Инсонларнинг соғлом, тана аъзолари бут яратилгани ҳам Парвардигорнинг уларга ато этган неъматларидандир. Инсонлар барча нарсада бўлгани каби касалликдан тезроқ тузалишда, дардларига шифо излашда ҳамиша Аллоҳ таолога муҳтождирлар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: “Эй инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, албатта, Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамдга лойиқ Зот)дир”.
Ҳар бир инсонга саломатликдан кўра муҳим, соғлиқдан кўра кўпроқ эътибор бериладиган нарсанинг ўзи йўқ. Шунинг учун кишилар хасталиклардан сақланиш, саломатликларини асраш ва мустаҳкамлаш учун куч-ғайрат, маблағ ва вақтни аяшмайди. Бунда турли муолажа усуллари, спорт ва бадантарбия машқларидан ҳам, Аллоҳ яратиб қўйган турли шифобахш неъматларни истеъмол қилишдан ҳам, тез-тез шифокор ва табиблар қабулида бўлиб, улардан маслаҳат ва тавсия олиб туришдан ҳам эринишмайди.
Булар бежизга эмас. Ҳаёт ширин, саломат умргузаронлик қилиш ундан ҳам ширин. Бахтли-саодатли турмуш кечириш учун эса инсонга аввало соғлик керак. Ривоят қилинишича, Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан дуо ўргатишни сўраганларида, Пайғамбаримиз: “Аллоҳдан афв ва офият тилагин. Зеро, У ҳеч кимга қатъий имон-ишончдан кейин офиятдан кўра афзалроқ неъмат ато этмаган”, деган эканлар. Офият бу – танимиз соғлиги, ризқимиз мўллиги ва турли хавф-хатарлардан омонликдир.
Лекин саломатлик, бойлик ва офиятнинг қадри кўпинча улар ўртадан кўтарилгандан сўнг билинади. Ўз вақтида сиҳат-саломатлигимизнинг қадрига етиб хайрли амаллар қила олмаймиз, ибодатларимизни мукаммал қила олмаймиз. Бойлик келган вақтда унинг шукрини адо қилиш ўрнига, кибр ва манманлик отига минамиз. Набий (алайҳиссалом) айтганларидек: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар: сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”. Шунингдек, кўплаб ҳадисларда ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлиги алоҳида таъкидланган.
Зеро, тананинг соғлом бўлиши ва уни турли касалликлардан сақлаш ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади. Ҳозирги кунда қанчалик дори-дармонлар кўпаймасин, тиббий муассаса сифати, шифокорлар савияси, тиббий техника яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги ҳақида қайғурмаса, кутилган натижага эришиб бўлмайди.
Инсон учун бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Шунинг учун ҳам инсон ўз соғлигини эҳтиёт қилиши вожиб амаллардан ҳисобланади.
Доно халқимиз “Соғлик – туман бойлик” деб бежиз айтмаган. Ақл-идрок соҳиби бўлган инсон ўз ҳаётини қадрлаши лозим бўлади.
Кишилар мунтазам тансиҳатлик, доимий соғлик ҳақида қанчалик қайғуришмасин, бу йўлда нечоғли фидокорлик кўрсатишмасин, ҳар вақт, ҳар қачон батамом саломат бўлишнинг асло иложи йўқ. Бирорта одам ўзини ҳар жиҳатдан “соппа-соғман” деб ҳисоблай олмайди, “менинг ҳеч қандай касалим йўқ”, дея баралла айта олмайди.
Бундан кўриниб турибдики, касалликларнинг келиб чиқиш сабаби кўп бўлса-да, унинг асли фақат бир моҳиятга бориб тақалади. Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақти билан, баъзиларни эса бир умрга турли хасталиклар, аъзоларнинг майиб-мажруҳлиги ёки етишмовчилиги билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) марҳамат қилиб айтадилар: “Аллоҳ кимгаки яхшиликни истаса, унга мусибат беради”. Яна бир ривоятда: “Мўминга нимаики касаллик, машаққат, ташвиш, қайғу ва озор етса, ҳатто унга тикан кирса ҳам, албатта, Аллоҳ шу сабабли унинг гуноҳларини ўчиради (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ривоятлардан бизларга етадиган касалликлар мутлақ зарар эмас, балки фойдамизга бўлиши очиқ-ойдиндир. Чунки касаллик туфайли мусулмон киши ўзининг ожизу нотавон бир банда эканлиги, ҳар лаҳзада Аллоҳнинг иноятига муҳтож экани ёдига тушади. Аллоҳга илтижо қилиб, шифо ва енгиллик сўрайди. Сабр қилади. Натижада кўп яхшиликларга эришади. Шундай экан бирор касалликка чалинган кишилар ранжимасдан, жазавага тушмасдан буни Аллоҳнинг синови ва неъмати деб билишлари мақсадга мувофиқдир.
Фурқат ЖУМАЕВ,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме
масжиди имом-хатиби
Бугун, 4 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саад бин Носир бин Абдуллоҳ Абу Хаймид жанобларини қабул қилдилар.
Мулоқот аввалида Муфтий ҳазратлари элчи жанобларининг юртимиздаги шарафли ва масъулиятли дипломатик фаолиятига муваффақият тиладилар. Суҳбатда икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва дўстона муносабатлари натижасида илмий-тадқиқот, таълим, маънавий-маърифий соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган ҳафтада Президентимиз томонидан элчининг ишонч ёрлиғини қабул қилиш чоғида Саудия Арабистони билан ўрнатилган алоқалар ва зиёратчиларга яратилаётган шароитлар юқори баҳолангани алоҳида эътироф этилди.
Учрашув чоғида диний-маърифий йўналишдаги ҳамкорликнинг ёрқин намуналари қайд этилди. Яқинда юртимизда ўтказилган халқаро форумга Масжид ал-Ҳаром имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд ва Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари Абдураҳмон Зайднинг ташрифи, шунингдек, Тошкент ислом институти устозларининг Макка ва Мадина шаҳарларида малака ошириб қайтгани мамнуният билан тилга олинди. Шу билан бирга, келгусида саудиялик таниқли уламоларнинг ҳам ташрифларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ҳаж ва Умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада юқори савияга олиб чиқиш борасидаги мақсадлар муштарак экани билдирилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди билан хайрия алоқалар эътироф этилиб, маданий-маърифий, илм-фан, ўзаро тажриба алмашиш йўналишларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Томонлар икки халқ ўртасидаги биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва муҳокама қилинган долзарб масалалар бўйича биргаликда саъй-ҳаракат қилишга келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати