Улуғ саҳобийя Хавла бинти Саълаба (разияллоҳу анҳо) Ислом тарихида ном қолдирган машхур аёллардан. У Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам)га биринчилар қатори иймон келтириб, машҳур саҳоба Авс ибн Сомитга турмушга чиққан эди.
Солиҳа аёл Хавла эрига вафодорлиги, бола тарбиясида сабри, матонати билан машҳур қозонган эди. Хавла зукко ва доно аёл бўлиб, оиласи, фарзандларидан меҳрини аямас эди, уларга чавандозликни, камондан ўқ отишни ўргатар эди.
Тарихчилар Хавла билан боғлиқ машхур воқеани манбаларда бундай зикр қилади. Жоҳилият даврида Авс ибн Сомит хотинига: “сен менга онам каби сан” деб қўйди ва бу айтган гапидан пушаймон бўлди. Хавла бу гапни Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам)га айтганда “эй Хавла энди сен эрингга харом бўлдинг” дедилар. Хавла эрини оқлаб “Эй Аллоҳнинг расули, эрим кексайиб, ақли заифлашиб қолган, болаларим эса ёш, энди мен нима қиламан?” деб эридан айрилгиси келмаётганини билдирди. Пайғамбармиз яна аввалги жавобни қайтардилар. Шунда Хавла бинти Саълаба йиғлаб Аллоҳ таолога бундай дуо қилди: “Аллоҳим сенга арз қиламан, мени бу мушкулотдан ўзинг қутқар. Роббим бу ишимизни ечимини Пайғамбаринг тилига ўзинг тушургин” деди.
Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: мен ҳам, бошқалар ҳам Ҳавланинг ҳолига ачиниб йиғладик. Шу пайт унинг илтижолари, оҳу фарёди Аллоҳ таолога етгани маълум бўлди. Аллоҳ таоло ўз ҳабибига ваҳий тушуриб, аёлни севинтирди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) табассум қилиб, тушган оятни тиловат қилдилар:
قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَا إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ (1) الَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْكُمْ مِنْ نِسَائِهِمْ مَا هُنَّ أُمَّهَاتِهِمْ إِنْ أُمَّهَاتُهُمْ إِلَّا اللَّائِي وَلَدْنَهُمْ وَإِنَّهُمْ لَيَقُولُونَ مُنْكَرًا مِنَ الْقَوْلِ وَزُورًا وَإِنَّ اللَّهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ
“Эй Муҳаммад Аллоҳ ўз жуфти ҳақида сиз билан баҳслашаётган ва Аллоҳга арз қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Аллоҳ икковингизнинг сўзлашувунгизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир. Ораларингиздаги ўз хотинларини “зиҳор” қиладиган кишиларга улар (хотинларни алсо) оналари эмасдирлар. Уларнинг (чин) оналалари (уларни) туққан аёллардир. Улар, ҳақиқатан, номақбул ва ёлғон сўз айтурлар. (Лекин) Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир”.
Хавла бинти Саълаба эрига бу хабарни айтганда Авс ниҳоятда севиниб кетди.
Хавла эрининг вафотидан сўнг турмуш қурмади. У эрига кўп ачинар, доим унинг ҳаққига дуо қилар эди. Эрига Аллоҳдан мағфират тиларди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) қачон Ҳавлани кўрсалар: “Ассалому алайкум, эй дуосини Аллоҳ ижобат этган аёл, эй сўзини Аллоҳ тинглаган аёл” деб саломлашар эдилар.
Бир куни Умар ибн Ҳаттоб (разияллоҳу анҳу) масжиддан қайтаётганда бир аёл йўлини тўсиб чиқиб, насиҳат қила бошлади: “Эй Умар сен бир вақтлар “Умарча” дейишарди, кейин “Умар” деб аталадиган бўлдининг. Бугун эса “Мўминлар амири” дейишмоқда. Эй Умар, маъсулят бобида Аллоҳ таолодан қўрқ, ким қиёмат кунидан қўрқса, ким ўлимдан қўрқса, ўткинчи нарсалар ҳам уни қўрқувга соладиган бўлади”.
Ҳамроҳлари Ҳазрати Умарга: “Шу кампирнинг гапини қулоқ солиб ўтирибсизми?” дейишди. Шунда Ҳазрати Умар: “Бу аёлнинг кимлигинни билмайсизми? У Авс ибн Сомитнинг хотини Хавла бинти Саълаба бўлади. Бу аёлнинг сўзини Аллоҳ таоло эшитган-у, Умар эшитмасинми?” дедилар.
Зиҳор муоммоси ҳал этилишида сабабчи бўлган тақводор, эрига вафодор бўлган бу аёл саҳобийялар ичида кўркам ва ифорли гул мисли яшаб ўтди. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин.
Давоми бор...
Манбалар асосида
Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади
Айни кунларда ҳаж сафарига киришган илк зиёратчиларимиз Мадина шаҳридаги беш юлдузли “Zamzam Pullman” замонавий меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда.
Мазкур меҳмонхона Масжиди Набавийнинг ёнида жойлашган бўлиб, зиёратчиларимиз беш маҳал намозни адо этиш, Равзаи шарифга кириш ва бир неча бор Расул алайҳиссаломга салом йўллаш саодатига эга бўлмоқда.
Меҳмонхонада ҳозирланган шароитлар барча ҳожиларимизни мамнун этмоқда. Ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим, телевизор бор. Фойе, лифт ва хоналар кенг ва ёруғ.
Ҳожиларга хизмат кўрсатадиган ошхона-ресторанда ҳам зарур ўринлар ва барча қулайликлар яратилган. Бир неча минг кишилик ошхонада ибодатга қувват бўладиган лазиз таомлар, салатлар, сархил мевалар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.
Мазкур меҳмонхонада жойлашган Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби барча ташкилий ишларни рисоладагидек бўлиши учун 24 соат давомида узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда.
Мавсум давомида ҳожиларимиз тетик, соғлом бўлишлари учун аввало, ўзлари, сўнгра тиббиёт ходимлари ҳам масъул. Бу йил ҳам ҳожиларимизнинг соғликларини доимий кузатиб бориш учун олий тоифали шифокорлар жалб этилган. Улар ҳамюртларимиз саломатликлари учун туну кун хизматда бўлиб туришибди.
Тиббиёт ходимлари ҳожиларнинг сиҳатларини кўздан кечириб, керакли ёрдам, маслаҳат ва дори-дармонлар бермоқда. Тиббий хизмат марказларида муолажа учун керакли жиҳозлар, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар мавжуд. Барча турдаги касалликларга биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимиздан етарли даражада дори-дармонлар олиб борилган.
Жорий мавсумда ҳожиларимизга яна бир қулайлик ва туҳфа улашилди. Ўзбекистон алоқа оператори тарафидан бу йилги ҳар бир зиёратчига интернет трафиги ва бонусли дақиқалари мавжуд бўлган бепул телефон сим картаси, махсус сумка, термос, соябон ва бош кийим кабилар тақдим этилди.
Жорий мавсумда бўлғуси ҳожиларга хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилгани ва шароитлар сезиларли даражада яхшилангани барчани чексиз мамнун этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати