Биринчи Президентимиз И.Каримов таъбири билан айтганда ,“Сайлов – давлатнинг, халқнинг қиёфаси, сиёсий хоҳиш-иродасини намоён этадиган умуммиллий тадбир”.
Хусусан, Фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи ҳуқуқий-демократик давлатнинг асосий принципларидан бири ҳисобланади.
Юридик адабиётларда қайд этилишича, демократиянинг асосий шаклларидан бири бу – давлат ва жамият ҳаётининг муҳим муаммоларининг умумхалқ муҳокамасида ўз ечимини топиши – референдум ҳисобланади. Референдум атамаси лотин тилидаги “Referendum” сўзидан олинган бўлиб, “хабар берилиши лозим бўлган”, деган маънони англатади. Унинг ҳозирги моҳияти фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётида бевосита иштирок этишини билдиради.
Референдумнинг сайловларда овоз беришдан фарқи шундаки, у бирон-бир шахс мандатига юридик куч бермай, балки муайян масалани ҳал қилишга қаратилади. Конституция ва қонунларда белгиланган қоидалар асосида референдум орқали қабул қилинган қарор халқ иродаси ҳисобланади ва унинг юридик аҳамияти, одатда, парламент томонидан қабул қилинган қонун ва қарорлардан устун бўлади.
Сайловчиларнинг овоз беришини баъзан плебисцит деб ҳам аталади (лотинча plebiscitium – халқ қарори). Ҳуқуқий жиҳатдан референдум ва плебисцит ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, улар тўлиқ синонимлардир. Бироқ стилистик фарқ мавжуд бўлиб, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалаларига доир референдум қоида тариқасида плебисцит деб аталади.
Давлатмизнинг биринчи президенти Ислом Кармов ўзининг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли китобида сайлов ҳақида яна шундай фикрларни келтиради. “Шуни таъкидлашимиз керакки, сайлов, эркин, демократик сайлов принциплари биз учун фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳоҳиш иродасини ифодалашнинг энг ишончли ва самарали усули бўлиб қолади ва биз унинг тамойилларига ҳамиша содиқмиз”.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда сайлов ва референдум ўтказишнинг ҳуқуқий асослари тўлиқ яратилган.
Асосий қонунимиз, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида"ги Қонун (Янги таҳрири), "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги Қонун, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Қонун (Янги таҳрири), "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонун, "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида" Қонун (Янги таҳрири), “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунни (Янги таҳрири) мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган сайлов ва референдум ўтказишнинг ҳуқуқий асослари сифатида хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши мустаҳкамланган.
Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 май куни қабул қилинган “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 1-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги ва бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилиши белгиланган.
Ушбу қонунга мувофиқ сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, уларга референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловларида бевосита қатнашиш ҳуқуқи кафолатланади.
Сайловчилар ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш ва яширин овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар. Участка сайлов комиссиялари овоз беришни махсус ажратилган биноларда ташкил этиб, фуқароларга хоҳиш-иродани эркин ва яширин равишда билдириш имкониятини яратадилар.
Сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини назорат этишга йўл қўйилмайди.
Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўладиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилади.
Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.
Ўзбекистон фуқаролари сайловлар орқали ўз хоҳиш-иродаларини амалга ошириб, ўзлари сайлаган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини бошқаришда иштирок этадилар.
... “бўлиб ўтадиган Президент сайловининг демократик давлатларда қабул қилинган, эътироф этилган тизим бўйича, яъни муқобиллик асосида, холислик, ҳаққонийлик тамойилларига итоат қилган ҳолда ўтказилишига қараб, халқимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий савиясига, жамиятимизнинг демократик тараққиёт йўлидаги ривожига, Ўзбекистонимизниннг обрў-эътибори ва нуфузига баҳо берилади. Буни хеч хаёлимиздан, хотирамиздан чиқармаслигимиз зарур” ( И.Каримовнинг ўша асари 99-бети).
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, халқимиз мустақиллик йилларида бир неча сиёсий тадбирларни аҳил-иноқликда амалга ошириб келди.
Элимиз кун тартибида турган навбатдаги Президентлик сайловини ҳам уюшқоқлик билан ўтказиб, бутун дунёга Ўзбек халқи нафақат маънавий етуклиги, балки ҳуқуқий онги ва маданияти ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлаши шубҳасиздир.
Икромжон Мардонов,
Ўзбекистон мусулмонлари
идорасининг ҳуқуқшуноси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.
Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
- Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
- Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД