Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:02
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2025, ,

Жума кунининг 6 сири

24.01.2017   26059   3 min.
Жума кунининг 6 сири

Жума – ҳар бир дақиқаси Аллоҳнинг марҳаматига тўла бўлган кундир. Баъзан биз бу кунни бошқа кунлар сингари оддийгина ўтказамиз, эътиборсизлик қилиб қанчадан-қанча савоблардан бебаҳра қолаётганимизни англамаймиз. Бинобарин, жума куни:

  1. Дуолар ижобат бўлади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жума куни дуоларнинг ижобат бўлиши ҳақида: “Бу кунда шундай фурсат борки, мусулмон банда намоз ўқиш учун шу вақтга дуч келади ва Аллоҳдан нимани сўраса, истаганини шубҳасиз беради”, дедилар (Бухорий, Муслим). 

  1. Салавотлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўрсатилади.

 Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар учун энг хайрли кун – жума кунидир. Шундай экан бу куни менга кўп салавотлар айтинглар, чунки бу кунги салавотлар менга кўрсатилади”, деб айтганлар (Абу Довуд).   

  1. Қадамлар остидан нурлар чиқади.

  Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким «Каҳф» сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади”, деганлар.

  1. Масжид сари ташланган ҳар бир қадам нафл рўза ва ибодат қилганга тенгалштирилади.

Авс ибн Авс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки жума куни ғусл қилиб,  масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжидга сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намознинг ажри берилади”, дедилар. 

  1. Гуноҳлар мағфират этилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан  хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса ва имом маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса у киши уйга ўтган жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бўлган ҳолда қайтади”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда эса, “Кимки жума намозидан сўнг, оёғини алмаштирмасдан туриб қуйидаги сураларни 7 мартадан ўқиса: Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини, Аллоҳ субҳанаҳу ва Таоло унинг аввалги ва охирги гуноҳларини кечиради ва уни мукофотлайди, деганлар.

  1. Масжидга барвақт борган туя қурбонлик қилган ажрига ноил бўлади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жума куни ғусл қилиб, масжидга эрта борса, битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, худди битта сигир сўйгандек, ким учинчи вақтда борса, худди битта шохдор қўчқор сўйгандек, ким тўртинчи вақтда борса, худди битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, худди бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар хутбани эшитишга ҳозир бўладилар”, дедилар (Абу Довуд, Ибн Можа).

Ушбу ҳадислар жума кунининг фазилати ва савоби ҳақида бир эслатмадир. Барчамиз бу куннинг улуғ фазилатларидан тўлиқ баҳраманд бўлайлик.

М. Зуфарова

тайёрлади

Бошқа мақолалар

Ғафлатда қолманг! ФАЗИЛАТЛИ РАЖАБ ОЙИ

04.02.2022   12767   2 min.
Ғафлатда қолманг! ФАЗИЛАТЛИ РАЖАБ ОЙИ

“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.

Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.

Ражаб ойида қандай тарихий воқеалар юз берган?
– Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;
– Машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.

Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).

?Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.

?– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!

Даврон НУРМУҲАММАД