Диний –экстремистик ҳаракатлар фаоллари ўзларининг сафларига кишиларни жалб қилиш ҳамда янги қўшилган аъзоларни жамоага янада кўпроқ мойил қилиш мақсадида ўз раҳнамоларини улуғлашга алоҳида эътибор берадилар. Масалан, шу каби оқимлардан бири бўлган “Мусулмон биродарлар” ташкилоти ўзларининг раҳнамолари бўлган Ҳасан ал- Банно шахсиятини “Аллоҳ тамонидан танланган Зот”, “Шайх”, “Валий”, деб улуғлашади. Бундай амалиётдан, биринчидан, кишилар орасида ўзларининг раҳнамоларининг обрўсини кўкларга кўтариш орқали содда халқ орасида жамоалари мавқеини ошириш ва ёшларни тўғри йўлда эканликларига ишонтиришдан иборатдир. Иккинчидан, улар тамонидан чиқарилган “фатво”, амр ва топшириқларни шариат аҳкоми сифатида қабул қилинишига эришиш кўзланганлигини англаш қийин эмас.
Жумладан, “Нурчилик” оқимининг асосчиси Саид Нурсийни “Бадиуззамон” ( “Замонанинг беназири”), ҳозирдаги раҳбари Фатҳулла Гюленни эса “Қутбул ақтоб” (“Буюклар буюги”), “ат-Такфир вал-ҳижра” оқимлари ўзларининг бошчиси Шукрий Мустафони “Маҳдий” деб улуғлашлари фикримизнинг яққол далилидир.
Маълумки, Ислом оламида диний билимларда юқори даражаларга эришган кишиларга нисбатан муайян ҳолларда “Шайх” унвони ишлатилади. Бундай рутба дин йўлида қилган хизматлари эвазига йирик уламоларнинг унвони сифатида эътироф этилади ва ҳеч ким ўз-ўзича бу даражага эришганини даъво қила олмайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ҳизбут – таҳрир”, “Ўзбикистон ислом ҳаракати” каби бошқа фирқа ва оқимлар томонидан ўз раҳнамоларига нисбатан “шайх”лик мартабасининг кенг қўлланилаётгани улар одамларни чалғитиш ва ўз мақсадларига эришишда ҳеч нарсадан тап тортмасликларини кўрсатади.
Шундай экан ҳар биримиз булар каби “олим”лик даъвосини қилаётган омиларни, тўғри йўлда эканликларига ишонтирмоқчи бўлган эгриларни, нурмиз деб бонг ураётган зулматларнинг кирдикорларидан огоҳ бўлишимиз лозим.
Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний
ўрта махсус ислом билим юрти 2-курс талабаси
ИСАЕВ БЕКИСЛОМ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримга кўра, террористларнинг омма халқни портлатиши, инсонларни ўз жонига қасд қилишга даъват этиши ва бошқа ҳар қандай тинч аҳолини ҳаётига қаратилган тажовузларни амалга ошириши улкан жиноят ҳисобланади.
Албатта, бу ишларни амалга оширувчиларга жаҳаннамда оғир азоб-уқубатлар борлигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Қуръони каримнинг Буруж сурасида одамларни ёндириш тақиқланганлиги келтириб ўтилади:
“Албатта, мўмин ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга, ана ўшаларга жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бор[1]”. (Буруж сураси, 10-оят).
Қуръондаги “фатану” сўзи “ёндириш” маъносида ҳам тафсир қилинади. Бу оят одамларни портлатувчилар дўзах эгалари эканлигига ишора қилади.
Ибн Аббос ва Муқатил айтдилар: “мўмин ва мўминаларни фитна қилиб” ояти қуйидаги маънони англатади: “Улар мўминларни олов билан ёндирадилар”[2].
Ибн Ҳумайд ва Ибн ал-Мунзирдан ривоят қилиничиша, Қатода “Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб”, оятини “олов билан ёндириб ўлдириш[3]” деган маънони англатади деб тафсир қилган.
Имом ал-Қуртубий ва Абу Ҳафс ал-Ҳанбалий ҳам шундай тафсир қилганлар[4].
Мусулмонларни ўлдиришни ҳақ деб билганлар Ислом чегарасидан чиққан ҳисобланадилар ва ловуллаб ёнаётган дўзахнинг оловида азобланадилар.
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Хасадчи, туҳматчи ва фолбин мендан эмас ва мен ҳам улардан эмасман”. Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар”[5] (Аҳзоб сураси, 58-оят).
Фахриддин ар-Розий раҳимаҳуллоҳнинг Қуръон карим тафсирида қуйидагилар ёзилган:
“Охиратда дўзах аҳлини икки турдаги азоб ўраб олади, биринчиси бу уларнинг куфр келтирганликлари учун бўлса, иккинчиси мусулмонларни ёндирганликлари учун берилади”[6].
“Тафсир ал-Жалолайн” асарининг муаллифи, юқоридагига ўхшаш фикрларни келтириб ўтади: “Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб”, оловда куйдириш орқали, “сўнгра тавба қилмган кимсаларга жаҳаннам азоби”, иймонсизликлари сабабли, “улар учун ўт азоби бордир” мусулмонларни оловда ёндирганлари учун[7].
“The Fatwa on Terrorism and Suicide Bombings” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
[1] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси. – Т.: «Hilol-Nashr» 2015. 590– б.
[2] Ар-Розий, ал-Тафсир ал-Кабир, 13:III.
[3] Жалолиддин Суютий, ал-Дур ал-Манзур, 8:466.
[4] Муҳаммад ал-Қуртубий, ал-Жоми ли аҳкам ал-Қуръон, 19:295, Абу Ҳафс ал-Ҳанбалий, ал-Лубаб фи улум ал-Кита, 20:253.
[5] Ал-Мунзир ал-Тарғиб ва ал-Тарҳиб, 3:324, Ибн Асокир Тарих Димашқ ал-Кабир, 21:334.
[6] Ар-Розий ал-Тафсир ал-Кабир.
[7] ЖалолиддинСуютий ва Жалолиддин ал-Маҳаллий, Тафсир ал-Жалолайн, I:801.