Тарихда бир бой савдогар бўлган экан. Унинг бойлиги етти пуштига етар экан. Шунга қарамасдан у ўғлига гилам тўқиш ҳунарини ўргатибди. Бир куни бола дўстлари билан сайрга чиқибди. Пул ундириш илинжида пойлаб юрган қароқчилар уни ўғирлаб, олиб қочишибди. Шаҳар четидаги бир хароба уйга олиб бориб қамаб қўйишибди. Отасига хат юбориб ўғлининг эвазига катта пул сўрашибди. Лекин савдогар пулни беришга шошилмабди. Қароқчиларнинг тоқати тоқ бўлиб, болани ўлдирмоқчи бўлишганда бола уларга шундай дебди: "Мени ўлдирсангиз, ҳеч нарсасиз қоласиз. Агар айтганларимни қилсангиз, мендан фойда кўришингиз мумкин. Менга гилам тўқиш учун ип ва дастгоҳ олиб келинглар. Мен гилам тўқийман, сиз уни бозорга олиб чиқиб сотасиз ва яхшигина пул ишлаб оласиз".
Қароқчилар тез орада биринчи гиламни бозорга олиб чиқишибди. Бозор айланиб юрган савдогар ўғлининг тўқиган гиламини танибди ва бир киши орқали катта пулга сотиб олибди. Уйга келиб гиламни диққат билан текширибди. Ўғли гиламдаги нақшлар орасига ўзи турган жойнинг харитасини усталик билан жойлаштирган экан. Савдогар дўстларини олиб ўша жойга борибди ва ўғлини тутқунликдан халос этибди.
Ҳунар бойга ҳам, камбағалга ҳам бирдек керак экан. Агар бой бўлсангиз, эртаю кеч бойлигингизни сақлайсиз. Агар ҳунарманд бўлсангиз, ҳунарингиз сизни асрайди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ