Қадим замонда бир ойна солувчи бўлган экан. Бир куни у ўз фойдасини кўзлаб бир девонага дебди: "Агар бориб одамларнинг ойналарини синдирсанг, менга ёрдам берган бўлар эдинг, кейин менинг ишим юришар эди". Девона унинг гапига кириб, ойна солувчининг уйига югуриб бориб, ҳамма ойналарини битта қўймай синдирибди. Кечқурун уйига келган ойна солувчи буни кўриб ғазабланибди ва девонани уриша бошлабди.
– Нега мендан жаҳлинг чиқади, ахир ойналарни синдир, деб ўзинг айтинг-ку?! - дебди девона.
– Мен сенга бошқаларнинг уйидаги ойналарни синдир, шунда менинг ишим кўпаяди, дедим.
– Агар бошқаларнинг ойнасини синдирсам, улар бошқа ойна солувчини чақиришлари мумкин эди. Сеникини синдирсам, сен ҳеч кимни чақирмайсан ва ўзингнинг ишинг кўпаяди, - дебди девона.
Билгинки, бошқаларга зиён етказиш эвазига тирикчилик қилишнинг оқибати мана шундай бўлади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан бевосита мулоқоти фуқароларнинг диний-ижтимоий масалаларини ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, 6 май куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов томонидан ўтказилган навбатдаги қабул доирасида имом-хатиблар фаолияти, масжидлар ҳолати, оилавий муносабатлар ва моддий ёрдам сўровлари атрофлича кўриб чиқилди.
Мурожаатчиларнинг ҳар бирига шаръий масалалар юзасидан зарур тавсиялар берилиб, ижтимоий масалалар бўйича амалий кўмак кўрсатилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай очиқ мулоқот тизими юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-домлалар фуқароларни қабул қилиб, уларнинг арз ва таклифларини тинглаб келмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати