Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар Аллоҳни инкор қилаётган олимлар Қуръони каримни инсоф билан ўрганиб чиққанларида унга иймон келтирган бўлардилар. Мисол учун, қуйидаги ояти каримага эътиборингизни қаратинг:
﴿وَجَعَلْنَا اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ آَيَتَيْنِ فَمَحَوْنَا آَيَةَ اللَّيْلِ وَجَعَلْنَا آَيَةَ النَّهَارِ مُبْصِرَةً لِتَبْتَغُوا فَضْلًا مِنْ رَبِّكُمْ وَلِتَعْلَمُوا عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ وَكُلَّ شَيْءٍ فَصَّلْنَاهُ تَفْصِيلًا﴾
“Биз кеча ва кундузни (қудратимизни кўрсатиб турадиган) икки белги қилиб қўйдик. Кечанинг белгисини ўчирдик. Кундуз аломатини эса, Роббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз” (Исро сураси, 12-оят).
Ушбу оятдаги мўъжиза иймон келтириш учун етарли аслида. Аллоҳ таоло “кундузни ёруғлик қилдик” демоқда. Аллоҳ таоло кўрсатиш манбаи сифатида кундузни айтмоқда. Лекин тасвирларни бизнинг кўзимиз кўрсатадими ёки кундузми? Кўпчилик тасвирларни кўзлар кўрсатади деб ўйлайди. Бироқ илмий ҳақиқат шуки биз ёруғлик туфайлигина кўра олар эканмиз. Олимлар аниқлашича қуёшнинг нури бир нарсага тегиб синади. Кейин кўз соққамизга келиб урилади ва биз ўша нарсани кўрамиз.
Демак, кўзимиз ўзи мустақил равишда тасвирларни кўра олмас экан. Нарсаларга тушган нур туфайли кўра олар эканмиз. Агар нур йўқ бўлса кўзимиз ҳеч нарсани кўра олмайди. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг куздузни кўрсатувчи қилганини англаш қийин эмас. Мана шунинг ўзи энг катта мўжизалардан бири эмасми, ахир.
Агар Қуръони карим Аллоҳнинг каломи бўлмаса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бунчалик аниқ илмий ҳақиқатларни ким ўргатган? Агар Қуръонда келган бирорта маълумот нотўғри бўлиб чиққанида бу дин бутунлай ноҳақ эканлиги аён бўларди. Қуръони каримдаги ана шундай мўъжизалар унинг Аллоҳнинг каломи эканлигидан дарак беради.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан