Қурони карим закотнинг фарзлигини Мадинада нозил қилинган суралар орқали очиқ-ойдин баён қилди. Жумладан, Бақара сурасида айтилади: “Намозни баркамол ўқингиз ва закотни берингиз...” (Бақара, 110-оят). Қуръони каримда кўплаб ана шундай намоз билан закотни бир-биридан ажратмасдан келган оятлар учрайди. Пайғамбар (с.а.в.) ҳам ўз ҳадислари орқали закотнинг фарзлигини ва унинг Ислом динидаги мавқеини белгилаб бердилар. Жаброил (а)ни дин аҳкомларини ўргатиш мақсадида келишликлари билан боғлиқ машҳур ҳадис ва бошқаларда Исломни бешта рукн устига бино қилинганлиги баён этилди. Лекин булардан ташқари бир қатор ҳадислар борки, уларда Пайғамбар (а.с.) мазкур рукнларнинг баъзи-бирларини айтишлик билан чекланганлар. Бироқ намоз ва закот ҳар доим улар буюрган ишларнинг муқаддимасида зикр қилинаверган. Ана шулардан бири Пайғамбар (а.с.) Муоз ибн Жабални Яманга юборишлари ривоят қилинган ҳадисдир. Унда Пайғамбар (а.с.) жумладан бундай деганлар: “Сен аҳли китоблардан бўлган қавм ҳузурига борасан. Уларни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Мени Расулуллоҳ, деб гувоҳлик келтиришга чақирасан. Агар улар бу борада сенга итоат қилсалар, Аллоҳ таоло бир кеча-кундузда уларга беш вақт намоз ўқишни фарз қилганини ўргат. Агар улар сенга бунда ҳам итоат қилсалар, Аллоҳ таоло уларнинг зиммасига бойларидан олиб камбағалларига қайтариладиган садақа (закотни)ни фарз қилганини ўргат. Агар улар сенга бу борада ҳам итоат қилсалар, молларининг сарасини олишдан сақлан ҳамда мазлумнинг дуоси (қарғиши)дан эҳтиёт бўл. Чунки у (қарғиш) билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ йўқдир”. Бу ҳадисни тасдиқловчи оят ҳам Тавба сурасида келади: “агар улар (араб мушриклари бутларга сиғинишдан) тавба қилиб, намозни қоим қилсалар ва закотни берсалар, биродарларингиз диндадир”. (Тавба сураси). Кўриниб турибдики, закот Исломнинг энг асосий рукнларидан бири экан. Чунки ушбу оят ва юқоридаги ҳадисда диннинг энг аҳамиятли фарзларигина тилга олинди ва закот ибодати рўза ва ҳаж каби тушириб қолдирилмади. Албатта, бу гапимиздан рўза ва ҳажнинг Ислом рукнларидан эканлиги масаласига асло халал етмайди, чунки рўза ва ҳаж ибодатлари динга янги чақирилаётган кишиларга энг зарур бўлган нарсалар айтиб ўтилган ўринлардагина тушиб қолган холос.
Яна бир гуруҳ ҳадислар келадики, уларда Расулуллоҳ (с.а.в.) закот беришдан бош тортганларни охиратдаги қаттиқ азобдан огоҳлантирадилар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) айтади: “Кимники олтин ва кумушлари бўлиб, улар ҳаққини адо этмаса, қиёмат кунида олтин-кумушлари эритилиб, тунукалар этиб қуйилади. Сўнг уларни жаҳаннам ўтида қиздирилиб, миқдори эллик минг йилга тенг бўлган кунда эгасининг ёнбошига, пешонасига ва белига босилади. Бу ҳол Аллоҳ таоло барча инсонлар орасини тўла ҳукм қилиб бўлгунча давом этади. Қайси бир мол ва қўй эгаси борки, у моллари ҳаққини адо этмаса, қиёмат куни уни келтирилиб, ўз ҳайвонларинг туёқлари билан эздирилади ва шоҳлари ила суздирилади. Қачон охиргиси тугаганда, аввалгиси қайтарилади. Бу иш муддати эллик минг йилга тенг бўлган кунда Аллоҳ бандалар орасини ҳукм қилиб тугатгунга қадар давом этади. Сўнг уни жаннатга ёки дўзахга олиб борадиган ўз йўлига солиб қўйилади”. Мазкур ҳадисдан закотни бермасликнинг жазоси оғир бўлишлиги билан бирга, закотни Ислом динидаги адо этилиши зарур бўлган энг асосий фарзлардан эканлиги келиб чиқмоқда.
Бошқа ҳадисларда закот бермаслик баъзи дунёвий уқубатларга сабабчи бўлиши мумкинлиги кўрсатилади. Пайғамбар (с.а.в.) айтади: “Қайси бир қавм закотни бермас экан, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади”. Яна бир ҳадисларида: “Қачон садақа (закот) молга аралашса, албатта, уни бузади”, деган бўлсалар, бошқасида: “Мол қуруқликдами ёки денгиздами фақат закот бермаслик сабабидангина ҳалок бўлади”, деб айтганлар. Демак, Аллоҳнинг ҳаққи борасидаги бахиллик баъзи бир дунёвий офат-балоларнинг ҳам сабабчиси бўлиши мумкин экан.
Хуллас, закот Мадина даврига келиб Исломнинг энг асосий рукнларидан бирига айланди. Унинг шартлари, нисоби, бериладиган ўринлари, вақти ва бошқа томонлари тартибга солинди. Закотда ҳар икки томоннинг, яъни, мол эгаларининг ҳам камбағалларнинг ҳам манфаатлари ҳисобга олинди. Молни ишлаб топишдаги машаққатга қараб чиқариладиган молнинг миқдори белгиланди. Агар молга ҳеч қандай машаққатсиз эришилса (хазина топиш), уни 1/5 ни, бир оз меҳнат қилиб топилса (лалмикор ерда деҳқончилик), 1/10 ни, харажатлар орқали суғориладиган ерга экин экса, 1/20 ни ва яна ҳам кўпроқ меҳнат-машаққат билан топса (тижорат моллари), 1/40 ни закот сифатида чиқариш белгиланган.
Чорва моллари закотида ҳам шундай, яъни, агар мол ва қўйлар йилнинг ярмидан кўпроқ қисмида яйловда ўтлаб юрса, белгиланган тарзда улардан закот берилади. Лекин йилнинг асосий қисмида пуллик ем-ҳашак билан боқилса ва улар тижорат учун бўлмаса, закот берилмаслиги тайинланди. Шунингдек, закот йиғувчи мол эгасига зулм қилиб ҳайвонларнинг энг сараларини олиши мумкин эмас.
Камбағаллар ҳолатини эътиборга олингани эса қуйидагиларда кўринади. Эҳтиёжга қараб икки ёки ундан кўп йиллик закотни олдиндан олиб камбағалларга сарфлаш мумкин. Шунингдек, битта нисоб мавжуд бўлса, бир неча нисоб учун закот олиш ҳам мумкин. Бундан ташқари закот молларини камбағалларга зарур бўлган бошқа молларга (ўз қийматида) алмаштириб бериш ҳам мумкин. Яна бошқа бир қатор жиҳатлар ҳам мавжуд бўлиб, улардан маълум бўладики, закот ибодатида муҳтожлар аҳволи ҳеч қачон назардан четда бўлмаган.
Энди мана шунчалик қулайлик билан фарз қилинган ибодатдан ким бош тортса, дунё ва охиратда азобга дучор қилиниши ҳам адолатдандир.
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
Саййид Жамол
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ