Фарзанд энг гўзал ва улуғ неъмат. Шу боис ҳам фарзанд дунёга келганидан кейин ота-онанинг зиммасига бир қатор улуғвор ва шарафли вазифалар юкланади. Улар қуйидагилардан иборат:
عن أبي الدرداء رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: إنكم تُدْعَوْن يوم القيامة بأسمائكم و أسماءِ آباءكم، فأَحْسِنُوا أَسْماءَكمْ
رواه أبو داود
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исми билан чақириласизлар. Бас, имсларингизни гўзал қилинг”, дедилар. Абу Довуд ривояти.
Демак, исмнинг чиройли бўлиши нафақат бу дунёда, балки Қиёмат куни ҳам керак бўлар экан. Исм қўйганда ҳам шундай исм қўйиш керакки, унинг ўзи ҳам, маъноси ҳам чиройли бўлсин, чақирилганида хурсанд бўлсин, хижолат бўлиб, уялмасин.
Ушбу масъулиятни ҳис этган кўплаб саҳобалар туғилган фарзандларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб бориб, чиройли исм қўйдирар, фарзандлари ҳаққига барака сўраб, дуо олар эдилар.
Фарзанд дунёга келганида уни ювинтириб, боланинг бадани ва сочига ёпишиб тушган қон, соч ва шунга ўхшаш турли азият ва нопокликлардан тозалашдир.
عن سَلمانَ بنِ العامِر الصَّبِّيِّ رضي الله عنه: عن النبيّ صلي الله عليه و سلم قال:... و أَمِيْطُوا عنه الأَذَي
رواه البخاري
Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “... ва ушбу (туғилган) боладан азиятни кетказинг”, деб, бола туғилганидан сўнг уни ювинтиришга чорлаганлар. Имом Бухорий ривояти.
Баъзилар турли ирим-сиримларга берилиб, болани қирқ кунга қадар ювинтирмай, сочини олмай, унга азоб бериб юришади. Бу тўғри йўл эмас, албатта.
Бола ўз вақтида ювинтирилиб, қанча тоза парвариш қилинса, унинг ривожланиши ҳам шунча яхши бўлади. Одатда айрим чақалоқларнинг инжиқлиги, кўп йиғлашига уларнинг ювинтирилмаслиги ҳам сабаб бўлади.
Фарзанд дунёга келганида ота-онанинг ушбу фарзанд олдидаги вазифаларидан яна бири унинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтишдир.
Ушбу вазифани бажаришда боланинг илк эшитадиган сўзлари мазкур улуғ мадҳия сўзлари бўлсин, умри давомида фақатгина яхши овоз ва сўзларни эшитиб юрсин, деган яхши ниятлар бор. Бундан ташқари азон айтилган жойда барака бўлиши, шайтон қувғин бўлиши барчага аён.
عن حُسَيْنٍ رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: مَنْ وُلِدَ له ولدٌ أَذَّنَ في أُذُنِه اليُمْني، و أقام في أُذُنِه اليُسْرَي لَمْ تَضُرُّهُ أُمُّ الصِّبْيَانِ
رواه أبو يَعْلَي
Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмайди”, дедилар. Абу Яъло ривояти.
“Умму Сибён” болаларга зиён етказадиган жин тоифаси. Унинг қиладиган иши гўдакларга зиён етказишдан иборат. Азон ва такбир болага унинг зараридан қалқон бўла олади.
Боланинг танглайини кўтариш ёши улуғ ва тақволи инсон бирор бир пок ва ширин нарсани олдин ўзи чайнаб туриб, унинг маълум бир қисмини боланинг оғзига солиб, танглайига текизиб қўйишдир.
عن عائشةَ رضي الله عنها قالت: كان رسول الله صلي الله عليه و سلم يُؤتَي بالصِّيبيانِ، فَيُحَنِّكُهم و يُبارِكُ عليهم
رواه أحمد
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳузурларига) янги туғилган гўдаклар келтирилар эди. У Зот уларнинг танглайини кўтарар ва уларга барака тилаб дуо қилар эди”. Аҳмад ривояти.
Ушбу вазифада ҳам бир қанча ҳикмат ва яхши ниятлар бор: Дунёга янги келган боланинг оғзига биринчи бор кирган ва танглайига теккан емиши ширин ва пок нарса бўлсин, шунингдек, бутун умр ширин ва пок насибалар билан ризқлансин. Яхшилар қўлидан таом егандек, бутун умр яхшилар билан таомлансин ва улар каби тақволи, пок инсон бўлсин.
Мазкур тўртта вазифани фарзанд дунёга келганидан кейин тез фурсатда амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.
Фарзанднинг дунёга келиши улкан бир мўъжиза, Яратганнинг ота-она бўлмишга катта инъоми ва туҳфаси ҳисобланади. Ота-она бунинг учун тили воситасида қалби билан шукр қилиши билан бир қаторда буни амалда ҳам ифода этиши Пайғамбаримиздан биз оталарга суннат бўлиб қолди. Бу амалий шукрнинг номи “ақиқа” маросимидир.
“Ақиқа” сўзи луғатда “ёрмоқ” маъносини англатиб, янги туғилган боланинг бошидаги сочига нисбатан ишлатилади. Шариатда эса Аллоҳ таолога шукрона тарзда фарзанд номидан сўйиладиган жонлиқ тушунилади. Ушбу маросим боланинг сочи олинадиган куни амалга оширилгани учун “ақиқа” деб номланган.
Шариат таълимотига кўра фарзанд таваллудининг еттинчи куни ушбу маросим ўтказилади ва шу кунда боланинг сочи олиниб, соч оғирлигича кумуш ёки унинг миқдори садақа қилиб юборилади.
عن سَمُرَةَ رضي الله عنه: عن النبيّ صلي الله عليه و سلم قال: كلُّ غُلامٍ رَهِينَةٌ بعقيقته، تُذْبَحُ عنه يومَ سابعِه، و يَحْلَقُ
رواه البخاري و مسلم
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир бола ақиқаси (унинг номидан сўйиладиган қўй эвазига) гаровланган. (Ушбу қўй) боланинг номидан (таваллудининг) еттинчи куни сўйилади ва (шу куни боланинг) сочи олинади...”, дедилар. Бухорий ва Муслим ривояти.
Демак, фарзанднинг яхши униб ўсиши, бахтли ва саодатли бўлиши унинг ақиқасига ҳам боғлиқ экан. Имом Аҳмад ва Ато Хуросонийлар шундай дейди: “Агар фарзанд вояга етмасдан вафот этса, унинг ота-онасига шафоатчи бўлиши ақиқасига боғлиқ. Агар унга ақиқа қилинган бўлса, у жаннатнинг эркатойларидан бўлади ва: “Жаннатга олдин ота-онам кирмаса, мен кирмайман”, деб туриб олади. Шу тарзда ота-онасининг жаннатга киришига сабаб бўлади”.
Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, ақиқа бола таваллудининг еттинчи куни амалга оширилади. Бу энг муносиб вақт. Агар ушбу кунда имкони бўлмаса, ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни ҳам амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида Пайғамбаримизнинг кўрсатмалари бор. Бунда ҳам имкони бўлмаса, имкон топилганида қилинади.
Ақиқа учун сўйиладиган қўй ўғил фарзандга ҳам, қиз фарзандга ҳам битта бўлади. Агар фарзанд ўғил бола бўлиб, отанинг имкони бўлса, бир-бирига ўхшаш иккита қўй сўйилади.
عن إبن عباس رضي الله عنه: أنّ النبيّ صلي الله عليه و سلم: عَقَّ عن الحسن و الحسين رضي الله عنهما كَبْشًا كَبْشًا
رواه البخاري
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга биттадан қўчқор сўйиб, ақиқа қилдилар”. Имом Бухорий ривояти.
Пайғамбаримизнинг неваралари – Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг ораларида ўн бир ой фарқ бўлган. Ушбу ҳадиси шариф имкон бўлмаса, ўғил болага иккита қўй сўйиш шарт эмаслиги, биттаси ҳам кифоя эканлигига далолат қилади. Имкони бор кишилар ўғил болага бир-бирига ўхшаш иккита қўй сўйиши мумкинлиги ҳақида Пайғамбаримизнинг кўрсатмалари бор.
Бундан кейинги навбатда ҳар бир ота-онани ушбу фарзандларининг нафақа ва тарбиясидек энг шарфли вазафалар кутиб туради. Ушбу вазифаларни маромида адо этишда ҳар бир ота-онага Аллоҳ таолонинг ўзи чинакам масъулият, ирода, жасорат ва куч-қудрат насиб қилиб, фарзандларимизни кўз қувончимизга айлантирсин!
Масжидлар бўлими мутахассиси М.Камолов
Ота-онангиз ҳаққига дуо қилинг.
“Эй, Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этгач амаллари тўхтайди. Фақат унга уч нарсадан савоб етиб туради: садақаи жория, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).
Суфёни Саврий айтади: “Маййитлар дуога тириклар таом, ичимликка муҳтож бўлганларидан ҳам кўра муҳтожроқдирлар”.
Ота-онангиз қабрини зиёрат қилинг.
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи қабрни зиёрат қилувчи Қуръони каримни тиловат қилгандан сўнг ушбу дуони ўқиши лозимлигини таъкидлайди: “Аллоҳумма авсил саваба ма қараътуҳу ила “фулан” (Аллоҳим, ушбу ўқиган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни (маййитнинг исми зикр этилади) ...га етказгин).
Ибн Ҳожар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ: “Маййитнинг ҳаққига Қуръони каримдан тиловат қилиб, унинг савобини бағишлаш билан бирга, маййит ҳақига Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини ҳам сўраб дуо қилиш қабрларни зиёрат этишдан кўзланган асосий мақсаддир”, деган.
Ота-онангиз ҳаққига истиғфор айтинг.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Маййитнинг вафотидан кейин даражаси кўтарилди. Шунда у: “Ё Роббим! Бу нима?” деди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилди.
Муҳаммад ибн Сиррийн айтадилар: “Кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни: “Аллоҳим! Онамни ва мени ҳамда онамга ва менга истиғфор айтганларни мағфират қилгин” деяётганини кўрдик. Шундан бери Абу Ҳурайранинг дуосидан умидвор бўлиб, унга ва онасига мағфират сўрайдиган бўлдик”.
Ота-онангиз номидан садақа қилинг.
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга савоби етадими?” деб сўради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, дедилар (Имом Бухорий, Имрм Муслим, Имом Насоий ривояти).
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ онам вафот этди. Онамнинг номидан бирор нарса садақа қилсам бўладими? Қайси садақа афзал?” деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга сув улашиш”, дедилар. (Имом Насоий ривояти).
Ота-онангиз дўстлари ва яқинларини ҳурмат қилинг.
Абу Усайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: “Ё Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтгандан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. “Ҳа! Тўрт хислат қолди: Уларга дуо қилиш. Уларга истиғфор айтиш. Уларнинг аҳдига вафо қилиш. Уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш”, дедилар».
Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамиз тириклик вақтида уларга яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишга тавфиқ ато этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам ихлос билан адо этишга муяссар қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД