Робиъул аввал ойи – мусулмонлар учун улкан бахту саодат, хурсандчилик ойи бўлиб, бу ойда бутун оламларга раҳмат, икки жаҳон сарвари, охир замон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Бу ойни мусулмонлар ўзгача тайёргарлик билан кутиб олишади ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга бўлган муҳаббатнинг кичик бир кўриниши сифатида мавлиди шариф тадбирлари ўтказилади, у зотнинг сийратларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Ана шундай мавлид маросимларидан бири жорий йилнинг 16 декабр куни Пойтахтимиздаги “Абу Бакр Қаффол Шоший” масжидида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қатнашдилар. Дастлаб, мавлиди шариф ўқилди, сўнгра Муфтий ҳазрат бошчилик намозхонлар жума намозини адо этишди. Жума намози ўқиб бўлингач, Пайғамбар алайҳиссаломга кўпдан-кўп салавотлар айтилди, якунда Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар қилинди.
ЎМИ Ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.