Асҳабус-суффа луғатда: Тепаси соябонли қилинган жой эгалари маъносини англатади. Истилоҳда эса асҳобус-суффа деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қоладиган бирор бошпанаси ҳам, мол-мулки ҳам бўлмаган фақир саҳобалар тушунилган.
“Асҳабус-суффа” баъзи ривоятларда “Аҳли суффа” деб ҳам аталган.
“Асҳабус-суффа” ва уларнинг яшаш тарзлари ҳақида жуда кўплаб ривоятлар келган:
Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қуйидаги қавлини ривоят қилган: "Асҳабус-суффа"дан етмиш кишини кўрганман. Уларнинг эгниларида фақатгина ридо (баданнинг фақат тепа қисмини тўсадиган кийим) ёки изор (баданнинг пастки қисмини тўсадиган кийим) ё бўйинларига ўраб олишган бирор кийим бўларди. Баъзилариники болдирларининг яримига етса, баъзилариники тўпиқларигача етарди. Аврати кўриниб кетишидан хавфсираб кийимини қўли билан чангаллаб турарди”.
– Бадриддин Айний “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳил Бухорий” асарида шундай ёзган: “Баъзилар “Асҳабус-суффа” деб номланиш сабаби ҳақида шундай дейишган: Бошпаналари йўқ ғариб кишилар масжид эшиги ёнида саф бўлиб туришар эди. Шу сабабли улар “Асҳабус-суффа” (сафланиб турувчилар) деб номланган”.
Ҳа, саҳобаи киромларнинг ҳаётлари билан яқиндан танишган сайин уларнинг улуғ мақомлари ҳақида айтилган сўзларнинг ҳақиқати янада яққол намоён бўлиб бораверади. Ҳадиси шарифда саҳобаларнинг мамақомлари шундай баён қилинган:
عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « لاَ تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ » رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним унинг қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортасининг “муд” (544 грамга тенг ўлчов бирлиги)ига ҳам, унинг (муднинг) ярмига ҳам эриша олмайди”. Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
Жорий йилнинг 10 май куни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигида Қўрғонтепа туманидаги “Юнус Али Охунд” жоме масжидида вилоятнинг шаҳар ва туманлари бош имом-хатиблари, отинойилар ва ҳожилар иштирокида Қўрғонтепа тумани хамда Хонобод шаҳрида фаолият кўрсатаётган масжид имом-хатибларининг фаодият самарадорлигини ошириш юзасидан сайёр семинар йиғилиши ўтказилди.
Даставвал семинар иштирокчилари бўлган шаҳар-туман бош имом-хатиблар, отинойилар томонидан ўзларига бириктирилган хонадонларга кириб, аҳоли билан юзма-юз кўришиб, уларга маънавий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Сўнг эса шаҳар-туман бош имом-хатиблари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо этиб, намозга келган жамоатга маърифий суҳбатлар қилиб бердилар.
Семинар йиғилишида эса нотиқлар томонидан Қўрғонтепа тумани хамда Хонобод шаҳридаги масжидларнинг фаолияти ҳақида кенг маълумотлар берилиб, туманида фаолият кўрсатаётган имом-хатибларнинг фаолият самарадорлиги ошириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, тумандаги Масжид имом-хатиблик фаолиятида намунали ва фаол мехнат қилаётган имом-хатиб вилоят бош имом-хатибининг ташаккурномаси ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Семинар якунлангач эса, қозидомла бошчилигида масжид ҳудудига яхши ниятлар ила ўн туп манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Андижон вилоят вакиллиги Матбуот хизмати