Йўл жамият аъзоларининг бир-бирлари билан боғланишлари, муносабат ўрнатишлари, мунтазам алоқаларни жорий этишлари воситасидир. Кишилар йўллар орқали уйдан уйга, маҳалладан маҳаллага, бир юртдан иккинчисига бориб-келишади. Инсонлар йўллар воситасида ҳаётлари учун керак бўлган юкларини ташийдилар. Ибтидоий жамият давридан бошлаб, ҳозиргача йўллар ижтимоий-иқтисодий ҳаётда муҳим ўрин эгаллаб келган.
Ҳаётнинг барча соҳасида тараққиёт, осонлик, кулайлик учун иўллар ўта зарур омилга айланиб қолди. Шунинг учун ҳам Исломда йўллар масаласига ўзига яраша алоҳида эътибор қаратилган. Йўлга ва йўл хизматларига оид ўзига хос қонун-қоидалар, одоб-ахлоқлар жорий қилинган.
Йўл қоидаларига қатъий риоя қилишни назоратга олиш муҳим вазифага айланди. Мамлакатимизда ҳатто мактабгача таълим муассасаларида ҳам йўл хавфсизлиги қоидалари ўргатилмоқда.
Ислом дини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам низом ва тавсиялар берган. Уловга минишдан олдин унинг йўлга тайёр эканини текшириш, носоз жойларини тузатиш лозим. Уловга белгилаб қўйилганидан ортиқ юк ортилмайди. Хавфсизлик чораларига тўлиқ амал қилиш, яъни, от-улов бўлса, эгарининг айилини ҳайвонга озор бермаган ҳолда маҳкам боғлаш ва жиловини яхши тортиш; автоуловда эса хавфсизлик камарини тақиш керак. Уловга маълум масофадан кейин дам берилади. Ҳайдовчи ҳам дам олиши мақсадга мувофиқ, чунки толиқиб йўлда ухлаб қолиши ёки улови ишдан чиқиши мумкин.
Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг учун ҳам йўл алоҳида эътиборга сазовор тармоқ ҳисобланади. Демак, бу тармоққа оид қоида ва одобларни ўрганиб, уларга амал қилиш юксак маданият, катта одоб ҳисобланади. Қўйидаги сатрларда мазкур йўл ва автоулов бошқариш одобларини эътиборингизга такдим этамиз:
- Йўлга яхши ният билан, керакли дуоларни ўқиб чиқиш.
Мусулмон киши доимо яхши ниятли бўлади. Бинобарин, йўлга чиққанда ҳам яхши ният билан чиқади. Ривоятларда келган йўлга чиқиш олдидан ўқиладиган дуоларда ҳам айнан яхши ният ифода қилинган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг барча нарсаларни ўнг тарафдан бошлашлари кўп ривоятларда келган. Уламоларимиз: “Йўлнинг ўнг тарафидан юриш мустаҳаб (яхши)дир”, деганлар.
- Йўл одобларидан бири ёрдамга муҳтож йўловчиларга ёрдам беришдир.
Йўл тасодифларга тўла, баъзи йўловчилар бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолишади. Мана шундай вазиятларнинг устидан чиқиб қолган кишилар, агар эҳтиёжи бор одамнинг ўзи ёрдам сўрамаса ҳам, ёрдам беришга шошишлари керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишига уловига минишига ёрдам беришинг ёки унинг устига анжомини олиб беришинг ҳам садақадир», дедилар».
- Йўл одобларининг энг муҳимларидан бири йўл қоидаларига риоя қилишдир.
Ҳар бир жамиятда кишиларнинг ўзаро муносабатларини тўғри йўлга солиш, инсонларни турли зарар ва кўнгилсизликлардан сақлаш мақсадида йўл қоидалари жорий қилинади. Ҳозирги пайтда булар халқаро қоидалар даражасига етган. Ушбу қоидаларга амал қилиш ҳамма учун зарур ва мажбурийдир. Мазкур қоидалар шариатимиз таълимотларига ҳам тўғри келади. Демак, мусулмонлар бу қоидаларга ҳаммадан кўра яхшироқ амал қилишлари керак.
Агар барчамиз ушбу йўл одобларига ва қоидаларига оғишмай амал қилсак, жуда катта ва савобли ишни амалга оширган бўламиз. Ҳаммамиз йўлларнинг моддий ва маънавий ободлиги, покизалиги, гўзаллиги учун ҳаракат қилайлик!
- Йўл одобларидан бири ҳар томонга алангламай, тўгрига қараб юришдир.
Улуғларимиз йўлда ҳар томонга аланглаб қарашни беодобликнинг қатталаридан деб
билишган.
- Йўл ҳакларидан бири йўловчилар билан саломлашишдир.
Хусусан, салом берганларга алик олишдир. Зотан, Исломда таниган ва танимаган ҳар бир киши билан саломлашишга катта эътибрр берилгани ҳаммага маълум.
- Йўл ҳакларидан бири адашган йўловчига йўл кўрсатишдир.
Йўлда борадиган жойини топа олмай, ёрдамга муҳтож бўлиб юрган кишилар тез-тез учраб туради. Уларга йўл кўрсатиб қўйиш бошқаларнинг бурчидир.
- Автоулов воситасини ҳайдовчи киши белгиланган тезликка риоя қилиши лозим.
Зотан, ноўрин шошилиш шайтондандир. Бундай ҳолатларда шошилиб, тезликни ошириш кўпчиликка зарар етказиши, одамларнинг асабини бузиши, Аллоҳ кўрсатмасин, ҳатто бахтсиз ҳодисаларга, йўл фалокатларига сабаб бўлиши ҳам мумкин,
- Автоулов воситасини ҳайдовчи ўзидан бошқаларга халал бермаслиги одобдандир.
Баъзи ҳайдовчилар ўз ҳамкасбларига халал берадиган ишларни ўйламай-нетмай
килаверишади, бу ғирт беодоблиқдир. Бошқаларнинг йўлини тўсиш, қизил чирокда ўтиб кетиш, автоуловни бепарволик ва қўполлик билан бошқариш, ўзга ҳайдовчиларнинг юришига халал берувчи бошқа ҳаракатларни қилишдан сақланиш лозим.
- Автоулов воситасини ҳайдовчи киши огохлантирувчи овоз чиқарувчи мосламани иложи борича чалмасликка ҳаракат қилиши зарур.
Баланд ва кутилмаган овоз кўпчиликка озор бериши, асабини бузиши, йўлдан чалғитишини унутмаслик керак. Бундай овоз воситалари билан автоуловларни жиҳозлашдан мақсад, зарурат юзасидан ишлатиш учундир. Бировлапни безовта қилиш, чўчитиш ва норозилик уйғотиш учун эмас.
- Автоулов воситасини ҳайдовчи ўз автоуловини тақикланган жойларда тўхтатмаслиги ҳам юксак одобдир.
Бу иш жамоатчилик одобларининг кўзга кўринганларидан биридир. Зотан, тўхташ тақиқланган жойга автоуловни тўхтатиш катта беодоблик, бошқаларга ҳурматсизликдир. Бу иш билан ҳайдовчи кўпчиликни беҳурмат қилган ва уларга ноқулайлик туғдирган бўлади.
Шариатимиз буюрган одобларга риоя қилиш ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Шунинг учун йўлда ДАН ходими биздан ҳайдовчилик гувоҳномасини, уловнинг техник кўриқдан ўтгани ҳақидаги ҳужжатни, дори қутичаси бор-йўқлигини, хавфсизлик камарини тақишни талаб қилса ёки уловга кўп юк ортилгани ҳақида огоҳлантирса, буни тўғри қабул қилиш лозим. Бу одоб ва мажбуриятларни бажариш ўзимизнинг ва ёнимиздаги ҳамроҳларимизнинг кўзланган манзилга соғу омон етиб олишимизни таъминлайди.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани
«Жомеъ» жоме масжиди имом хатиби.
Мазкур мақолада ислом фиқҳи нуқтаи назаридан бозордаги нархларни сунъий равишда белгиллаш, товарларни ушлаб туриш орқали нархни кўтариш (иҳтикор) амалиёти шариатда қандай баҳоланишига оид масалалар таҳлил қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва саҳобалар ривоятлари асосида нарх белгилаш ва эҳтикорнинг шариатдаги ҳукми, ижтимоий оқибатлари ҳамда замонавий хатарлари очиб берилган.
Ислом иқтисодий тизими адолат, ўзаро розилик ва зулмсиз муомала асосига қурилган. Бозор иқтисодиётида муҳим тушунчалардан бири – нарх белгилаш ҳуқуқидир. Шариатда бу масала шунчаки иқтисодий восита эмас, балки ахлоқий ва илоҳий қоида билан чамбарчас боғланган. Нархни сунъий равишда чегаралаш ёки тижорат молини ушлаб туриб нархни кўтариш – шариатда қораланган ишлардан ҳисобланади. Бу мақолада мазкур ҳолатларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муносабати, уламолар фатволари ва ижтимоий оқибатлари таҳлил этилади.
«Нархни чегаралаш» деганда масъул шахс ёки тараф томонидан нархни чегаралаб қўйиш тушунилади.
«Иҳтикор» деганда эса, турли йўллар билан бир хил савдо молини эгаллаб олиб нархни оширишга уриниш айтилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Одамлар: "Ё Аллоҳнинг Расули, нарх кўтарилиб кетди бизга нархни белгилаб беринг" дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳнинг ўзи нархни белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм, даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбаро бўлишни хоҳлайман" дедилар (Сунан эгалари ривоят қилдилар).
Қимматчилик кўпчиликни ташвишга солиб қўяди. Чунки бу ҳолат барчага зарар келтираётган бўлиб кўринади. Ҳамма бу ҳолатдан чиқиш йўлини истайди. Энг осон, энг содда ва ҳаммага «ялт» этиб кўринадиган чора бозорда нархни чегаралаб қўйиш бўлиб, кўринади. Нима учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни қилмадилар? Ҳатто баъзи саҳобалар бу таклифни қилганларида ҳам маъқул кўрмадилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир нарсага юзаки қарамасдилар.
Нархни чегаралаш вақтинча фойда бергани билан алдамчиликдир, кейин эса зарар бўлиши турган гап. Сўнгра тожирлар ўз фаолиятларини тўхтатадилар. Бу ҳол эса эл юртга бошқа томондан ризқ келишини маън қилади. Шунинг учун ҳам қанчадан-қанча бой давлатлар хонавайрон бўлади. Фақирилк ва мискинликка рўбарў бўлади.
Сотувчи ўз молини ўз ихтиёри ила ўзи хоҳлаган нархда сотса, яхши бўлади. Олувчи ўз ихтиёри ила ўзи рози бўлиб, хоҳлаган нархга олса, яхши бўлади. Муҳими, ўзаро розилик бўлиши керак.
Яхши ва сифатли нарсанинг нархи баланд бўлади. Ёмон ва сифатсиз нарсанинг нархи эса паст бўлади. Ҳаммаси бозор кўтаришига қараб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир киши бозор яхши кўтарадиган молни етиштиришга, олиб келишга қизиқади. Ҳамма шунга урингандан кейин юртда доимий ва ҳақиқий серобчилик, арзончилик ҳукм сурадиган бўлади.
Муаммар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир", дедилар (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).
«Иҳтикор» луғатда ушлаб туриш маъносини англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсани нархини ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришга «иҳтикор» деб айтилади.
Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсанинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.
Биринчиси мутлоқ мумкин эмас десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас деганлар. Иҳтикор ҳақида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган.
Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким таомни 40 кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ у Аллоҳдан воз кечган ва Аллоҳ ундан воз кечган бўлади. Қайси юртнинг аҳлидан бир киши оч ётган бўлса, батаҳқиқ, улар Аллоҳнинг зиммасидан тушган бўлурлар", деганлар.
Баъзилар шу ҳадисга суяниб эҳтикор фақат таомда бўлади дейдилар. Лекин жумҳур уламолар эҳтикор ҳақида ҳадислар кўп, шунинг учун бу ҳадис асос бўла олмайди дейдилар.
Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жалб қилувчи ризқлантирилгандир, эҳтикорчи эса лаънатлангандир", деганлар.
«Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келиб сотувчидир. Демак, бу иш, яхши ишдир. Ким бу ишни қилса ризқи улуғ бўлади. Аммо ўз юрти бозорида энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни кўтарувчилар лаънатлангандур. Чунки унга халқ муҳтож бўлиб турганди, у эса ишлаб чиқармай, бошқа юртдан олиб келмай фойда топишга уринган харомхўр кимсадир.
Имом Аҳмад Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким мусуломонларнинг нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта оловга ўтказмоғи ҳақ бўлади", деганлар.
Демак, эҳтикорчи бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлади.
Ашуров Маҳмудхон Муҳаммад Ғулом
Фойдаланилган адабиётлар: