بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
Муҳтарам жамоат! Кейинги вақтларда халқимиз орасида меросни бўлиш ва олишга доир масалаларда айрим тушунмовчиликлар содир бўлмоқда. Натижада меросхўрлар ўртасида, ака-ука, опа-сингил ва қавм-қариндошлар ўртасида турли оилавий низолар келиб чиқиши кузатилмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос илмини ўрганишга тарғиб қилиб шундай деганлар:
عن أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قالَ: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم " يا أبا هريرة! تعلموا الفرائض وعلموها فإنه نصف العلم، وهو ينسى، وهو أول شئ ينزع من أمتى".
رَوَاهُ ابْنُ ماجة، و أخرجه الحاكم في المستدرك
Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Ҳурайра!, меросни ўрганинглар ва ўргатинглар. Чунки у илмнинг ярмидир. У унутилади ва умматимдан энг аввал кўтариладиган нарса ҳам шудир”, дедилар”. (Ибн Можа ва Ҳокимлар ривоят қилишган).
Яна бир ҳадисда эса шундай дейилган:
عن أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قالَ: قالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "تَعَلّمُوا الفَرَائِضَ والقُرْآنَ وَعَلّمُوا النّاسَ فَإِنّي مَقْبُوضٌ". رواه الترمذي
Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фароизни (яъни, мерос илмини) ва Қуръонни ўрганинглар ва одамларга ҳам ўргатинглар. Чунки мен қабз қилинувчиман”, дедилар.(Имом Термизий ривоят қилган)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бу илмни ўрганишни Қуръони каримни ўрганиш билан ёнма-ён келтиришлари бежизга эмас. Чунки бу илм ҳалол ва ҳаромга, бировнинг ҳаққига алоқадор бўлган илмдир. Агар маййитдан қолган мол-дунё тўғри тақсим қилинмаса, кимдир бошқанинг мол-мулкини ноҳақдан ейиш ҳисобланади.
Шунинг учун бугунги жума суҳбатимизда мазкур масалани бироз мухтасарроқ қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ислом динида оиланинг жамиятдаги ўрнига юқори баҳо берилиб келади. Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида оила аъзоларининг ўзаро муомалалари билан бирга молиявий муносабатлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Албатта ўлим ҳақдир. Дунёда жон эгаси борки, ўлим шарбатини тотгувчидир. Қуръони каримда:
كُلُّ نَفْسٍ ذَآئِقَةُ الْمَوْتِ
Яъни, “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотгувчидир” (Оли Имрон сураси, 185-оят) дейилган.
Оят ва ҳадислардаги кўрсатмалар меросхўр бўлиб қолган қариндош-уруғларнинг ҳаётларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Фарзандлар, туғишган ака-ука, опа-сингил ва бошқа ворис қариндошлар ўртасида тотувлик, меҳр-оқибат давомли бўлиши учун вафот этган кишидан қолган мероснинг адолат билан тақсимланиши муҳим аҳамиятга эгадир.
Муҳтарам жамоат! Албатта, мерос адолатли тақсимланиши учун бандалар Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлардаги ҳукмлар ва ислом уламоларининг чиқарган фатволарини асос қилиб олишса ва ушбу ҳукмларга рози бўлиб амал қилишса, уларнинг ҳаётлари фаровон бўлишига шак-шубҳа йўқдир. Мероснинг шариат кўрсатмасига биноан тақсимланишининг фарзлиги Қуръон каримдаги мерос оятининг охирида қайд қилинган:
فَرِيضَةً مِّنَ اللّهِ
Яъни, “(Шунинг учун мерос тақсими) Аллоҳнинг (ўзи) томонидан (белгиланди ва) фарз қилиб қўйилди” (Нисо сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло ўзининг белгилаб қўйган шариат қонунлари асосида мерос тақсимотига рози бўлганларга остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларни ваъда қилган:
تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَرَسُولَهُ يُدْخِلْهُ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ
Яъни, “Ана шулар Аллоҳнинг ҳудуд (чегара)ларидир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоат этса, уни остида анҳорлар оқиб турадиган боғларга (жаннатга) киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир!” (Нисо;13).
Шариатда ҳар бир меросхўрга марҳумнинг қолдирган мол-мулкларидан муайян ҳисса ажратар экан, аёл-қизларга ҳам муносиб улуш ажратилган. Албатта исломдан аввал жоҳилият даврида аёл-қизларга меросдан улуш ажратилган эмас, улар доим ўз ота-оналари ва ака-укалари меросидан маҳрум қилинганлар. Аллоҳ таоло эса уларга улуш ажратилиши фарз амаллардан бири эканини Қуръони каримда баён қилиб берди:
وَلِلنِّسَاء نَصِيبٌ مِّمَّا تَرَكَ الْوَالِدَانِ وَالأَقْرَبُونَ مِمَّا قَلَّ مِنْهُ أَوْ كَثُرَ نَصِيباً مَّفْرُوضاً
Яъни, “Аёллар учун (ҳам) ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Бу озми-кўпми, фарз қилинган улушдир” (Нисо;7).
Бироқ, шариатда “битта эркакка икки аёлнинг ҳиссаси” миқдори белгиланган. Бу ушбу:
لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الأُنثَيَيْنِ
Яъни, “бир ўғил учун икки қиз улуши” ояти билан баён қилинди. Бу нарса Қуръони каримда бир неча марта эслатилган. Қиз фарзандларнинг ярим улуш олишлари ташқаридан қараганда адолатсиздек туюлса-да, лекин, барча нафақалар эркакларнинг зиммасида эканлиги, аёл киши шаръан барча нафақалардан озод қилинганини эътиборга олсак, бу нақадар ҳикматли тақсим экани маълум бўлади. Зотан Қуръони каримда:
وَلَيْسَ الذَّكَرُ كَالأُنثَى
Яъни, “Эркак аёл каби эмас!” (Оли Имрон;36), дейилган.
Эркаклар ҳамма вақт масъулиятни ўз бўйинларига олишга мажбурдирлар: ота-оналарига қарайдилар, оиласини тебратадилар, аёлларини ва қизларини боқадилар, опа-сингилларининг аҳволларидан хабардор бўлиб турадилар.
Муҳтарама азизлар! Минг афсуски, асрлар давомида буюк қадрият бўлиб келаётган ана шу анъана бугунга келиб бузила бошлади. Натижада ака-укалар ва опа-сингиллар ота-она вафотидан сўнг мерос талашиб элу юртга кулги бўла бошладилар, ўткинчи дунёда ана шу ҳеч кимга вафо қилмаган ёлғон дунёни деб уруш-жанжаллар гирдобида қолаётганларни, бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетганларни эшитиб қолмоқдамиз. Бунинг оқибатида динимизда фарз бўлган силаи-раҳм узилиб кетяпти. Силаи раҳмни узилишига ҳам мерос илмини билмаслик ва унга амал қилмаслик сабаб бўлмоқда. Силаи раҳмни узилишига катта ваийд ваъда қилинган:
Али ибн Ҳусайн раҳматуллоҳи алайҳ ўғлига насиҳат қилиб: Ҳеч қачон қариндошлик ришталарини узма! Мен Қуръони каримнинг уч жойида қариндошлик ришталарини узган кимсанинг лаънатланганини кўрдим деб, қуйидаги оятларни ўқидилар:
الَّذِينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ أُولَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ (سُورَةُ الْبَقَرَةِ:27
, Улар Аллоҳнинг аҳдини боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир. (Бақара сураси, 27-оят)
وَالَّذِينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ أُولَئِكَ لَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ (سُورَةُ الرَّعْدِ:25
Яъни, Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир. (Раъд сураси, 25-оят)
فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ * أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ (سُورَةُ مُحَمَّدٍ:22-23
Яъни, Агар (иймондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир. (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар)
Буларнинг барчаси Аллоҳ таоло адолатли белгилаб берган мерос тақсимотига амал қилмаслик ва шариатда фарз қилинган кўрсатмаларга юрмаслик оқибатидандир. Шу ўринда бир нарсага эътиборимизни қаратишимиз лозим бўлади; мерос нима ва уни қачон ва қай йўсинда тақсим қилинади? Шунингдек унинг шаръий ҳақдорлари аслида кимлардир?
Бугунги кунда баъзи ҳолатларда шунга гувоҳ бўламизки, ота-оналар тирик бўла туриб, фарзандлар ўзаро мерос талашиш дардига мубтало бўлишган. Бу нарсанинг ота-онага нисбатан қанчалик ҳурматсизлик ва ҳақорат эканини ўйлаб ҳам кўришмайди. Мол-дунё уларнинг кўзларини шунчалик кўр қилиб қўйганки, улар ота-оналари ёки бобо-бувиларига азият беришдан ҳам тап тортмайдиган бўлиб боришяпти. Лекин улар тез кунда ўзлари ҳам шу ҳолатга тушишларидан гўёки бехабардеклар.
Муҳтарам жамоат! Шариатимизда киши вафот этганидан кейин унинг қолдирган мол-дунёсига тўрт турлик ҳақ таъаллуқ топади;
Биринчи: Маййитни кафанлаш ва дафнга тайёргалик маййитнинг молидан исроф қилинмаган ва зиқналикка йўл қўйилмаган ҳолда сарфланади.
Иккинчи: Кафанлаш ва дафндан фориғ бўлганидан сўнг маййитнинг қолдирган молидан унинг қарзлари тўлиғича адо қилинади.
عَنْ أبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قال: قالَ رسولُ الله صلى الله عليه وسلم: نَفْسُ المُؤْمِنِ مُعَلّقَةٌ بِدَيْنِهِ حَتّى يُقْضَى عَنْهُ. )رواه الترمذي
Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг жони қарзи сабабли (улуғ мақомга етишишдан) то қарзи адо қилингунича ҳибс қилиб турилади”. (Имом Термизий ривоят қилган)
Учинчи: Маййитнинг тириклик чоғида қилган васиятлари агар шаръан жоиз васиятлар бўлса, улар маййит қолдирган молнинг учдан биридан адо қилинади. Меросдан улуши борларга эса васият қилинмайди. Чунки улар васият ололмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар:
عن أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهَلِيّ قالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم يقولُ في خُطْبَتِهِ عَامَ حَجّةِ الوَدَاعِ: إِنّ الله تَبَارَكَ وَتَعَالَى قد أَعْطَى لكُلّ ذِي حَقّ حَقّهُ فَلاَ وَصِيّةَ لِوَارِثٍ.
رواه الترمذي
Яъни, Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен видолашув ҳажи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбаларида: “Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди. Мерос олувчига васият қилиш йўқ”, деётганларини эшитдим. Имом Термизий ривоят қилган.
Шунинг учун меросхўр фақат Аллоҳ таоло бўлиб берган улушини олади.
Тўртинчи: Юқоридаги сарф харажатлардан ортиб қолган маййитнинг мол-дунёси Қуръони карим, суннат ва уммат ижмоъси билан тайин қилинган меросхўрлари ўртасида тақсим қилинади.
Мерос масаласи ўта муҳим масалалардан бўлгани учун Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бирор аҳкомни меросхўрларнинг ҳиссаларини баён қилгани каби батафсил баён қилмаган. (Нисо сураси, 11-12 ояти карима) Балки кўп ибодатларни Қуръони каримда ижмолан (умумий) зикр қилиб, унинг тафсилотини пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳавола қилиб қолдирган.
Бандаларнинг бир бирлари ўртасидаги ҳақлари ўта аҳамиятли бўлгани учун Аллоҳ таоло Ўз каломида ҳар бир ҳақ эгаси ва унинг қанча ҳисса олишини тўлиқ баён қилиб ўтган.
Шунинг учун мерос тақсим қилинмасдан олдин маййитнинг молидан хайри-эҳсон қилиб юбормаслик керак. Айниқса, маййитнинг балоғатга етмаган фарзандлари бўлса, бунга ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозимдир. Баъзан ота ёш оламдан ўтиб, ортидан етим фарзандлар қолдириб кетади. Ундан қолган мол-мулк унинг болалари то балоғатга етгунича авайлаб сақлаб турилиши лозим бўлади. Лекин кўпинча маййитнинг хотини ёки ота-онаси бу мол-мулкни шариат кўрсатмасига номувофиқ сарфлаб юборишади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантириб шундай деган:
إِنَّ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ أَمْوَالَ الْيَتَامَى ظُلْمًا إِنَّمَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ نَارًا وَسَيَصْلَوْنَ سَعِيرًا
(سورة النساء:10)
Яъни, Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар.
Агар биз барчамиз бу нозик масалада ҳам муқаддас динимизнинг кўрсатмаларига амал қилсак, нафақат ўзимизга, балки жамиятга ҳамда ўтганларимизга ҳам фойда келтирган бўламиз. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг тўғри йўлига бошласин, мархум ва мархумаларимизни мағфират этсин! Омин.
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси