Рамазон ойи бошидан буён саховатпеша инсонлардан "Вақф" фондига 772 миллион сўмдан ошиқ хайрия келиб тушган
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифинг (https://www.facebook.com/aoka.uz/videos/1693821061068839)да Фонд раҳбари вазифасини бажарувчи Зиёвуддин Мирсодиқов маълум қилди:
Ўтган ҳафта давомида:
Республикамиз бўйлаб 312 та оилага 58 150 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари;
моддий кўмакка муҳтож 37 нафар фуқарога 66 600 000 сўм пул маблағлари хайрия қилинган бўлса, 700 дан ортиқ ҳамюртларимиз учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.
Рамазон ойининг иккинчи ҳафтаси давомида фонд томонидан аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатлами ва диний таълим муассасалари устоз ва талабалари учун 111 миллион 720 минг сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди.
Ўтган ҳафта давомида фонднинг Сурхондарё вилояти филиали ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда вилоятдаги бошпанасиз, ночор оилага 5 хонали уй қуриб битказилиб, тўлиқ жиҳозланган ҳолда хайрия қилинди.
Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.
Бугунги куннинг энг қувончли хабари шуки, диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг жонкуяр меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Уларнинг ҳақ йўлдаги саъй-ҳаракатлари, маърифат тарқатишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак орден билан муносиб тақдирланди. Бу нафақат уларнинг шахсий ютуқлари, балки бутун диний-маърифий жамоамиз учун катта шараф ва чексиз қувончдир!!
"Имом Бухорий" ордени:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур;
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев;
Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бутун жамоаси, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган азиз уламоларимиз ва фидоий ходимларимизни чин қалбдан, самимий муборакбод этади!
Сизларга Аллоҳ таолодан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий ҳаётингизга файзу барака, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Келгуси хайрли фаолиятларингизда янада улкан зафарлар, эзгу мақсадларингизга эришишда доимий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!
Ҳамиша элу юртнинг дуосида бўлиб, динимизга, Ватанимизга хизмат қилиш шарафи бардавом бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати