Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

25.11.2016 й. Соғлигимиз бойлигимиз

21.11.2016   9466   10 min.
25.11.2016 й. Соғлигимиз бойлигимиз

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат!  Муқаддас динимизнинг илоҳий таълимотида инсон учун зарур бўлган соғлиқнинг улуғ  неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш зарурлиги алоҳида таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муборак ҳадисларида:

("إِغْتَنِمْ خمَسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ وَغِنَاكَ قَبْلَ فَقْرِكَ وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ" (رواه البيهقي والحاكم

яъни: “Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: кексаликдан аввал ёшликни, бетобликдан аввал саломатликни, фақирликдан аввал бойликни, бир ишга машғул бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни ва ўлим келмасдан аввал ҳаётлик вақтни ғанимат билинг” – деганлар. (Имом Байҳақий,  Имом Ҳоким ривоят қилган).

Одамлар наздида тўлақонли, саодатли ҳаёт кечириш учун тананинг соғлом бўлиши, бирорта аъзонинг хасталикка чалинмаслиги, киши ўзини соғлом, бардам ва хушкайфият ҳис этиши керак. Акс ҳолда ҳаёт мазмуни йўқолади, турмушдан файз кетади, дунёнинг ҳеч қандай лаззати ва жозибаси татимайди.  Ҳаёт ширин, саломат умргузаронлик қилиш ундан ҳам ширин. Бахтли-саодатли турмуш кечириш учун эса инсонга аввало соғлиқ керак. «Энг ширин лаззат саломатликдир», деган Луқмони Ҳаким. Бирор жойингиз оғриб турса, бирор касаллик безовта қилиб турган бўлса, сизга ҳеч нарса татимайди. Шу боис ҳам бутун дунёда одамлар соғлиғини муҳофаза қилиш йўлида катта саъй-ҳаракатлар қилинади ва кўп маблағлар сарфланади.

 Демак, одамлар наздида тўлақонли, саодатли ҳаёт кечириш, Аллоҳ таолонинг амр-фармонларини бажариш, ибодатида қоим бўлиш учун энг аввало тананинг соғлом бўлиши, бирорта аъзонинг хасталикка чалинмаслиги, киши ўзини соғлом, бардам ва хушкайфият ҳис этиши керак.

Инсонни яратган Аллоҳ таоло бошқа синовлар қатори турли хасталикларни ҳам яратган. Айни пайтда уларни муолажа қилиш йўлларини, хасталикларнинг давосини ҳам инсонларга билдириб қўйган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

(وَالَّذِي هُوَ يُطْعِمُنِي وَيَسْقِينِ وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ (سورة الشّعراء/79-80

яъни: «Унинг Ўзигина мени едирур ва ичирур. Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур». (Шуаро сураси, 79-80-оятлар).

Яна бир ояти каримада эса Аллоҳ таоло Ўзи яратган миттигина махлуқи асалариларга одамлар учун шифобахш бўлган асал тўплаш вазифасини юклаб қўйганини зикр қилади:

(... يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ (سورة النّحل/69

яъни: “Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир”. (Наҳл сураси, 69-оят).

“Ал-Жомеъ ли-аҳкомил Қуръон” тафсир китобининг соҳиби мазкур ояти карима  мазмуни бетоб киши албатта дарди муолажасини олиш  ва ўз вақтида даволанишга далолат қилади, деб қатъий такидлайди.(5 жуз, 90 бет )

Азиз намозхонлар! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳам инсонларнинг саломатлигини асраш, турли хасталиклар муолажаси ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Ҳатто ҳадис китобларимизда “Тиббун-Набавий” (Пайғамбар табобати) деган алоҳида боблар ҳам бор. Қуйида ана шундай ҳадиси шарифлардан айримларини келтирамиз:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

("مَا أَنْزَلَ اللهُ دَاءً إلاَّ أَنْزَلَ لَهُ شِفَاءً" (رواه البخاري

яъни: «Аллоҳ қайси бир дардни туширган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Саъд розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"اذا سِمِعْتُمْ بِالطَّاعُونِ بِأَرْضٍ فَلاَ تَدْخُلُوها، وَاِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ وَأَنْتُمْ بِهَا فلا تَخْرُجُوا مِنْها"

(رواه البخاري).

яъни: «Агар бирор ерда ўлат борлигини эшитсангиз, у ерга кирманглар. Бордию у сизлар турган ерда тарқаса, у ердан чиқманглар», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

  Муҳтарам жамоат! Барча мавжудодлар ичида азизу мукаррам ва ақл-идрок соҳиби қилиб яратилган инсон зоти ўзининг ботиний ва зоҳирий тан аъзоларини Аллоҳ таоло белгилаб ва кўрсатиб қўйган ўринларда фойдаланиши ва ишлатиши лозим бўлади. Зеро, инсон уларнинг ҳар бири тўғрисида масъулдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло огоҳлантириб айтади:

وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا

(سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/36)

яъни: (Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур).

Шу билан бир қаторда инсон ўзига омонат қилиб берилган барча тана аъзолари ва ақлини турли ёмон иллатлардан, зарарлардан авайлаб сақламоғи лозим. Хусусан, тез суръатлар билан ривожланаётган ҳозирги асримизда оламшумул тарзда кенг тарқалаётган юқумли ОИТС касаллигидан эҳтиёт бўлиш керак бўлади. Зеро, инсон ўз соғлиғини асрашга масъул эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло ояти каримада: “Ўзларингизни асранглар”, - деб айтади. Бу муборак ояти каримада Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларга соғлиқларни асрашга буюрмоқда. 

Маълумки, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ва Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан бу касалликни даволаш ва тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда. Кейинги йилларда бу юқумли касаллик бўйича 150та давлатларда “Миллий ҳайъатлар” тузилди ва улар катта миқдорда маблағ билан таъминланди, “Глобал жамғарма” таъсис этилди. Бу касалликнинг олдини олиш ва уни одамлар ўртасида кенг тарқалмаслиги учун зарур бўлган барча чора-тадбирлардир.

Шунингдек, ҳар йили 1 декабрь ОИТС яъни, ортирилган иммун-танқислик синдромига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.

Бу юқумли касаллик ижтимоий касалликдир. Шунинг учун у кенг маънода нафақат иқтисодий, сиёсий зарар келтиради, шунингдек, оилавий, руҳий, маънавий, ахлоқий жиҳатдан салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Шундай экан, касалликнинг олдини олиш, даволаш, тарқалишини чеклаш ишларида ақл-заковат билан иш тутиш катта аҳамиятга эга. Шу сабабли руҳий тўсиқларни бартараф этиш керак бўлади. Бунинг учун ҳар қандай шароитда ҳам ахлоқ, одоб ва ўзаро ҳурмат руҳида яшаш, ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билган ҳолда ўзини ва ўзгани ҳимоя қила билиши, маънавий ва маданий жавобгарликни ўз бурчи деб билиши керак бўлади.

Муҳтарам жамоат! Жамиятимизда оз бўлсада учраб турган   гиёҳвандлик каби иллатлар ҳозирги кунда бутун жаҳонда ўта мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. Инсоният ва жамият учун балою-офат бўлган мазкур иллатларни таг-туги ва илдизи билан йўқ қилиш учун илмий асосланган, самарали усуллардан фойдаланишимиз керак.

Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ!”, - дейди. Эҳтимол, орангизда аксариятингиз “Биз бундай зарарли иллатлардан йироқмиз” деб ўйлашлари мумкин. Аммо мусулмон кишининг зиммасида шундайин улуғ вазифа борки, у ўзи мўмин ва тақволи бўлиш билан бирга жамиятдаги бошқа инсонларни ҳам шундай бўлишга чорлаши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек, 

("لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتىَّ يُحِبُّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ" (رواه البخارى وﻣﺴﻠﻢ

яъни: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзи севган нарсани биродарига ҳам бўлишини истамагунча ҳақиқий мўмин бўлмайди” (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу ҳадисдан шу нарсани тушунишимиз керакки, яъни ўзига раво кўрган фаровон ҳаёт, соғлиқ ва саломатликни бошқаларга ҳам раво кўриш, уларни ҳалокатга етакловчи иллатлардан қайтариш ҳақиқий мўминлик аломатларидандир. Шунинг учун маҳалла-кўй, ташкилот ва ўқув юртларида бўлганимизда ёшларга, гиёҳвандлик ва тамаки чекишнинг зарарлари ва офатлари ҳақида эринмай тушунтирайлик, уларни бу гуноҳ ва қалтис йўлдан қайтаришга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар қилайлик!

Мамлакатимизда инсон саломатлиги муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш борасида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар, тўпланган бой тажрибаларни ҳеч ким инкор қила олмайди.

Инсон саломатлиги энг улуғ неъмат эканлиги барчага маълум бўлган ҳолда, унинг қадрига етиш уни асраб-авайлаш ҳар доим ҳам муҳим масалалардан бўлиб келган. Соғлом одам оламни ҳам тиниқ мушоҳада қилади ва аниқ фикрлайди. Аждодларимиз соғ танда соғ ақл деб бежиз айтишмаган. Зеро, дунёнинг ободлиги, юртнинг тинчлиги ҳамда халқнинг фаровонлигига эришишда сиҳат-саломатлик асосий ўрин тутади.

Давлат томонидан оналар ва болалар саломатлигини авайлаб-асраш бўйича қилинаётган ишларни барчамиз биламиз. Бу йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани ва бу борада катта ҳажмдаги дастурлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга биз ўзимиз оиламиз, фарзандларимиз соғлиғи билан қанчалик қайғурмоқдамиз? Мусулмон эркакларнинг асосий бурчларидан бири ўзининг қарамоғидагиларнинг Аллоҳ уни масъул қилиб қўйганларининг соғлиғини эҳтиёт қилишдир. Уй-жойни, автомашинини таъмир қилишга катта харажат қилаётганимизда ота-оналаримиз, фарзандларимиз ва оилаларимиз соғлиғи учун нима қилдим? деган саволни қўя билайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни, хусусан ёш авлод бўлган азиз фарзандларимизни  ҳар томонлама соғлом бўлиши учун олиб бораётган холис ҳаракатларимизда, тарғибот ва ташвиқот ишларимизда муваффақиятлар ато этишини сўраб дуолар қиламиз! Омин.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   38185   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари