بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Шунингдек, Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб нозил бўлиши сўзимизнинг ёрқин далил бўла олади. Ўқиш – илмнинг калитидир.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборган пайтни эсга олайлик. Одамлар жаҳолат ботқоғига тамоман ботган эди. Жоҳилиятнинг бу ҳолатини ёритишга тарихчиларнинг қалами ўтмаслик қилади, дейилган. Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳолатини Қуръони каримда шундай баён қилган:
وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا
Яъни, “Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди”, (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм дини бўлмиш Ислом дини билан инсониятни жаҳолат зулматидан Ислом нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни имонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган диндир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон киши илм олиши фарз экани ҳақида шундай деганлар:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ
Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган
Ислом дини диний ҳамда дунёвий илмга умумий даъват қилиб, динда фақиҳ бўлишликка алоҳида урғу берган. Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳумолар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ مُعاويةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رسول الله صلى الله عليه وسلم: « مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْراً يُفَقِّهْهُ في الدِّينِ » . متفقٌ عَلَيْهِ
Яъни, Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”. (Муттафақун алайҳ)
Ушбу ҳадисга кўра, илм эгалари улуғ фазилат эгаси экани, маълум бўлади.
Ҳакимлар айтган экан: “Кимда-ким ўзининг билмаслигини яшириб, илм олишдан бош тортса ёки касалини яшириб, даволанишдан бош тортса, у ўзига ўзи хиёнат қилибди”.
Чунки диний иш бўлсин ёки дунёвий иш бўлсин, унга билмасдан киришган кишининг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади.
عَنِ الزَّنْجِيِّ بْنِ خَالِدٍ؛ قَالَ: دَخَلْنَا عَلَى الزُّهْرِيِّ وَنَحْنُ غِلْمَانٌ، فَقَالَ لَنَا: اطْلُبُوا الْعِلْمَ؛ فَإِنْ أَرَدْتُمُ الدُّنْيَا نِلْتُمْ، وَإِنْ أَرَدْتُمُ الْآخِرَةَ نِلْتُمْ
Занжий ибн Холид айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга: “Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, дедилар”.
Муҳтарам жамоат! Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Масалан, тиб ёки ҳисоб илмини олайлик. Бу илмларсиз инсон ҳаётини саодатли кечишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бошқа дунёвий илмлар ҳам худди шулар кабидир. Бу илмлар фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар.
Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир.
Ислом дини илм фанга тарғиб қилиб, унинг ҳукмини фарз даражасига кўтарар экан, бу ҳукм аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.
Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқиштишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир.
Муҳтарам жамоат! Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Жамиятнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Дарҳақиқат, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши муқаррардир.
Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!
Илмнинг шарафи ҳақида Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадсилари ҳам далолат қилади:
عَنْ أَبِي وَاقِدٍ الحارث بن عوف رضي الله عنه أنَّ رسولَ الله صلى الله عليه وسلم بَيْنَمَا هُوَ جَالِسٌ في المَسْجِدِ، والنَّاسُ مَعَهُ، إذْ أقْبَلَ ثَلاثَةُ نَفَرٍ، فأقْبَلَ اثْنَانِ إِلَى رسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَذَهَبَ واحِدٌ؛ فَوَقَفَا عَلَى رسولِ الله صلى الله عليه وسلم. فأمَّا أحَدُهُما فَرَأَى فُرْجةً في الحَلْقَةِ فَجَلَسَ فِيهَا، وَأمَّا الآخرُ فَجَلَسَ خَلْفَهُمْ، وأمَّا الثَّالثُ فأدْبَرَ ذاهِباً. فَلَمَّا فَرَغَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم قَالَ: «ألا أُخْبِرُكُمْ عَنِ النَّفَرِ الثَّلاَثَةِ: أَمَّا أَحَدُهُمْ فَأوَى إِلَى اللهِ فآوَاهُ اللهُ إِلَيْهِ. وَأمَّا الآخَرُ فاسْتَحْيَى فَاسْتَحْيَى اللهُ مِنْهُ، وأمّا الآخَرُ، فَأعْرَضَ، فَأَعْرَضَ اللهُ عَنْهُ». متفقٌ عَلَيْهِ.
Яъни, Абу Воқид ал-Ҳорис ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан бирга масжидда ўтирган эдилар. Шу пайт уч киши кириб келди. Иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб юрди, биттаси эса кетиб қолди. Шунда у иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларида туриб қолишди. Улардан бири даврада бўш жойни кўриб, ўша ёрга ўтирди. Наригиси эса одамларнинг орқа томонига ўтирди. Учинчиси эса орқасига қайтиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлгач: “Сизларга бу уч киши ҳақида хабар берайми? Уларнинг бири Аллоҳдан бошпана сўраган эди, Аллоҳ унга бошпана берди. Наригиси ҳаё қилганди, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Бошқаси эса юз ўгирди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди”, дедилар”.( Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадисда илм даврасига қўшилган кишини Аллоҳдан бошпана сўради, дейилди. Аслида, зулм, хавф-хатар ва тазйиқларда бошпана сўралади. Демак, жаҳолат бу - зулм ва хавф-хатар экан. Бундан қутилишнинг ягона йўли эса илм олишдир. Фақат илм билангина Аллоҳ таолодан бошпана сўралади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!”, деган маънода машҳур сўзлари ҳам бор.
Шундай экан, илм ҳалқасига қўшилиш ва доимий илм излаш лозим бўлади. Чунки илм ўқиган киши Аллоҳнинг паноҳида бўлади. Шунингдек, илмдан юз ўгириш Аллоҳдан юз ўгириш экан. Аллоҳнинг ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, унутмайликки, бу нарсага илмсиз эришиб бўлмайди.
Муҳтарам намозхонлар! Қуръон уммати, Илм уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати бўлган биз мусулмонлар учун илмсиз қолиш ордир. Чунки буларнинг барчаси илмга даъват қилади. Биз агар илм ўқимасак, фарзандларимизни илмга қизиқтирмасак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматимиз деган даъвони нима билан исботлаймиз!?.
Бир олим айтган экан: “Агар бирор қимматли нарсангизни ҳеч ким топа олмайдиган жойга беркитмоқчи бўлсангиз, китобнинг орасига солиб қўйинг, чунки бугунги одамлар китоб очмайдиган бўлиб кетишди”.
Муҳтарам жамоат! Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Жаҳолатдан-да кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ. Али розияллоҳу анҳу айтган экан: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, деганлар.
Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали парвардигорларини танийдилар. Охирати ва дунёсини илм билан обод қилади.
Алҳамдулиллаҳ, юртимизда барча соҳада китоблар нашрдан чиққан ва чиқмоқда. Масалан биргина диний соҳани олсак, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, улумул-қуръон, усул-фиқҳ, ҳатто грамматика фанига ҳам оид бўлган кўплаб китоблар она тилимизда нашрдан чиққан. Биз фақат олиб ўқисак, кифоя. Биз фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилайлик. Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутолаасига ҳам эътибор қаратайлик.
Илм олишга боғлиқ одоблар ҳам бор бўлиб, уларни билиш учун шунга тегишли бўлган китобларни ўқиб ўрганайлик. Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор унутмайлик.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч-омон қилсин. Илм ва тарбия йўлида хизмат қилаётган ва унга ташаббус кўрсатётган барча раҳбар ва ходимларимизни, устоз ва мураббийларимизни эзгу мақсадалрига муваффақ қилсин! Омин!
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
О'збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати