Бир куни қуён ўзининг чопқирлигини намоёиш қилиш учун тошбақага югуриш бўйича мусобақалашишни таклиф қилибди. Тошбақа рози бўлибди. Марра учун ўрмон четидаги бир дарахтни белгилашибди. Мусобақа бошланибди. Тошбақа шошилмай йўлга тушибди, уни кўрган қуён роса кулибди ва: "Мен бир оз мизғиб олсам ҳам бўлади, маррага бир пасда етиб оламан", деб дарахт тагига ёнбошлабди. Орадан бир қанча вақт ўтибди, қуён қаттиқ ухлаб қолибди. Бир пайт уйғониб қараса, тошбақа маррага етай деб қолибди. Бор кучини йиғиб югурибди, лекин кеч қолган экан. Тошбақа ундан олдин маррага етиб борибди. Қуён қилган ишидан афсусланиб, ҳайвонлар олдида роса уялибди.
Ҳар бир ишнинг ҳаракатини ўз вақтида қилган яхши. Фурсат ўтгач, қобилият ҳам фойда бермайди.
Акбаршоҳ Расулов
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «Зомин» жоме масжидида диний соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, ҳудуд масжидлари имомлари, отинойилар, «Ҳаж» зиёратчилари ҳамда МФЙ раислари қатнашди.
Учрашувда юрт тинчлигини асраш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида амалий саъй-ҳаракатлар ҳам олиб борилди:
Имом-хатиблар ва отинойилар маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Жараёнда жами 112 та хонадон (имом-хатиблар томонидан 83 та, отинойилар томонидан 29 та оила) ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Фуқароларга маънавий-маърифий далда берилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати