“Агар мендан, нега миллий қадриятларимиз
шунча замонлар оша безавол яшаб келаяпти,
деб сўрашса, бу аввало муқаддас динимиз ҳисобидан,
деб жавоб берган бўлур эдим”
(И.А.Каримов)
Халқимизда ҳар йили ҳижрий йил ҳисоби бўйича рабиъул-аввал ойи келганда “мавлид” маросимини ўтказиш анъанага айланган.
“Мавлид” сўзи луғатда “Мавлидун-набий” ёки “ал-набавий” тарзида қўлланганда Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг таваллуд топган, яъни туғилган кунларини англатади.
Кўплаб мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган мавлид маросими одатда, рабиъул-аввал ойининг 12-кунида ҳеч бир бидъат-хурофотсиз нишонланади. Кўпгина араб мамлакатлари, шунингдек, юртимизда ҳам мазкур кунда Имом Абу Жаъфар Барзанжий қаламига мансуб араб тилида ёзилган “Мавлид ан-набий” номи билан машҳур қасидасини ўқиш учун масжид ва хонадонларда маросимлар ўтказилади. Шунингдек, мулла Йўлдош Хилватийнинг ўзбек тилидаги “Мавлид набий” асарини ҳам ўқиш кенг тарқалган.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, мавлид маросими Пайғамбаримиз даврларида ҳам, ундан кейинги 3-4 аср давомида ҳам ўтказилмаган.
Айрим манбаларга кўра, мазкур маросим дастлаб XI аср Убайдийлар (Фотимийлар) даврида фақат шиа имомлари доирасидагина ўтказилиб, унга омма жалб этилмаган, кейинчалик XIII аср бошларида сунний ҳукмдорлар томонидан ҳам ўтказила бошланган. Ироқ ҳукмдори Музаффариддин 1207 йил оммавий маросим сифатида мавлидни нишонлаган ва катта зиёфат ҳозирланган ҳамда совға-саломлар улашган.
Юртимизда узоқ йиллардан бери ўтказиб келинадиган, мазкур маросим моҳиятан деярли барча мусулмонлар ўртасида бир хил бўлса-да, миллий урф-одат ва анъаналаримизнинг қоришуви натижасида, ҳар бир вилоят, шаҳар, туманларда ўзига хос тартибда ўтказилади. Маросимда дастурхон ёзилиб, унда йиғилганларга Пайғамбаримизнинг сийратлари ҳақидаги китоблардан, хусусан, Имом Абу Жаъфар Барзанжийнинг “Мавлидун-набий” китобидан парчалар ўқиб, таржима қилиб берилади. Муҳаммад (алайҳиссалом)ни мадҳ этувчи мадҳиялар, қасидалар ва саловатлар ўқилади. Қуръон тиловат қилинади, эҳсон, садақалар берилади ва савоби Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га бағишланади.
Айрим жойларда аёллар орасида ўтказиладиган мавлид маросими бидъат даражасига кўтарилган. Бундай маросимларда одатда отин ойи ва аёллар ўтирган уйга исириқ, туршак, совун, қанд каби нарсалар олиб кирилади. Уларга дам солиниб маросим сўнгида бу нарсалар аёлларга тарқатилади. Маросимга йиғилганларнинг ҳаммаси Мавлид ўқиган отинойининг олдига пул ташлаб дуо қилишларини сўрашади.
Охирги пайтларда одамлар турли маъракаларни, никоҳ тўйи бўладими, таъзия маросими бўладими, ақиқа бўладими, ҳаммасида мавлид ўқитишни йўлга қўйишмоқда. Мавлид қилишдан мақсад дастурхон ёзиб, қорин тўйғазишдек, гўё. Бу эса мавлиднинг асл моҳиятини йўқотади.
Лекин баъзи ҳолларда диний маросимлар, хусусан, мавлид маросимига отин сифатида чақирилаётган аёлларнинг диний ва дунёвий билимлари саёзлиги сабабли айрим камчиликлар, жумладан, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларга йўл қўйилаётгани, турли ирим-сиримлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Пайғамбаримизнинг ҳадисларига биноан у зотга салавот айтиш савобли иш бўлиб, мавлид маросимини ўтказишдан мақсад ҳам Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га жамоат бўлиб дуруд салавотлар йўллаш, У зотнинг сийратларидан хабардор бўлиш, одоб-ахлоқлари, бошқаларга яхшилик қилиш, ота-она ва катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш, ҳалол ва ҳаромни фарқига бориш, оила, фарзандларга ғамхўрлик қилиш, қўни-қўшнилар билан чиройли муносабатда бўлиш каби инсоний гўзал муомалаларни ўрганишдир. Ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйилмаса, ушбу амални ўтказишнинг зарари йўқ.
Марям Абдуллаева,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси
حدثنا عباس الدوري نا محمد بن بشر العبدي نا مجمع بن يحيى عن عثمان بن موهب عن موسى بن طلحة عن طلحة قال: قلت: يا رسول الله كيف الصلاة عليك ؟ قال: قل :اللهم صل على محمد كما صليت على إبراهيم إنك حميد مجيد وبارك على محمد وعلى آل محمد كما باركت على إبراهيم إنك حميد مجيد.
Мусо ибн Талҳа розияллоҳу анҳу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга салавот қандай айтилади?” деб сўрадим.
У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин камаа соллайта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд. Ва баарик ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммадин, камаа бааракта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд”, деб айт”, дедилар.
Салавотнинг маъноси: “Аллоҳим! Иброҳимга салавот йўллаганингдек, Муҳаммадга ҳам салавот йўллагин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан. Иброҳимга баракот берганингдек, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига ҳам баракот бергин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД