Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Пайғамбаримизнинг саҳобаларни тарбиялаш услублари

05.12.2016   1978   7 min.
Пайғамбаримизнинг саҳобаларни тарбиялаш услублари

Инсоннинг зиммасида ўз биродарига нисбаттан бажариши лозим бўлган бир неча масъулиятлари бор. Бу масъулиятни ҳамма ҳам ҳис қилиб бажаравермайди. Инсоннинг буюклиги ва азизлиги ўз биродари олдидаги масъулиятини бажариши билан белгиланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида: «Аллоҳ наздида дўстларнинг энг яхшиси, ўз дўстига яхшилик қиладиганидир»,  деб марҳамат қилганлар. (Имом Аҳмад ривояти)  

Ўз дўсти ва ён атрофидаги биродарларининг ҳаққини тўла тўкис адо қилган инсон бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳисобланадилар. У зот ҳар доим уларга табассум, очиқ чеҳра билан қарар эдилар. Бошқалар у кишига бемалол мурожат қилиши ва дардини айтиши учун ўзларини улар билан яқин тутар эдилар. Ҳеч ҳам бировга қўпол момилада бўлиб, дағаллик қилмас эдилар. Бақир чақир қилиб юрмас эдилар. Оғизларидан ҳеч ҳам уят сўз чиқмаган. Баъзи инжиқ одамлардек ҳамма нарсадан айб қидирмас эдилар. Ҳеч қачон бировни таҳқирламас, жеркимас ва айбламас эдилар. Бировни камчилиги ва сирларини билишга қизиқмас эдилар. Фақатгина савобли фойдали сўзларни гапирар эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини саҳобалар билан худди дўстдай тутар эдилар. Уларга қаттиққўллик билан муомалада бўлмас эдилар. Уларни ўзларидан нафратлантирмас эдилар. Улардан ҳол аҳвол сўраб илиқ муносабатда бўлар эдилар.

Агар бирга ўтириб қолишса, ҳар бирининг ҳурматини жойига қўйиб, эҳтиром кўрсатар эдилар. Агар бирор киши ҳожати чиқиб бирор нарса сўраб келса, ёнларида бўлса, унинг сўраганини бериб ҳожатини чиқарар эдилар. Агар у сўраб келган нарсани топа олмасалар, ширин сўз билан кўнглини кўтарар эдилар. У зотнинг сахийликлари ва самимийликларидан ҳамма баҳраманд бўларди. Аллоҳ «Оли Имрон» сурасининг 159 оятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламамнинг мулойим, меҳрибонликларини мақтаб марҳамат қилиб айтади: «Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар».

Тавба сурасининг 128 оятида эса: «Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди», деб марҳамат қилган.

Саҳобаларга таълим тарбия беришлари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига таълим тарбия борасида ҳам алоҳида вақт ажратиб уларни илмли ва инсонларга манфаъати тегадиган қилиб тарбиялар эдилар. У зотнинг ўзлари бу борада : «Мен сизларга таълим тарбия бериш борасида ота ўрнидаман», деганлар. (Имом Аҳмад ривоятлари)  

Агар саҳобаларидан бирортаси  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларини яхши тушунмаганини сезиб қолсалар, унга ўша масалани қайта тушунтириб берар эдилар. Тушунтиришдан ҳеч ҳам малолланмас эдилар. Шуннг учун намозини хато ўқиган кишига намозни таълимини бергач ҳалиги саҳобий: «Аллоҳга қасамки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўро ҳалимроқ ва яхши муаллимни учратмаганман», деган экан.

Саҳобалари билан маслаҳатлашишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларидан бири, бу у зотнинг бир ишни қилмоқчи бўлсалар, саҳобаларидан ўша иш хусусида маслаҳат сўрашлари эди. Аллоҳ « Оли имрон » сурасининг 159 оятида у зотни шу ишга буюриб: « Улар билан кенгашиб иш қилинг», деб марҳамат қилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу : «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек ўз саҳобалари билан бир иш борасида кўп маслаҳатлашган одамни кўрмадим», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи зодагонлардек инсонларни табақага ажратиб, фақатгина ўз табақасидаги бойлар билан ўтириш керак, деган тушунча нотоғри эканлигини ўз ҳаётларида амалий кўрсатиб бердилар. У зот камбағаллар билан бирга ўтириб, уларни эҳтиром қилар эдилар. Уйларидаги овқатни аҳли суффадаги камбағаллар билан бирга баҳам кўрар эдилар.   

 У зот ён атрофларидаги барча саҳобаларга эътиборли эдилар. Агар бирорта саҳобаларини жамоатда кўрмай қолсалар, у ҳақида сўраб суриштирар, агар касал бўлиб қолган бўлса, уни кўргани борар эдилар.

Агар у зотнинг хислатларини гапирадиган бўлсак қалам сиёҳи тугаши мумкину, лекин у зотнинг хислатлари тугамайди. Шу ерда хулоса қилиб шуни айтамизки, ҳар бир инсон корхонадаги ҳамкасби, ёнидаги дўсти, маҳалласидаги қўшниси, уйидаги аёли ва бола чақасига эътиборли бўлса, улар олдидаги ўз вазифаларини масъулятни ҳис қилган ҳолда бажарса, у инсон ўзидаги, оиласидаги ва бутун жамиятдаги муаммоларни осонлик билан ечиб, жамиятимизни гуллаб яшнашига хизмат қилган бўлади. Ахир бежизга Атоқли  файласуф  Шебол : "Муҳаммад(алайҳиссалом)нинг  одам  боласи бўлгани бутун инсониятга катта фахрдир. Чунки, у зот уммий(ўқиш-ёзишни билмаган) бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг бахтли, энг саодатли насллар бўламиз", демаган. 

Нурмуҳаммедова Васила

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Имом Бухорий" ордени — юксак эҳтиром рамзи!

28.08.2026   43898   2 min.

Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.

Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!

Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.

Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.

Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.

Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.

Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).

Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.

Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари