Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2025   |   29 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
25 Июн, 2025, 29 Зулҳижжа, 1446

Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайётнинг тушлари

10.11.2016   10380   15 min.
Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайётнинг тушлари

Ҳофиз Ал-Миззий ўзининг «Таҳзиб алкамал» китобида, Ибн Жавзий «Сифату ас софва»да, Ибн Шоҳин «Ишарот фи илмилъибарот» асарида Халаф ибн Ҳишомдан ривоят қилади: «Сулайм менга шундай деб айтиб берди: «Мен Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайётнинг олдига кириб, уни чаккасини ерга бериб, йиғлаб ётган ҳолда кўрдим ва: «Сендан Аллоҳнинг паноҳига қочаман!», дедим. Шунда у: «Эй, нега паноҳ сўраяпсан?! Бу кеча мен туш кўрдим: гўё қиёмат қоим бўлибди, Қуръон қорилари чақирилаётган экан. Мен ҳам ҳозир бўлганлар ичида эдим. Бир сўзловчининг ширин сўзлар билан: «Менга фақат Қуръонга амал қилганларгина киради», деяётганини эшитиб, орқага тисарилдим. Шунда ҳотифдан бир овоз менинг исмимни айтиб: «Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайёт қани?», деди. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг жарчиси, лаббай», дедим. Шу пайт бир фаришта менга: «Лаббай, Аллоҳим, лаббай», дегин!», деди. Мен унинг айтганини айтдим. Кейин мени бир уйга киргизди, мен у ерда қориларнинг шовқинини эшитдим. Бу жойнинг ҳайбатидан қалтираб туриб қолдим. Шунда бир сўзловчининг: «Сенга зарари йўқ. Ўқи ва кўтарил», деганини эшитдим. Юзимни буриб қарасам, оқ дурдан бўлган бир минбарнинг олдида турибман. Унинг икки табақаси сариқ ёқутдан, зиналари яшил забаржаддан экан. Менга: «Ўқи ва кўтарил», деди. Мен унинг устига чиқдим. Кейин менга: «Анъом» сурасини ўқи!», дейилди. Мен ўқишга киришдим, бироқ кимга ўқиб бераётганимни билмасдим. Ниҳоят олтмишинчи оятгача етиб келдим. «У бандалари устидан мутлақ ғолибдир» оятига келганимда, менга: «Эй Ҳамза! Бандаларим устида мутлақ ғолиб эмасманми?» деди. «Ҳа, шундайсан», дедим. У Зот: «Тўғри айтдинг. Ўқийвер», деди. Мен ўқиб, сурани тамомладим. Яна: «Ўқи!» деди. Мен «Аъроф»ни ўқиб, ниҳоят унинг охирига келиб, саждага эгилдим. Шунда У Зот: «Сенга ўтмишдагилари етарли, сажда қилма, эй Ҳамза. Бу қироатни сенга ким ўқитди?», деди. «Сулаймон», дедим. «Тўғри айтдинг. Сулаймонга ким ўқитган?», деди. «Яҳё», дедим. «Яҳё тўғри айтибди. Яҳё кимга ўқиб берган?», деди. «Абу Абдурраҳмон Суламийга», дедим. «Абу Абдурраҳмон тўғри айтибди. Абу Абдурраҳмонга ким ўқитибди?», деди. «Набийингнинг амакисининг ўғли Алий ибн Абу Толиб», дедим. «Алий тўғри айтибди. Алийга ким ўқитибди?», деди. «Набийинг соллаллоҳу алайҳи васаллам», дедим. «Набийимга ким ўқитибди?» деди. «Жибрийл», дедим. «Жибрийлга ким ўқитибди?», деди. Мен жим қолдим. Шунда менга У Зот: «Эй Ҳамза, «Сен» деб айт», деди. Мен эса «Сен» деб айтишга журъат қила олмасдим. У Зот: «Сен» деб айт», деди. Мен: «Сен», дедим. «Рост айтдинг, эй Ҳамза! Қуръоннинг ҳаққи шуки, Мен Қуръон аҳлини албатта икром қилажакман. Айниқса, агар Қуръонга амал қилган бўлсалар. Эй Ҳамза, Қуръон Менинг каломим. Мен ҳеч кимни Қуръон аҳлини севганимдек севмаганман. Яқин кел, эй Ҳамза», деди. Мен яқин келдим. У Зот қўлини ғолияга (хушбўйликка) солдида,  уни менга суртди ва: «Буни фақат сенга қилаётганим йўқ. Сендан олдинги ва кейинги сенкаби кишиларга шундай қилганман. Ким сен Қуръон ўқитганинг каби Қуръон ўқитса, фақатгина Менинг ҳузуримга келади. Ҳузуримда сенга беркитганларим бундан ҳам кўп, эй Ҳамза. Дўстларингга Менинг Қуръон аҳлига муҳаббатим қанчалар эканини ва уларга қандай муомалада бўлишимни билдир. Улар Менинг танланган, энг яхши бандаларимдир. Эй Ҳамза! Иззатим ва улуғлигимга қасамки, Қуръон тиловат қилган тилни, уни ёд олган қалбни, уни тинглаган қулоқни ва унга қараган кўзни дўзахда азобламайман», деди. Мен: «Ўзинг поксан! Ўзинг поксан! Эй Роббим!», дедим. У Зот: «Эй Ҳамза! Мусҳафга қараб ўқувчилар қани?», деди. Мен: «Ҳофизларими?» дедим. «Йўқ! Лекин уни Мен улар учун муҳофаза қиламан. Улар Менинг ҳузуримга келишганда Мен уларни ҳар бир оят учун бир даража кўтараман», деди. Ҳамза Сулаймга: «Сен энди мени йиғлаб, чаккамни тупроққа белаганим учун маломат қиласанми?», деди».

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Хато – банданики

24.06.2025   4539   1 min.
Хато – банданики

Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди: 
 

– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...


Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.


Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:

– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.


Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.


Имом унга деди:

– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?


Йигит жавоб берди:

– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.


Имом деди:

– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...


Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди. 


Акбаршоҳ РАСУЛОВ