Қадим замонда бир ойна солувчи бўлган экан. Бир куни у ўз фойдасини кўзлаб бир девонага дебди: "Агар бориб одамларнинг ойналарини синдирсанг, менга ёрдам берган бўлар эдинг, кейин менинг ишим юришар эди". Девона унинг гапига кириб, ойна солувчининг уйига югуриб бориб, ҳамма ойналарини битта қўймай синдирибди. Кечқурун уйига келган ойна солувчи буни кўриб ғазабланибди ва девонани уриша бошлабди.
– Нега мендан жаҳлинг чиқади, ахир ойналарни синдир, деб ўзинг айтинг-ку?! - дебди девона.
– Мен сенга бошқаларнинг уйидаги ойналарни синдир, шунда менинг ишим кўпаяди, дедим.
– Агар бошқаларнинг ойнасини синдирсам, улар бошқа ойна солувчини чақиришлари мумкин эди. Сеникини синдирсам, сен ҳеч кимни чақирмайсан ва ўзингнинг ишинг кўпаяди, - дебди девона.
Билгинки, бошқаларга зиён етказиш эвазига тирикчилик қилишнинг оқибати мана шундай бўлади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сенга етган бўлсада ҳалокатлар зарари,
Хабар бермиш у сенга келажак неъматлари.
Бир йигит қамалди. У ёлғиз фарзанд бўлиб, онасининг у йигитдан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Онанинг кўзидан уйқуси қочди, уни ғам-ташвиш чулғаб олди. Йиғлайвериб ёшлари қуриб қолди. У шундай ҳолдалигида Аллоҳ таоло унинг қалбига: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллааҳ” (Куч-қувват фақат олий, буюк Аллоҳдандир) калимасини солиб қўйди.
Она жаннат ҳазиналаридан бўлмиш бу калимани қайта-қайта такрор қила бошлади. Ўғлининг чиқишидан умидини узган кунларининг бирида кимдир эшикни қоқиб қолди. Эшикни очиб, онанинг кўнгли ёришиб, хурсанд бўлиб кетди, Чунки унинг қаршисида севимли ўғли турар эди.
Бу Роббисига боғланган, Унга кўп дуо қилган ва ишини У зотнинг ўзига топширган банданинг мукофотидир. Шундай экан, сиз ушбу калимани лозим тутинг. Чунки бу улуғ калимадир. Унда бахт-саодат сири бор. У калимани кўпроқ айтинг, у билан ғам парчаларини қувинг ва Аллоҳдан тез орада келадиган хушхабарни кутинг.
Ҳеч қачон сиздан умид ришталари узилиб қолмасин, ҳеч қачон тушкунликка тушманг. Шуни билингки, ҳар қандай қийинчилик ортидан енгиллик келади, ҳар қандай қийинчилик ортида бир енгиллик бўлади, бу нарса доимий такрорланиб турадиган дунё қонунидир. Шундай экан, Аллоҳга чиройли гумон қилинг, Унга таваккул қилинг ва Ундан яхши нарсаларни сўранг, умид қилинг.
Шуъла: Қийинчилик ва ғамларингизни бошқалар билан гаплашадиган мавзу қилиб олманг. Чунки бу нарса сиз билан саодат ўртасида тўсиқ пайдо қилади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан