Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2025   |   30 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:35
Қуёш
05:12
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Июл, 2025, 30 Муҳаррам, 1447

Мавлид маросими ҳақида

10.12.2016   7978   4 min.
Мавлид маросими ҳақида

“Агар мендан, нега миллий  қадриятларимиз  

шунча  замонлар  оша безавол  яшаб  келаяпти,

 деб  сўрашса, бу аввало муқаддас динимиз ҳисобидан,

 деб жавоб берган бўлур эдим”

(И.А.Каримов)

Халқимизда  ҳар  йили  ҳижрий  йил ҳисоби бўйича рабиъул-аввал ойи келганда “мавлид” маросимини ўтказиш анъанага айланган.

“Мавлид”  сўзи луғатда  “Мавлидун-набий” ёки “ал-набавий” тарзида қўлланганда Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг таваллуд топган, яъни  туғилган кунларини  англатади.

Кўплаб  мусулмон  мамлакатларида кенг тарқалган мавлид маросими одатда, рабиъул-аввал ойининг  12-кунида ҳеч бир бидъат-хурофотсиз нишонланади.  Кўпгина   араб мамлакатлари,  шунингдек, юртимизда ҳам мазкур кунда  Имом Абу Жаъфар Барзанжий    қаламига мансуб араб тилида ёзилган    “Мавлид ан-набий” номи билан машҳур қасидасини ўқиш учун масжид ва хонадонларда   маросимлар ўтказилади.  Шунингдек, мулла Йўлдош Хилватийнинг ўзбек тилидаги “Мавлид набий” асарини ҳам ўқиш кенг тарқалган.

Аввало  шуни  таъкидлаш керакки, мавлид маросими  Пайғамбаримиз даврларида ҳам, ундан кейинги 3-4 аср давомида ҳам ўтказилмаган.

Айрим манбаларга кўра, мазкур  маросим дастлаб XI аср Убайдийлар (Фотимийлар) даврида  фақат  шиа  имомлари  доирасидагина ўтказилиб, унга омма жалб этилмаган, кейинчалик XIII аср бошларида сунний ҳукмдорлар томонидан ҳам ўтказила бошланган. Ироқ ҳукмдори  Музаффариддин 1207 йил оммавий маросим сифатида мавлидни нишонлаган  ва катта зиёфат ҳозирланган ҳамда совға-саломлар улашган.

Юртимизда узоқ йиллардан бери ўтказиб келинадиган, мазкур маросим моҳиятан деярли барча мусулмонлар ўртасида  бир хил бўлса-да, миллий урф-одат ва анъаналаримизнинг қоришуви натижасида, ҳар бир вилоят, шаҳар, туманларда ўзига хос тартибда ўтказилади. Маросимда дастурхон ёзилиб, унда йиғилганларга Пайғамбаримизнинг сийратлари ҳақидаги  китоблардан, хусусан, Имом Абу Жаъфар Барзанжийнинг “Мавлидун-набий” китобидан парчалар ўқиб, таржима қилиб берилади. Муҳаммад (алайҳиссалом)ни мадҳ этувчи мадҳиялар, қасидалар ва саловатлар ўқилади. Қуръон тиловат қилинади, эҳсон,   садақалар берилади  ва савоби Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га бағишланади.

Айрим жойларда аёллар орасида ўтказиладиган мавлид маросими бидъат даражасига кўтарилган. Бундай маросимларда одатда отин ойи ва аёллар  ўтирган  уйга  исириқ, туршак,  совун, қанд  каби  нарсалар  олиб кирилади. Уларга дам солиниб маросим сўнгида бу нарсалар аёлларга тарқатилади. Маросимга йиғилганларнинг ҳаммаси  Мавлид ўқиган  отинойининг олдига пул ташлаб дуо қилишларини сўрашади.

Охирги пайтларда одамлар турли маъракаларни, никоҳ тўйи бўладими, таъзия  маросими бўладими, ақиқа бўладими, ҳаммасида мавлид ўқитишни йўлга қўйишмоқда. Мавлид қилишдан  мақсад дастурхон ёзиб, қорин тўйғазишдек, гўё. Бу эса мавлиднинг асл моҳиятини йўқотади.  

Лекин баъзи ҳолларда диний маросимлар, хусусан, мавлид маросимига отин сифатида чақирилаётган аёлларнинг  диний ва дунёвий  билимлари  саёзлиги сабабли айрим камчиликлар, жумладан, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларга йўл қўйилаётгани, турли ирим-сиримлар  юзага келишига сабаб бўлмоқда.

  Пайғамбаримизнинг ҳадисларига биноан у зотга салавот  айтиш  савобли  иш  бўлиб, мавлид маросимини ўтказишдан мақсад ҳам Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га  жамоат  бўлиб  дуруд  салавотлар  йўллаш, У зотнинг сийратларидан хабардор бўлиш, одоб-ахлоқлари, бошқаларга яхшилик қилиш, ота-она ва катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш, ҳалол ва ҳаромни фарқига бориш, оила, фарзандларга ғамхўрлик қилиш, қўни-қўшнилар билан чиройли муносабатда бўлиш каби инсоний гўзал муомалаларни ўрганишдир. Ортиқча исрофгарчиликларга  йўл  қўйилмаса,  ушбу  амални ўтказишнинг  зарари  йўқ.

 

Марям Абдуллаева,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фурсат ғаниматдир

22.07.2025   4931   2 min.
Фурсат ғаниматдир

Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.


Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.


Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.


Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.

Абдулвоҳид ИСАҚОВ,

Наманган шаҳридаги

“Мирёқуббой Мирҳакимбой”

жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар