Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!.. ” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» (Исро, 23).
Шокир ота аёли Ҳуринисо ая билан бахтли ҳаёт кечирди. Фарзандларининг барчаси ҳаётда ўз ўрнини топди... Неваралар ҳам бирин-кетин вояга ета бошлашди. Невара келин, невара куёв кўраман деб турган пайт Ҳуринисо ая хасталаниб, бандаликни бажо келтирди.
Фарзандлари онасининг ҳамма маъракаларини ўтказишди. Энг нуфузли тўйхоналарда юз килолаб ошлар дамланди. Аммо буларнинг ҳеч бири Шокир отанинг кўнглини ёритмади. Уйдаги ҳар бир нарса аёлини эслатар, хотираларини уйғотарди. Ўзи ёлғиз қолса, анча вақтгача кўзига уйқу келмасди. Кейинги пайтларда қон босими кўтариладиган бўлиб қолди. Энг қиммат дорилар ҳам, моҳир шифокорлар ҳам дардини аритолмасди.
Отасининг ёлғизликдан қийналаётгани, кун сайин сўлиб бораётганини кўрган кичик ўғил бир куни аста гап бошлади:
– Гапни нимадан бошласам экан?.. Онамни ҳаммамиз жуда яхши кўрардик. Бироқ тақдир экан! Нима ҳам қилардик? Энди биз учун муҳими – сизнинг борлигингиз, саломатлигингиз! Ким нима деса десин, менга сизнинг соғлигингиз, хотиржамлигингиз керак. Рози бўлсангиз, солиҳа бир аёлни топиб, никоҳлаб қўйсак?!
Шокир отанинг кўзида ёш кўринди. Кечагина дўсти Турғун ҳам шу ҳақида гапирганди. Эркак киши кексайганида бир дардкашга муҳтож бўлиб қолар экан.
“Ўғлим, борингга шукр, раҳмат!” – дея олди ота.
Кичик ўғил отасини уйлантириш ҳақида акаси ва синглисига маслаҳат солганида, катта жанжал кўтарилди.
– Отам сенга оғирлик қиляптими?
– Уй-жойга эга чиқадиган керакми сенга?
– Онамни сен унутган бўлсанг унутгандирсан, бизлар унутганимиз йўқ!
Шокир отанинг дили қаттиқ оғриди, кўзлари намланди. Аслида, онасининг хотирасини азиз тутиш ҳақида бонг ураётган шу фарзандлар, онаси хасталанганда унга силтаб муомала қилган, қарашни малол олган эдилар. Аммо онанинг вафотидан кейин маъракаларни эл кўзига, мен фарзандлик бурчимни аъло даражада бажариб қўйдим, деб ўзини кўрсатиш учун дабдаба билан ўтказаётган эдилар.
Яхшиликни инсон тириклигида қилиш кераклигини ҳамма билади-ю, аммо... Ота-онаси, яқинлари ўтиб кетган инсонларнинг кўпчилиги марҳумларнинг руҳи шод бўлиши учун қозон-қозон ош беришни ўйлаб юришади-ю, ёлғиз қолган ота ёки онанинг, жигарларнинг, тирикларнинг ғамини ейиш, қалбига қулоқ солиш хаёлига келмайди. Бу қандай бедодликки, ёлғизланиб қолган, эрталаб уйғонаманми, йўқми, деб тонг оттираётган кексаларнинг ҳаётини бошига ёлғизлик тушмаган, қалби яримлик кўрмаган фарзандлар ҳал қилса!..
Уларга оталар, оналар ҳаётини ҳал қилиш ҳуқуқини ким берди?!
Ёлғиз кексаларнинг кўнглига қараб, улар хоҳласалар, яна турмуш қуришларини бир оғиз айтиб ўтиш фарзандлардан лозимдир.
Бундай кексаларнинг таомини ҳозирлаш, кийим-кечагини бут қилиш билан уларнинг ярим кўнгли тўлиб қолмайди. Уларга бир ҳамдард, ҳамроҳ керак.
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Ҳар янги куннинг тонгини кўрганингизда қалбингизни зикр ила тўлдиринг. Иймон зикрларига қулоқ тутар экансиз, борлиқ Яратган Зот сари талпинаётганини ҳис қиласиз. Аллоҳ таоло айтади: «...Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур...»[1]. Балки уйда, балки кўчада, қаерда бўлсангиз-да, Аллоҳнинг зикрига шошилинг. Зикрларни кўпайтирганингиз сари Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз ортиб боради, осмонлару ернинг Холиқи бўлган Аллоҳ таолодек буюк Зот суянчиғингиз эканини англайсиз...
Ушбу мисраларни доим ёдда тутинг:
Гар эрса қалблар Холиқин зикридин мосуво,
Алар жасад ичидин жой олган тош каби гўё.
Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг.
Тошда на меҳр ва на ҳис бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббини зикр қиладиган билан зикрдан йироқда бўлган киши худди тирик билан ўлик кабидир” [2], деганлар.
Яна Набий алайҳиссалом: “Сизларга амалларингизнинг энг хайрлиси ва Султонингиз ҳузурида энг покиза, даражангизни юқорилатадиган, сизлар учун тилло-кумушларни эҳсон қилгандан-да, душманингизга йўлиқиб, унинг бошини танасидан жудо қилишингиз, у ҳам сизнинг каллангизни бўйнингиздан узиб ташлашидан-да яхшироқ амал қайси эканини билдириб қўяйми?!” – дедилар. Саҳобалар: ”Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: У Аллоҳнинг зикридир”,3] дедилар.
Убайд ибн Умайр айтадилар: “Мўминнинг амал дафтаридаги ҳамд ила тасбеҳ – у билан дунё тоғларича тилло судралиб юришидан хайрлидир”.
Набий алайҳиссалом яна бошқа бир ҳадисда: «Аллоҳ таолонинг фазилат излаб кезиб юрувчи фаришталари бўлиб, улар зикр айтиб ўтирилган давраларни излаб юришади. Шу аснода зикр бўлаётган даврани топишса, фаришталар зикр ҳалқасидагилар билан биргаликда ўтиришади ва бир-бирларини қанотлари билан ўраб олишади, шу тарзда зикрдаги кишилар билан дунё осмонининг ораси фаришталар билан тўлиб кетади. Зикр ҳалқасидаги кишилар тарқалиб кетишса, фаришталар осмонга кўтарилиб кетишади.
Кейин Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб тургани ҳолда, улардан: “Қаердан келдинглар? – деб сўрайди. Улар: “Биз ердаги бандаларинг олдидан келдик. Улар Сенга тасбеҳ айтяптилар, такбир, таҳлил айтиб, Сенга мақтов йўллаяптилар ва Ўзингдан сўрашяпти”, деб жавоб қайтаришади.
Аллоҳ таоло: “Улар Мендан нимани сўраяпти?” – дейди. Фаришталар жавобан: “Сендан жаннатингни сўрашяпти”, дейишади. Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўришганми?” – дея фаришталардан яна савол сўрайди. Фаришталар жавоб бериб: “Йўқ! Эй Яратган Зот!” – дейишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна: “Мабодо улар жаннатимни кўрадиган бўлсалар, ҳолат қандай бўлади-я?” – дейди. Фаришталар: “Улар яна Сендан паноҳ тилашяпти”, дейишади. Аллоҳ таоло савол тариқасида: “Нимадан паноҳ беришимни сўрашяпти?” – дейди.
Улар: “Жаҳаннамингдан, эй Яратган Зот!” – деб жавоб қайтаришади. “Улар дўзахимни кўрганми?” – деб сўрайди Аллоҳ таоло. Жавоб қайтариб: “Йўқ!” – дейишади улар.
Аллоҳ таоло: “Улар дўзахимни кўришса қандай бўларкин?” – дейди.
Фаришталар: “Улар яна Сендан мағфират қилишингни сўрашяпти”, дейишади.
Аллоҳ таоло: “Сўзсиз уларнинг гуноҳларини кечирдим, уларга сўровларини ато этдим ва паноҳ тилаган нарсаларидан уларни Ўз паноҳимга олдим”, дейди.
Фаришталар: “Эй Яратган Зот! Улар орасида фалончи, ўта хатокор қул ҳам бор. У ўтиб кета туриб уларнинг олдига ўтириб олди”, дейишади. Аллоҳ таоло шундай дея марҳамат қилади: “Уни ҳам кечирдим! Улар ҳаммажлислари бадбахт бўлмайдиган кишилардир”, дейди»[4], дедилар.
[1] Исро сураси, 44-оят.
[2] Имом Муслим ривояти.
[3] Имом Термизий ривояти.
[4] Имом Муслим ривояти.