуруҳ саҳобиялар сафида эди. Мушриклар мусулмонларни Маккаи мукаррамага киришдан тўсиб қўйганда бўлган ушбу байъатда иштирок этганлар аҳли жаннат ҳисобланишади.
Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) Фурайъа у билан байъатда ҳозир бўлган саҳобияларга жаннат башоратини бердилар. Умму Мубашшир ал–Ансорийдан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳафса онамиз ҳузурида бундай деганларни эшитган: “Иншааллоҳ дарахт остида байъат қилганларнинг ҳеч бири дўзахга кирмайди”.
Давоми бор...
Манбалар асосида
Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади
Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бирбирига ўхшаш эмас.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.
“Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.
“Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.
“Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.
“Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.
Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.
Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан
Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws