Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Аллоҳнинг одамларни фаросат орқали биладиган (ёки танийдиган) бандалари бордир” (Ҳаким Термизий ривояти).
* * *
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: “Албатта ризқ эшиги етти осмоннинг устидан очиқдир. У Аршгача етиб борган. Ўша эшик туну кун ёпилмайди. Аллоҳ ҳар бир бандага нияти, сарф(-ҳаражат)и, садақа ва инфоқ қилишига қараб ўша ризқдан (Ерга) туширади. Бас, ким (садақани) кўпайтирса, унга ҳам (ризқи) кўпайтирилади. Ким камайтирса, унга ҳам камайтирилади. Ким (бермасдан, бахиллик қилиб) ушлаб қолса, ундан ҳам (барака ва кенг ризқ) ушлаб қолинади”, дейилган (Ҳаким Термизий ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Қачон Аллоҳнинг “Аллоҳга қарзи ҳасана берадиган киши борми?” ояти нозил бўлганида, Абу Даҳдоҳ ал-Ансорий: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ биздан қарз сўраяптими?” деди. У зот: “Ҳа, эй Абу Даҳдоҳ”, дедилар. У: “Менга қўлингизни беринг, эй Расулуллоҳ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қўлларини берган эдилар, у: “Мен ушбу боғимни Раббимга қарз қилиб бердим. Унда олти юзта хурмо дарахти бордир”, деди. Ўша пайтда (унинг аёли) Умму Даҳдоҳ ва оила аъзолари боғда эдилар. Абу Даҳдоҳ келиб: “Эй Умму Даҳдоҳ”, деб чақирган эди, аёли: “Лаббай”, деб жавоб берди. “Боғдан чиқ. Мен уни Раббим азза ва жаллага қарз қилиб бердим”, деди Абу Даҳдоҳ” (Ҳаким Термизий ривояти).
* * *
Ал-Ҳаким ат-Термизий “ал-Амсал минал Китаб вас Сунна” асарида қуйидаги ҳадисни келтиради: «Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ) деди: “Ибн Умарга Маккадан Мадинага қадар ҳамроҳлик қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан фақат шу ҳадиснигина ривоят қилганини эшитдим: “Мўминнинг мисоли асалари кабидир. Агар у билан ҳамнишин бўлсанг, нафи тегади, у билан шерик бўлсанг, нафи тегади, маслаҳат олсанг, нафи тегади, ҳамроҳ бўлсанг, нафи тегади. Унинг ҳар бир нарсасидан манфаат етади. Асалари ҳам шундай, унинг ҳар нарсаси фойдали”» (Ҳаким Термизий ривояти).
* * *
Аллоҳ таоло шундай деб буюрмиш:
"Эй Мусо! Сен Мени кўрмассан, зеро, Мени кўрган дарҳол ўлади. Жонсиз нарсалар кўрса емирилади, яшнаб турган нарса кўрса хазон бўлади. Мени фақат кўзлари ўлимни билмайдиган, жасадлари чиримайдиган жаннат аҳли кўргай".
(Ҳаким Термизий Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ҳазратларидан ривоят этган).
* * *
"Қулларимдан бирининг танини, молини ва ёки боласини бир мусибатга солганимда у қулим буни яхши бир сабр ила қаршиласа, қиёмат кунида у кимса учун тарозу қурмоқдан ёхуд номаи аъмол очмоқдан уялгайман".
(Ҳаким Термизий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят этганлар).
* * *
Мусо алайҳиссалом жаноби Ҳаққа хитобан:
Ё Раббий! Мен қулларингдан кимни севишингни билмоқ ва мен ҳам уни севмоқни истайман,— деди. Жаноби Ҳақ;
Мени кўп зикр этган қулимни кўрганинг замон билки, Мен уни севгайман. Мени зикр этмаганларни кўрганингда эса англаки, Мен уларни хуш кўрмагайман, - деди.
(Ҳаким Термизий Ҳасан Басрийдан ривоят этганлар, ҳадис ҳасан, мурсалдир).
* * *
Анас разияллоҳу анҳунинг Расули Акрамдан қилган ривоятига кўра Аллоҳ таоло:
"Қўлларини Менга чўзиб дуо қилган қулимнинг қўлларини бўш қайтармакдан ҳаё қилгайман",— деди. Малаклар:
Эй, бизнинг Раббимиз! У ярлақамоққа лойиқ эмасдир,-— дедилар. Аллоҳ таоло:
Лекин Мен тақвога (жазо ва азобимдан қўрқишларига, иймон ва ибодат келтиришларига) ҳам, мағфиратга ҳам лойиқман. Сизни шоҳид қиламанки, Мен уни мағфират этдим!— деган жавобини берди.
(Ҳаким Термизий) "Наводирул-усул"да ривоят этган).
* * *
Муоз ибн Жабалдан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Энг яхши касб тижоратчиларнинг касби бўлиб, улар ёлғон гапирмайди, омонатга хиёнат қилишмайди, ваъдага вафо этишади, сотиб олсалар ёмонлашмайди, сотсалар қимматга сотишмайди, бировнинг ҳақини беришни чўзишмайди, ўзларининг ҳақларини олишда қийинлаштиришмайдилар” (Имом Ҳаким ат-Термизий ривояти).
* * *
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Улуғлик, улуғворлик, фахр меникидир. Тақдир менинг сиримдир. Ким мен билан шуларнинг бирида тортишса, уни дўзахга улоқтираман” (Ҳаким Термизий ривояти).
Саййид Муҳйиддин махдум мадрасаси
Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган “Умра+Зиёрат туризми” халқаро кўргазмасида Ўзбекистоннинг миллий экспозицияси намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Лутфи Кирдар конгресс-кўргазма марказида ташкил этилган нуфузли тадбирда 400 дан ортиқ хорижий компания ҳамда Туркия туризм соҳасининг қарийб 1,5 минг нафар вакили иштирок этди.
Умра туризми ташкилотлари уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг зиёрат туризми имкониятлари, муқаддас қадамжолари, бой тарихий-маданий мероси ва замонавий инфратузилмаси ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Экспозицияда Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва Тошкент шаҳарларининг туризм имкониятлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар, машҳур зиёратгоҳлар ҳамда сайёҳлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар кенг ёритилди.
Кўргазма доирасида миллий анъаналар, ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари, меҳмондўстлик маданияти ҳамда мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган тақдимотлар ҳам ўтказилди.
Туркия, Яқин Шарқ давлатлари ва бошқа мамлакатлардан келган туроператорлар, авиакомпаниялар, меҳмонхона бизнеси ва зиёрат туризми соҳаси вакиллари билан B2B форматида икки томонлама музокаралар ташкил этилди. Суҳбатлар давомида Ўзбекистонга зиёратчилар оқимини кўпайтириш, қўшма туристик маҳсулотларни шакллантириш ва ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг мазкур кўргазмадаги иштироки мамлакатимизнинг Марказий Осиёда зиёрат туризмининг етакчи йўналишларидан бири сифатидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати