“Шарҳи Мулло” ёки “Мулло Жомий” ёки “Шарҳи Мулло Жомий” номлари билан машҳур бўлган “Фавоидуз-Зиёийя” асари ўзига хос тарихга эга. Бу асарнинг тарихи ҳақида сўз юритишдан олдин унинг асоси бўлган “Кофия” ва унинг муаллифи ҳақида бир оғиз сўз.
“Кофия” китоби Ибн Ҳожиб номи билан машхур бўлган буюк тилшунос олим Абу Умар Усмон ибн Умар ал-Курдий (646 ҳ. в/э) томонидан ёзилган. У Мисрда яшаб ўтган. Отаси Миср амирининг ҳожиби, яъни қўриқчиларидан бири бўлгани учун “Ибн Ҳожиб” яъни, “Қўриқчининг ўғли” деган ном унга тахаллус бўлиб қолган. У ҳаёти давомида кўплаб илмларни, жумладан, наҳв илмини чуқур эгаллаб, бу борада кичик бир рисола яратди. Муаллиф ушбу китобини толиблар ёдлашлари ва эсда сақлашлари осон бўлиши учун ихчам бўлишини инобатга олиб, кенг маънони ифода қиладиган сўзлар билан бойитди. Шу боис асар кўпчилик эътиборини қозонди. Китоб ўз замонасида араб тили дарсликлари ичида тенгсиз эди. Асар ўша пайтнинг ўзидаёқ мадрасаларда араб тили дарслиги сифатида ўқиладиган ва наҳв масалаларида манба деб эътибор қилинадиган бўлди. Китоб олимнинг ҳаётлик чоғидаёқ катта шуҳрат қозониб, унинг изоҳталаб ўринларини ёритиб бериш мақсадида ўша замон олимлари унга шарҳ ёза бошлади. Мисол тариқасида муаллиф билан асрдош бўлган буюк муҳаққиқ, тилшунос аллома Розийуддин Муҳаммад ибн Ҳасан Астрабодий (688 ҳ. в/э)ни айтишимиз мумкин. У “Шарҳур-Розий алал Кофия” (شرح الرضي علي الكافية) номли тўрт жилдли асар ёзган. Аммо биринчилардан бўлиб муаллифнинг ўзи шарҳ ёзган, деган ривоятлар бор. Муаллиф сарф илми борасида ҳам кўпчилик эътиборини қозонган “Шофия” номли асар ёзган. Разийуддин Астрабодий бу китобга ҳам мўжазгина бир шарҳ ёзган. Бу асар ҳам Кофия китоби билан бирга мадрасаларга сарф илмидан дарслик сифатида киритилган ва унга кўплаб шарҳлар ёзилган [1].
“Кофия” китобига жуда кўплаб шарҳлар ёзилгани ривоят қилинади. Шундай шарҳлардан бири биз сўз юритмоқчи бўлган “Фавоидуз-зиёийя” асаридир.
Абдураҳмон Жомийнинг Зиёуддин Юсуф исмли ўғли бўлиб, у Ибн Ҳожибнинг “Кофия” асарини ўқиб, баъзи мужмал ўринларидан кўнгилдагидек тушунча ҳосил қилмади. Ўша кунгача ёзилган шарҳлардан қониқиш ҳосил қилмай отасидан “Кофия” асарига шарҳ ёзиб беришини илтимос қилди. Жомий ўғли Зиёуддин Юсуфнинг таклифини инобатга олиб унга шарҳ ёзди. Жомий асарини ўғлининг номи билан, яъни “Фавоидуз-Зиёийя” деб номлади. Албатта, Жомий ушбу асарини нафақат ўғли, балки барча илм таҳсил қилувчиларга бошланғич қўлланма сифатида ёзганини асарнинг кириш қисмида айтиб ўтди. Ушбу асарни Жомий вафотидан бир йил олдин, ҳижрий 897 йили 11 Рамазон, шанба куни ёзиб тугатди.
Бу асарга кўплаб ҳошиялар ёзилган. Котиблар китобнинг ҳошиясига ана ўша ҳошиялардан бирини келтириб, у кимга тегишли эканини билдириш мақсадида, аломат сифатида муаллифнинг исми ёки ҳошиянинг номини қисқартма шаклда келтиришган. Қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
Исомиддин ибн Ироҳим ибн Муҳаммад Асфароиний (ҳ.944, в/э).
Муҳаммад Исматулло ибн Маҳмуд Бухорий. У зот китобнинг ярмигача ҳошия ёзган.
Абдуғафур Лорий (ҳ. 912, в/э), у зот Жомийнинг шогирдларидан бўлиб, “Мабнийёт” бобининг “Товушлар” бўлимигача ёзган.
Абдуҳаким ибн Шамсиддин Саёлкуний (ҳ. 1070 в/э). У зот Жомийнинг шогирди Абдуғафур Лорий ҳошиясини охирига етказган.
Шайх Важиҳуддин Алавий (ҳ. 998 в/э).
Шайх Нурулҳақ ибн шайх Абдулҳақ Деҳлавий (ҳ. 1073, в/э).
Ҳофиз Куҳакий Тошкандий. У зот “Марфуот” бўлимигача ёзган.
Муҳаммад Абдураҳмон ибн Маҳмуд Асфароиний.
Муҳаммад Содиқ Қобилий.
Абулбақо.
Муҳрим Афанди.
Абдуллоҳ ибн Солиҳ Афанди Румийнинг “Такмилатул муҳрим” асари.
Абдунабийнинг “Жомеъул ғумус” номли асари.
Саййид Алихон Кабир номи билан машҳур бўлган зотнинг “ал-Ҳадоиқун надийя шарҳул Фавоидис-сомадийя” асари.
Муҳаммад Али ибн Қози шайх Али Таҳонавийнинг “Кашшофу истилоҳотил фунун” номли асари.
Абулбақо Кафавийнинг “Куллиёт” асари.
Шиҳобиддин Ҳиндийнинг “Шарҳу Ҳиндий” номли асари.
“Қомусул луғат” номли асар.
“Тожул луғат” номли асар.
“Сироҳ” номли асар.
“Мунтаҳал араб” номли асар.
“Мунтахабул-луғат” номли асар.
“Нафоисул-луғат” номли асар.
Бу китоб ўз замонасининг уламолари орасида катта нуфузга эга бўлиб, бугунгача ўз обрўсини сақлаб қолган. Уламолар бу шарҳ Жомийнинг ёзган шарҳлари ичида энг яхшиси дея эътироф этишган. Ушбу китоб Ибн Ҳожибнинг “Кофия” асарига шарҳ бўлгани учун у кишининг китобларидаги тартиб ўзгартирилмаган. Китобда кириш сўзидан сўнг калима ва Калом ҳақида сўз боради. Сўнг ғайрул-мунсариф, марфуот, мансубот, мажрурот, тавобеълар, мабнийёт ҳамда исмлар ва унинг лавоҳиқлари, феъллар ҳамда ҳарф ҳақида сўз боради. Қуйида бу боблар ҳақида қисқача танишиб ўтамиз.
المقدّمة – Кириш – муаллиф китобнинг кириш қисмида калима ва унинг турлари, калом, исм, ҳосил ва маҳсул, исмнинг хусусиятлари, мўъраб, мўърабнинг ҳукми, эъроб, омил, тақдирий эъроб ва лафзий эъроб ҳақида сўз юритган.
غير المنصرف – Ғайрул-мунсариф – бу бўлимда исмнинг сарфланмаслигига сабаб бўладиган тўққизта иллат ва унга мисоллар, ғайри мунсариф бўлган исмнинг мунсариф бўлиши жоиз бўлган ўринлар ҳақида сўз боради. Сўнг ўша тўққизта иллат бирма-бир мисоллар билан айтиб ўтилади. Улар: адл, васф, таънис, маърифа, ужмат, жам, таркиб, алиф ва нун, вазни феъллардир.
المرفوعات- Марфуот – бу бўлимда фоил ва унинг мафъулдан олдин ва кейин келиш ўринлари, феълнинг ҳазф бўлиш ўринлари, икки феълнинг бир исм устида тортишуви, ноиби фоил, мубтадо, хабар, мубтадонинг ҳазф бўлиши жоиз ҳамда лозим бўлган ўринлари ва хабарнинг ҳазф бўлиши, жоиз ҳамда лозим бўлган ўринлари, “إنّ” ва унинг шерикларининг хабари, жинсни инкор қилувчи “لا”нинг хабари, “ليس”га ўхшаш “ما ва لا”нинг исми ҳақида сўз боради.
المنصوبات – Мансубот – бу бўлимда, мафъули мутлақ, мафъул биҳи, мунодо ва мунодонинг тобеълари, музоф бўлган мунодо, тархим, мандуб, таҳзир, мафъул фиҳи, мафъул лаҳу, мафъул маъҳу, ҳол, тамйиз, мустасно, “كان” ва унинг шерикларининг хабари, “إنّ” ва унинг шерикларининг исми, жинсни инкор қилувчи “لا” билан мансуб бўлиш ўринлари, “ما ва لا”нинг хабари ҳақида сўз боради.
المجرورات – Мажрурот – бу бўлимда музоф илайҳ, маънавий изофа, лафзий изофа, изофанинг турли таркибий кўринишлари, мавсуф ва сифатдаги изофа ҳақида, олтита исмнинг изофа бўлишининг ҳукми ҳақида сўз боради.
التوابع – Тавобеълар – бу бўлимда наът, мавсуф ҳолатининг сифати ва мутаъллиқи, атф, тавкид, бадал, атфул баён ҳақида сўз боради.
المبنيات – Мабнийёт – бу бўлимда, замирлар ва уларнинг турлари, исми ишоралар, мавсула, “الذي” билан хабар қилиб келтириш, исми феъллар, товушлар, мураккаб исмлар, киноялар, сўроқ ва хабар учун ишлатиладиган “كم”, исми истифҳом ва исми шартлар ҳамда зарфлар ҳақида сўз боради.
الأسماء ولواحقها – Исмлар ва уларнинг лавоҳиқлари – бу бўлимда, маърифа, алам, накра, адад исмлар, музаккар ва муаннас, мусанно, мажмуъ, масдар, исми фоил, исми мафъул ва сифати мушаббаҳа ҳамда исми тафзил ҳақида сўз боради.
الأفعال – Феъллар – бу бўлимда, мозий, музореъ, “ان” носиба тақдир қилинадиган ўринлар, мажозий калима, амр, ноиби фоил, мутаъаддий феъллар, афъоли қулуб, ноқис феъллар, муқораба феъллар ва таажжуб феъллар ҳамда мадҳ ва зам феъллар ҳақида сўз боради.
الحروف- Ҳарфлар – бу бўлимда, жар ҳарфлари, феълга ўхшаш ҳарфлар, атф ҳарфлари, танбиҳ ҳарфлари, нидо ҳарфлари, ижоб ҳарфлари, зоида ҳарфлари, тафсирия ҳарфлар, масдар ҳарфлари, таҳзиз ҳарфлари, таваққуъ ҳарфлари, истифҳомнинг икки ҳарфи, шарт ҳарфлари, “ان ولو” феъл учун лозимлиги, радъ ҳарфи ва муаннаснинг “تاء”си, танвин ҳамда тавкиднинг нуни ҳақида сўз боради.
Абдураҳмон Жомий ҳазратлари нафақат назм бўстонида, балки диний илмлар пешвоси ҳамдирлар. Айниқса у зотнинг ўз ўғилларига қилган шафқатлари, меҳрибончиликлари мол дунё бериш билан эмас, садақаи жория бўлмиш китоб ёзиш ила бўлган. Фарзандлари тарбиясига қайғурган ота-оналар Жомий ҳазратларидан ўрнак олсалар арзийди.
Абдураҳмон Жомий “Кофия” асарига ёзган “Фавоидуз-Зиёийя” шарҳи нафақат илгари, ҳаттоки ҳозирги кунимизда мадрасаларимизда талабаларга ўқитилиб, севимли дарсликлар қаторидан жой олган.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Фахриддин Муҳаммад Носир
[1] رضي الدين محمد الأستربازي. شرح الرضي علي الكافية. مكتبة الشاملة. ج-1. ص-2-3.
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси