Соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича Британия мутахассислари олма сиркасини мунтазам истеъмол қилиш инфаркт ва инсульт каби оғир касалликларга чалиниш хавфини сезиларли равишда пасайтиришини аниқлашди. Бу ҳақда The Daily Mail ўз саҳифаларида эълон қилди.
Бирмингемдаги Астон университети олимлари 30 мл олма сиркасини бир стакан (200 мл) сувда аралаштириб, овқатланишдан олдин мунтазам ичиб боришни тавсия этишмоқда. Бу йўл билан қондаги холестерин миқдори 13% га камаяди. Бу кўрсатгич инсонда юрак-қон томирлари касалликлари келиб чиқиши эҳтимоли билан тўғридан-тўғри боғлиқдир.
Олма сиркаси нафақат инсульт ва инфаркт келиб чиқишининг олдини олади, у шунингдек, бутун инсон организмида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади: бу табиий маҳсулот инсон вазни камайишига – кишининг озишига сабаб бўлади, артритдан пайдо бўлган оғриқни енгиллаштиради ва ҳатто терини турли хил доғлардан тозалайди.
Лекин баданида мавжуд бўлган юқори миқдордаги холестеринга қарши дори-дармон истеъмол қилиб юрган кишиларга сирканинг фойдасига ишониб, таблеткалар истеъмол қилишни тўхтатиш тавсия этилмайди. Бу дори эмас, касалликлар олдини олишда қўшимча табиий воситадир, деб таъкидлайди мутахассислар.
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати