frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Закотнинг ҳикмати

06.06.2017   16259   6 min.
Закотнинг ҳикмати

Қурони карим закотнинг фарзлигини Мадинада нозил қилинган суралар орқали очиқ-ойдин баён қилди. Жумладан, Бақара сурасида айтилади: “Намозни баркамол ўқингиз ва закотни берингиз...” (Бақара, 110-оят). Қуръони каримда кўплаб ана шундай намоз билан закотни бир-биридан ажратмасдан келган оятлар учрайди. Пайғамбар (с.а.в.) ҳам ўз ҳадислари орқали закотнинг фарзлигини ва унинг Ислом динидаги мавқеини белгилаб бердилар. Жаброил (а)ни дин аҳкомларини ўргатиш мақсадида келишликлари билан боғлиқ  машҳур ҳадис ва бошқаларда Исломни бешта рукн устига бино қилинганлиги баён этилди. Лекин булардан ташқари бир қатор ҳадислар борки, уларда Пайғамбар (а.с.) мазкур рукнларнинг баъзи-бирларини айтишлик билан чекланганлар. Бироқ намоз ва закот ҳар доим улар буюрган ишларнинг муқаддимасида зикр қилинаверган. Ана шулардан бири Пайғамбар (а.с.) Муоз ибн Жабални Яманга юборишлари ривоят қилинган ҳадисдир. Унда Пайғамбар (а.с.) жумладан бундай деганлар: “Сен аҳли китоблардан бўлган қавм ҳузурига борасан. Уларни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Мени Расулуллоҳ, деб гувоҳлик келтиришга чақирасан. Агар улар бу борада сенга итоат қилсалар, Аллоҳ таоло бир кеча-кундузда уларга беш вақт намоз ўқишни фарз қилганини ўргат. Агар улар сенга бунда ҳам итоат қилсалар, Аллоҳ таоло уларнинг зиммасига бойларидан олиб камбағалларига қайтариладиган садақа (закотни)ни фарз қилганини ўргат. Агар улар сенга бу борада ҳам итоат қилсалар, молларининг сарасини олишдан сақлан ҳамда мазлумнинг дуоси (қарғиши)дан эҳтиёт бўл. Чунки у (қарғиш) билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ йўқдир”. Бу ҳадисни тасдиқловчи оят ҳам Тавба сурасида келади: “агар улар (араб мушриклари бутларга сиғинишдан) тавба қилиб, намозни қоим қилсалар ва закотни берсалар, биродарларингиз диндадир”. (Тавба сураси). Кўриниб турибдики, закот Исломнинг энг асосий рукнларидан бири экан. Чунки ушбу оят ва юқоридаги ҳадисда диннинг энг аҳамиятли фарзларигина тилга олинди ва закот ибодати рўза ва ҳаж каби тушириб қолдирилмади. Албатта, бу гапимиздан рўза ва ҳажнинг Ислом рукнларидан эканлиги масаласига асло халал етмайди, чунки рўза ва ҳаж ибодатлари динга янги чақирилаётган кишиларга энг зарур бўлган нарсалар айтиб ўтилган ўринлардагина тушиб қолган холос.

Яна бир гуруҳ ҳадислар келадики, уларда Расулуллоҳ (с.а.в.) закот беришдан бош тортганларни охиратдаги қаттиқ азобдан огоҳлантирадилар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) айтади: “Кимники олтин ва кумушлари бўлиб, улар ҳаққини адо этмаса, қиёмат кунида олтин-кумушлари эритилиб, тунукалар этиб қуйилади. Сўнг уларни жаҳаннам ўтида қиздирилиб, миқдори эллик минг йилга тенг бўлган кунда эгасининг ёнбошига, пешонасига ва белига босилади. Бу ҳол Аллоҳ таоло барча инсонлар орасини тўла ҳукм қилиб бўлгунча давом этади. Қайси бир мол ва қўй эгаси борки, у моллари ҳаққини адо этмаса, қиёмат куни уни келтирилиб, ўз ҳайвонларинг туёқлари билан эздирилади ва шоҳлари ила суздирилади. Қачон охиргиси тугаганда, аввалгиси қайтарилади. Бу иш муддати эллик минг йилга тенг бўлган кунда Аллоҳ бандалар орасини ҳукм қилиб тугатгунга қадар давом этади. Сўнг уни жаннатга ёки дўзахга олиб борадиган ўз йўлига солиб қўйилади”. Мазкур ҳадисдан закотни бермасликнинг жазоси оғир бўлишлиги билан бирга, закотни Ислом динидаги адо этилиши зарур бўлган энг асосий фарзлардан эканлиги келиб чиқмоқда.

Бошқа ҳадисларда закот бермаслик баъзи дунёвий уқубатларга сабабчи бўлиши мумкинлиги кўрсатилади. Пайғамбар (с.а.в.) айтади: “Қайси бир қавм закотни бермас экан, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади”. Яна бир ҳадисларида: “Қачон садақа (закот) молга аралашса, албатта, уни бузади”, деган бўлсалар, бошқасида: “Мол қуруқликдами ёки денгиздами фақат закот бермаслик сабабидангина ҳалок бўлади”, деб айтганлар. Демак, Аллоҳнинг ҳаққи борасидаги бахиллик баъзи бир дунёвий офат-балоларнинг ҳам сабабчиси бўлиши мумкин экан.

Хуллас, закот Мадина даврига келиб Исломнинг энг асосий рукнларидан бирига айланди. Унинг шартлари, нисоби, бериладиган ўринлари, вақти ва бошқа томонлари тартибга солинди. Закотда ҳар икки томоннинг, яъни, мол эгаларининг ҳам камбағалларнинг ҳам манфаатлари ҳисобга олинди. Молни ишлаб топишдаги машаққатга қараб чиқариладиган молнинг миқдори белгиланди. Агар молга ҳеч қандай машаққатсиз эришилса (хазина топиш), уни 1/5 ни, бир оз меҳнат қилиб топилса (лалмикор ерда деҳқончилик), 1/10 ни, харажатлар орқали суғориладиган ерга экин экса, 1/20 ни ва яна ҳам кўпроқ меҳнат-машаққат билан топса (тижорат моллари), 1/40 ни закот сифатида чиқариш белгиланган.

Чорва моллари закотида ҳам шундай, яъни, агар мол ва қўйлар йилнинг ярмидан кўпроқ қисмида яйловда ўтлаб юрса, белгиланган тарзда улардан закот берилади. Лекин йилнинг асосий қисмида пуллик ем-ҳашак билан боқилса ва улар тижорат учун бўлмаса, закот берилмаслиги тайинланди. Шунингдек, закот йиғувчи мол эгасига зулм қилиб ҳайвонларнинг энг сараларини олиши мумкин эмас.

Камбағаллар ҳолатини эътиборга олингани эса қуйидагиларда кўринади. Эҳтиёжга қараб икки ёки ундан кўп  йиллик закотни олдиндан олиб камбағалларга сарфлаш мумкин. Шунингдек, битта нисоб мавжуд бўлса, бир неча нисоб учун закот олиш ҳам мумкин. Бундан ташқари закот молларини камбағалларга зарур бўлган бошқа молларга (ўз қийматида) алмаштириб бериш ҳам мумкин. Яна бошқа бир қатор жиҳатлар ҳам мавжуд бўлиб, улардан маълум бўладики, закот ибодатида муҳтожлар аҳволи ҳеч қачон назардан четда бўлмаган.

Энди мана шунчалик қулайлик билан фарз қилинган ибодатдан ким бош тортса, дунё ва охиратда азобга дучор қилиниши ҳам адолатдандир. 

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

 Саййид Жамол

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тўрткўлда ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари бўлиб ўтди

07.08.2026   26186   1 min.
Тўрткўлда ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари бўлиб ўтди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигидаги “Эзгулик ва маърифат тарғиботчилари” ташаббуси доирасида Тўрткўл туманида амалий тадбир бўлиб ўтди. Жараёнларни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин Разов бошқариб борди.
 

Тумандаги “Мулла Жумабой” жоме масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда қозиёт масъуллари, бош имом-хатиблар, ҳожилар ва маҳалла раислари жам бўлди.


Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан июль ойининг “Ободонлаштириш ва меҳр-саховат ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, имом-хатиблар ва масжид қавми бошчилигида кўчалар, масжид атрофлари тозаланди. Шунингдек, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳовли-жойларида ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишлари олиб борилди.


Ишчи гуруҳ аъзолари Тўрткўл туманидаги 10 та масжид ва 20 та маҳаллага бириктирилиб, қуйидаги хайрли амаллар бажарилди:

  • Ҳожиларни жалб этган ҳолда маҳаллалардаги муаммоли оилалар ҳолидан хабар олинди;

  • Ҳомийлар кўмагида 120 та эҳтиёжманд хонадонга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди;

  • Кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларига янги ўқув йили учун мактаб формалари тарқатилди;

  • Имом-хатибларнинг фаолияти ўрганилиб, масжид бошқаруви ва маърифий ишларни янада ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар берилди.


Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ҳудудда диний-маърифий муҳитни соғломлаштириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати

Тўрткўлда ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари бўлиб ўтди Тўрткўлда ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари бўлиб ўтди Тўрткўлда ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари