Бир шаҳарда донишманд яшаган экан. Турли жойлардан унинг олдига маслаҳат учун одамлар келишар экан. У одамларга қимматли маслаҳатлар берар экан. Унинг овозаси узоқ-узоқ ўлкаларга етибди.
Бошқа бир шаҳарда донишмандлиги билан донг таратган бир одамнинг қулоғига ҳам бу хабарлар етиб борибди. У одамлар орасида ўз обрўсини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, ўзининг ўша донишманддан устунлигини исботламоқчи бўлибди ва шундай режа тузибди. "Бир капалакни тутиб, икки кафтим орасига олиб, ҳамманинг олдида донишманднинг олдига бораман. "Кафтим орасида нима бор?" деб сўрайман. Албатта у капалак, деб жавоб беради. Шунда мен: "У тирикми ёки ўликми?" деб сўрайман. Агар у тирик, деса, мен кафтимни билдирмасдан сиқиб, очганимда ҳамма капалакнинг тирик эмаслигини кўради. Агарда у капалакни ўлик, деса, мен кафтимни очиб, уни учириб юбораман, ҳамма капалакнинг тирик эканини кўради, шунда барча унинг хато қилганини сезади", деб ўйлабди.
У айтганини қилиб, капалакни олиб донишманднинг олдига борибди ва "Қўлимдаги нима?" деб сўрабди. "Капалак", деб жавоб берибди донишманд. "У тирикми ёки ўликми?", деб сўрабди келган донишманд. "Бу энди сенга боғлиқ", деб жавоб берибди донишманд унинг кўзига қараб.
Билгинки, ўзингнинг кучингга ортиқча баҳо беришинг сени ҳам мана шундай уялтириб қўйиши мумкин. Донишмандлар: "Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил", деб бежиз айтишмаган.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ