Кунлардан бир куни бир подшоҳ касал бўлиб қолибди. Уни даволаш учун бутун дунёдан табибларни чақиришибди, лекин ҳеч бири подшоҳни даволай олмабди. Шунда улар маслаҳат қилиб бир қарорга келишибди. Агар бахтли одамни топиб, унинг кўйлаги подшоҳга кийдирилса, у тузалади. Бахтли одамни топиш учун дунёнинг ҳамма томонига чопарлар жўнатилибди. Лекин ҳеч ким "Мен бахтлиман", деган одамни топа олмабди. Кимдир бой, лекин касал, яна кимдир соғ, аммо камбағал, бошқаси бой, соғ, бироқ оиласи нотинч – хуллас, ҳамма нимадандир нолир эди.
Бир куни тунда подшоҳнинг ўғли шаҳар кўчаларини айланиб юрса, бир ҳовлидан кимнингдир гапини эшитиб қолибди. У: "Яхши ишладим, пулимни олдим, қорним тўйди, энди маза қилиб ухлайман. Мендан бахтли одам йўқ", дебди. Подшоҳнинг ўғли севиниб кетиб, тезда хизматкорларини жўнатибди. Катта пул эвазига ўша одамнинг кўйлагини олиб келишни тайинлабди. Хизматкорлар ҳовлига кириб шаҳзоданинг буйруғини бажармоқчи бўлишибди, лекин қарашса, ҳалиги "бахтлиман" деган одам шунчалар қашшоқ эканки, ҳатто эгнида кўйлаги ҳам йўқ экан.
Эй инсон, билгинки, бахт келувчи ва кетувчи нарсадир. Одам ўзини бир муддат бахтли ҳисоблаши учун бой бўлиши шарт эмас, балки бор нарсасига шукр қилса кифоя.
Акбаршоҳ Расулов
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ