(ғийбат ва бўҳтон мисолида)
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло бу борлиқни ҳақ билан яратиб, борлиқнинг энг мукаррам мавжудоти бўлмиш инсондан ҳаётини ҳақ ила олиб боришини талаб қилди. Фақат ҳақни гапиришга, фақат ҳаққа амал қилишга буюрди. Биз ушбу буйруқ ва қонун асосида яшасакгина саодатли бўламиз.
Бугунги жума суҳбатимиз тилнинг энг катта офатларидан ҳисобланган икки иллат – ғийбат ва бўҳтон ҳақидадир.Инсоннинг бахтли ёки бахтсиз бўлишида тилнинг аҳамияти беқиёсдир. Шунинг учун шариатимиз тилни сақлашга ҳамда унга алоқадор бир қанча одобларга риоя қилишга буюрган.
Ислом нуқтаи назарида тил Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан бири ҳисобланади. Тил – инсоннинг жисмонан кичичк аммо масъулият ва вазифа жиҳатидан эътиборга молик аъзосидир. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда Аллоҳ таоло уни миннат қилиб:
أَلَمْ نَجْعَلْ لَهُ عَيْنَيْنِ وَلِسَانًا وَشَفَتَيْنِ
яъни: «Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?!» дейди. (Балад, 8-9 оятлар).
Шундай экан, тилнинг фойдаси билан бирга хатари ҳам жуда катта эканини унутмаслик лозим бўлади. Гапни тил гапиради-ю, лекин унинг аламини эса бошқа аъзолар тортади. Тилнинг хатаридан фақат яхши сўзни сўзлаш ҳамда сукут сақлаш билан нажот топиш мумкиндир. Шунинг учун шариатимиз сукут сақлаган кишини кўплаб жойларда мадҳ қилган ва сукут сақлашга тарғиб ҳам қилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْروٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "مَنْ صَمَتَ نَجَا".
(رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сукут сақласа, нажот топади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Банданинг қалби тўғри бўлиши учун ҳам унинг тили тўғри бўлиши ҳамда уни турли маънавий жиноятлардан сақлаши муҳим омил ҳисобланади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَسْتَقِيمُ إِيمَانُ عَبْدٍ حَتَّى يَسْتَقِيمَ قَلْبُهُ وَلَا يَسْتَقِيمُ قَلْبُهُ حَتَّى يَسْتَقِيمَ لِسَانُهُ وَلَا يَدْخُلُ رَجُلٌ الْجَنَّةَ لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ.
(رَوَاهُ أَحْمَدُ)
яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг қалби тўғри бўлмагунча, унинг имони тўғри бўлмайди. Уни тили тўғри бўлмагунча, қалби ҳам тўғри бўлмайди. Унинг ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, дедилар”. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Муҳтарам жамоат! Мусулмон киши бошқа бир мусулмоннинг айбини кўрса, унинг обрўсини тўкмасдан, унинг ўзига ёлғиз ҳолида насиҳат қилиши лозим бўлади. Баъзи инсонларнинг “Мен ғийбат қилмаяпман, бу – ҳақиқат”, дейиши мутлақо нотўғридир. Аслида, бу ўринда ҳақиқатни гапиргани учун ғийбат ҳисобланади. Агар ҳақиқат бўлмаганида, туҳмат – бўҳтон бўлар эди.
Ҳадиси шарифда ғийбат ва бўҳтон ҳақида шундай дейилган:
عن أَبي هريرة رضي الله عنه أنَّ رسُولَ الله صلى الله عليه وسلم قَالَ: «أَتَدْرُونَ مَا الْغِيبَةُ»؟ قالوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أعْلَمُ، قَالَ: «ذِكْرُكَ أخَاكَ بِما يَكْرَهُ» قِيلَ: أفَرَأيْتَ إنْ كَانَ في أخِي مَا أقُولُ؟ قَالَ: «إنْ كَانَ فِيهِ مَا تَقُولُ، فقد اغْتَبْتَهُ، وإنْ لَمْ يَكُنْ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدْ بَهَتَّهُ». (رواه مسلم).
яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканини биласизларми?”, дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқдир”, дейишди. Шунда у зот: “Ўз биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан зикр қилишинг”, дедилар. (Шунда:) “Айтингчи, мен айтган нарса биродаримда бор бўлса-чи?”, дейилди. У зот: “Агар сен айтган нарса унда бор бўлса, уни ғийбат қилган бўласан, агар сен айтган нарса унда йўқ бўлса, унга бўҳтон (туҳмат) қилган бўласан”, дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.
Демак, бирор бир инсоннинг айбларини унинг йўқлида гапиришга ғийбат дейилар экан. Бу айблар унинг жасади, нафси, ахлоқи, қилган ишлари, айтган сўзлари, кийиниши, уйи, оиласи, болалари, ота-онаси, насл-насаби ва шу каби унга тегишли бўлган барча нарсаларга алоқадор бўлган айблардир. Мана шу айбларни унинг йўқлигида зикр қилиш ғийбат ҳисобланади.
Бирор кимса ҳақида ёлғон тўқиб гапиришга эса бўҳтон дейилади. Ғийбат – гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ғийбатнинг гуноҳи кабира эканида ихтилоф йўқдир, шунинг учун ғийбат қилган киши Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиши лозим”, деган.
Шунингдек, баъзи инсонларни ғийбат қилиш бошқа инсонларни ғийбат қилишдан кўра гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Яъни, Аллоҳ таолонинг дўстлари бўлган уламоларни ғийбат қилишнинг гуноҳи жуда ҳам оғир бўлгани учун баъзи ҳакимлар: “Уламоларнинг гўшти захарлидир”, дейишган. Ғийбат қилиш - ўлган биродарининг гўштини ейиш билан биробар бўлгани сабабли шундай дейилган. Ҳа, инсон заҳарланган гўштни еб ўлгани каби, уламоларни ғийбат қилган киши ҳам дунё ва охиратини барбод қилади. Шундай экан, уламоларга бўҳтон қилаётганлар ҳақида нима дейиш мумкин?!
Бўҳтоннинг гуноҳи эса ғийбатнинг гуноҳидан ҳам каттароқдир. Чунки ғийбат бир инсондаги бор айбларни овоза қилиш бўлса, бўҳтон у инсон айтмаган сўзлар ҳамда қилмаган ишларни унга нисбат бериб, туҳмат қилишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шундай деган:
وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا
яъни: «Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар» (Аҳзоб сураси, 58-оят)
Инсонларнинг обрўсига тегишнинг гуноҳи ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ «إِنَّ مِنْ أَرْبَى الرِّبَا الاِسْتِطَالَةَ فِى عِرْضِ الْمُسْلِمِ بِغَيْرِ حَقٍّ». (رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
яъни, Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг кўп (зарарли) бўлган судхўрликдан бири – мусулмоннинг обрўсига ноҳақдан тил теккизишдир”, дедилар”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ
яъни, “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”. (Ҳужурот сураси, 12-оят)
Ушбу оятда Аллоҳ таоло “Эй, мўминлар!” деб, сиз ва бизга хитоб қилмоқда. Демак, комил мўминликни даъво қилар эканмиз, биз бундай гуноҳлардан – ғийбат ва бўҳтондан сақланишимиз лозимдир. Акс ҳолда, бундай киши мўминлик мезонини бузиб, фосиқлик қилган бўлади.
Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عن أنسٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رسول الله صلى الله عليه وسلم: «لَمَّا عُرِجَ بي مَرَرْتُ بِقَومٍ لَهُمْ أظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ يَخْمِشُونَ بها وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ فَقُلْتُ: مَنْ هؤُلاءِ يَا جِبرِيلُ؟ قَالَ: هؤُلاءِ الَّذِينَ يَأكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ، وَيَقَعُونَ في أعْرَاضِهِمْ!». (رواه أَبُو داود
яъни, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меърожга чиққанимда, мисдан бўлган тирноқлар билан юзлари ва кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Шунда мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?”, дедим. У: “Булар (дунёда) одамларнинг гўштларини еб, уларнинг обрўларини тўкадиганлар”, деди” дедилар.
Бу ҳадис бизга ғийбатчининг қиёмат кунги аҳволи нақадар аянчли эканидан дарак беради. Яна бир ҳадисда эса шундай дейилган:
عَنْ أَبِى بَرْزَةَ الأَسْلَمِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم «يَا مَعْشَرَ مَنْ آمَنَ بِلِسَانِهِ وَلَمْ يَدْخُلِ الإِيمَانُ قَلْبَهُ لاَ تَغْتَابُوا الْمُسْلِمِينَ وَلاَ تَتَّبِعُوا عَوْرَاتِهِمْ فَإِنَّهُ مَنِ اتَّبَعَ عَوْرَاتِهِمْ يَتَّبِعِ اللَّهُ عَوْرَتَهُ وَمَنْ يَتَّبِعِ اللَّهُ عَوْرَتَهُ يَفْضَحْهُ فِى بَيْتِهِ».(رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
яъни, Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй тили билан имон келтириб, қалбига эса имон кирмаганлар, (қалби билан имон келтирмаганлар) мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг айбини пойлаб-қидирманглар! Чунки ким уларнинг айбини қидирса, Аллоҳ таоло унинг айбини қидиради ва агарчи уйининг ичида (одамлардан махфий бўлса ҳам, уни ошкор қилиб,) шарманда қилади”, дедилар”. Имом Абу Довуд ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдан ғийбат қилиш мўминга нисбатан бегона ахлоқ экани ҳамда унинг имон нурини сўниши сабаб бўлиши маълум бўлади.Инсон борки, у жамият билан бирга яшайди. Жамият аъзоларидан ҳар бирининг ўз ҳурмат-эътибори бор. Агар жамиятда ғийбат заҳри сочилса, одамлар бир бирига бўҳтон тошини отишса, уларнинг ҳурмати поймол бўлади ва бунинг натижасида жамиятнинг тинчлиги бузилади.
Муҳтарам жамоат! Аслида, ислом дини одамларнинг айбини очишга эмас, балки беркитишга буюрган. Бундан мақсад гуноҳлар тарқалишининг олдини олишдир. Чунки одамлар гуноҳлар ҳақида такрор-такрор эшитаверса, шу ишга уларнинг табиати ўрганиб қолади ва бунинг натижасида шу гуноҳларни оддий қабул қиладиган бўлиб қолишади.
Ислом динимиз одамларни бирдамликка тарғиб қилади. Ғийбат ва бўҳтон эса жамият аъзолари ўртасида ҳиқду-ҳасад ва адоват уруғини сочади ҳамда ижтимоий алоқаларни заифлаштириб, бузиб юборади. Ҳатто баъзи ҳолатларда бу нарса турли фитна ва қон тўкилишгача олиб бориши мумкин.
Нафақат ғийбат қилишнинг ўзи ҳаром қилинган, балки ғийбатни тинглаш, ғийбат мажлисларида қатнашиш ҳам ман қилингандир. Аксинча, мусулмон кишининг бирорта биродари ғийбат қилинаётган бўлса, уни ҳимоя қилиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ ابْنِ أُمِّ عَبْدٍ يَقُولُ: مَنِ اغْتِيبَ عِنْدَهُ مُؤْمِنٌ فَنَصَرَهُ جَزَاهُ اللهُ بِهَا خَيْرًا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَ مَنِ اغْتِيبَ عِنْدَهُ مُؤْمِنٌ فَلَمْ يَنْصُرْهُ جَزَاهُ اللهُ بِهَا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ شَرًّا... (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ الْمُفْرَدِ
яъни, Ибн Умму Абд (Абдуллоҳ ибн Масъуд) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кимнинг ҳузурида бир мўмин ғийбат қилинганда, уни ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло бу сабабли, уни дунё ва охиратда яхши мукофотлайди. Кимнинг ҳузурида бир мўмин ғийбат қилинганда, уни ҳимоя қилмаса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда ёмон жазолайди”.(Имом Бухорий ривояти).
Ғийбат қилувчи киши золим, ғийбат қилинган эса мазлум бўлади. Аллоҳ таоло қиёмат куни мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб беради. Яъни, золимнинг савобидан мазлумга олиб берилади ёки мазлумнинг гуноҳларидан золимга юклатилади. Банда қиёмат куни ўзининг дунёда қилган яхши амалларини ўзга кишининг номаи аъмолида, айниқса, дунёда ўзи ёқтирмай, ўзи ғийбат қилган кишининг номаи аъмолида кўриши қанчалар аянчлидир.
Мусулмон киши бундай маънавий жиноятлардан сақланиши лозимдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عن عبدِ الله بن عمرو بن العاصِ رضي الله عنهما، قَالَ: قَالَ رسولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «المُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ المُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ...». (متفق عَلَيْهِ
яъни, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, дедилар”.
Ушбу ҳадисда тилнинг озори қўлнинг озоридан аввал зикр қилинди. Бундан мурод – тилнинг озори қўлнинг озоридан кўра қаттиқроқ эканидир. Чунки тил бор одамга ҳам, йўқ одамга озор етказа олади. Шунингдек, тирик одамни ҳам вафот этганни ҳам зикр қила олади.
Ҳурматли жамоат! Биз ахборот алмашинув ўта жадаллашган даврда яшамоқдамиз. Афсуски, интернет ва бошқа ахборот тизимларида юртимизга бўхтон уюштираётганлар, уларнинг найрангига учиб юртимизда амалга оширилаётган буюк ўзгаришларни тухмат тоши отаётганлар ҳам бор. Биз мусулмонлар жамиятимиз - умматимизни бундай бухтонлардан асрашимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِآَيَاتِ اللَّهِ وَأُولَئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ
яъни: "Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир". (Нахл сураси 105-оят)
Аллоҳ таоло бизларни тил офатларидан бўлган, энг катта маънавий жиноятлардан ҳисобаланган ғийбат ва бўҳтондан Ўзи асрасин!
Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.
Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.
Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.
Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.
Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.
Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган.
“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.
Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати – бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.
Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.
Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати