Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июн, 2025   |   1 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
26 Июн, 2025, 1 Муҳаррам, 1447

Ё ҳаёт, ё мамот масаласи

15.02.2017   9326   4 min.
Ё ҳаёт, ё мамот масаласи

Абдулла Авлоний: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”, деган эди. Дарҳақиқат, оилада фарзанд туғилиши билан унинг ота-онаси ва яқинлари, аввало, уни тарбия қилиш ҳақида қайғурадилар. Исмни ҳам яхши инсон бўлсин, деган пок ниятлар билан энг чиройлисини танлайдилар. Олам-олам орзулар, чақалоқни ҳеч нарсадан кам қилмай улғайтириш керак деган мақсадлар билан ота-она фарзанди учун яшай бошлайди. Бироқ асосий моҳиятни баъзан унутиб қўяди. Тарбия...

“Гарчи ҳар бир инсон бешикдан то қабргача илм олиш қобилиятига эга бўлса‑да, лекин уни болаликдан тарбиялаш таъсирлироқ ва жуда муҳимдир”, деган экан Фитрат. Ҳар бир ота-она ана шу фикрни ҳамиша ёдда тутмоғи лозимдир. Бинобарин, мурғак болалар онгига атрофдагиларнинг ҳар бир сўзи, қилаётган ишлари сақланиб, келажакда мустақил бўлганида ана шу хотиралари билан иш юритади. Демак, фарзанд тарбияси учун аввало оила аъзоларининг ўзи ҳам бевосита ўрнак бўлиши керак.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”.  Ҳақиқатдан ҳам, фарзандларнинг гўзал одоб билан безанганлиги Яратган наздида муҳим фазилатдир. Ушбу ҳадисни идрок этган ҳолда, ҳар бир ота-ота ўз дилбандининг хулқ-атвори, маънавиятига чуқур эътибор қаратиши, тарбиясини доимо назорат қилиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Яна бир муҳим жиҳат – болаларни бекор қолишига йўл қўймаслик керак. Чунки бекорчилик ҳар қандай ёт фикрларга йўл очиб бериши шубҳасиздир. Бу борада ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар”, деганлар. Худди шундай, мазкур ҳадис бугун учун ҳам аҳамиятлидир. Бинобарин, бугунги кунда ҳам соғлиқни сақлаш, хасталикларга чалинмаслик учун бадантарбия қилиш, спорт билан шуғулланиш муҳим ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам ёш авлод вакиллари турли спорт тўгараклари, жисмоний машғулотлар ва мусобақаларга жалб этилмоқда. Ҳар томонлама баркамол, етук ёшларимиз жаҳон минбарларида юқори ўринларни эгалламоқдалар. Демак, ёшларни спорт тўгараклари билан банд этиш бир тарафдан унинг вақтини фойдали машғулотларга жалб этади, иккинчидан эса унинг соғлом ва фикри теран бўлиши учун хизмат қилади.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий эса тарбиянинг самараси ҳақида қимматли мисрасини битган:

Қатрага чун тарбият этди садаф,

Эл бошига чиққунча топди шараф.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти бундай деган: “Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, имон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир”. Чиндан ҳам, бугун фарзандларнинг бахту саодати, ёруғ келажаги учун  юртимизда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўғил-қизларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етиши, юксак истеъдод соҳиби бўлиши ота-она ҳамда Ватани олдидаги фарзандлик бурчидир.

Минг афсуски, бугунги кунда кўплаб бузғунчиликлар ва разилликларга сабаб бўлаётган кимсалар учраб турибди. Уларнинг асосий эътиборлари ёшлар онгига қаратилгани ачинарлидир. Оилада етарли тарбия ва меҳр олмаган аксарият ёшларнинг бузғунчи оқимларга кириб қолаётгани ҳам айни ҳақиқатдир. Ушбу ҳодисаларни кўриб, билиб турган ҳар бир онгли инсон фарзандларини бу хуружлардан ҳимоя қилиш мақсадида аввало тарбия ишларини олиб бориши, айниқса, болалигиданоқ нима ҳалолу нима ҳаром, Ислом динининг мусаффо эътиқодлари ҳақида тушунчалар бериши замон талабидир. Бинобарин, эртанги куннинг эгалари келажак тараққиётини белгилайди.

Хожа Самандар Термизий айтганидек:

Тарбиядан тупроқ гавҳар бўлади.

Ноф ичра қон мушки асғар бўлади.

Қийматсиз қора бир темирни иксир,

Тарбия айлагач соф зар бўлади!

Дилшод СОЛИҲОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом

билим юрти 4-курс талабаси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

20.06.2025   21512   3 min.
Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!
2025 йилнинг 26 июнь куни – янги 1447 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2025 йилнинг 5 июль, шанба кунига тўғри келади.

Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.


Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).


Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).


Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.


Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.

Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД