Оламларга раҳмат ўлароқ юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган Рабиул аввал ойида пойтахтимизнинг масжидларида мавлид ўқилмоқда. Жумладан, 9 декабрь куни Олмазор туманидаги “Имом Бухорий” жоме масжидида жума намозидан аввал мавлид ўқилди.
Бу муборак маросимга Муфтий ҳазратлари бошчилигида бир гуруҳ меҳмонлар ташриф буюриши унинг файзига файз қўшди. Масжид имом-хатиби, ноиблари Имом Барзанжийнинг “Мавлид”ини ўқишганидан сўнг Муфтий ҳазратлари юртимиз фаровонлиги, тинчлиги бардавом бўлишини сўраб, келаётган 2017 йил (“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг) ҳам халқимиз учун баракотли ва хайрли бўлишини тилаб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.