بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Етим сўзи арабча бўлиб “ёлғиз, якка” маъносини англатади. Шариатда отасини йўқотган балоғат ёшига етмаган шахсларга нисбатан айтилади. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам марҳамат қиладики:
(" لا يُتْمَ بَعْدَ احتِلامٍ" (رواه الطبرانى
яъни: “Эҳтилом бўлгандан кейин (болағат ёшига етган) етим бўлмайди” деганлар.
Жамиятда меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганлар, ота-онасидан эрта айрилган етимлар ҳам мавжуд экани маълум. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрилар экан, унда хусусан етимларга ғамхўрлик қилиш уларни ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларига аҳамият берилган жамиятда бирдамлик, меҳр-оқибат, барака ҳамда хотиржамлик ҳукм суради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида хайру эҳсонни кимларга ва қандай қилинишини айтиб, улар орасида етимларни алоҳида зикр қилиб ўтган:
(يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ (سورة البقرة/215
яъни: “Сиздан (эй Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”.
Маълумки, фарзандни моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаш асосан отанинг вазифасидир. Бироқ тақдир тақозоси билан отаси вафот этган бўлса, гўдакнинг барча таъминотлари билан шуғулланишни шариатимиз жамият зиммасига юклайди. Етимларни кафолатга олиш ва уларга ғамхўрлик қилиш энг шарафли фазилат экани ҳақида ислом таълимоти бизларга таълим беради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламга Аллоҳ таоло етимликда қандай парвариш этилгани тўғрисида эслатиб шундай дейди:
(أَلَمْ يَجِدْكَ يَتِيمًا فَآَوَى وَوَجَدَكَ ضَالًّا فَهَدَى وَوَجَدَكَ عَائِلًا فَأَغْنَى فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلَا تَقْهَرْ وَأَمَّا السَّائِلَ فَلَا تَنْهَرْ وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ (سورة الضحى/6-11
яъни: “(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”.
Етимни кафолатга олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан у зот:
(" أَنَا وَ كَافِلُ الْيَتِيمِ فيِ الْجَنَّةِ هَكَذَا وَ أَشَارَ بِالسَّبَّابَةِ وَ الْوُسَطَى وَ فَرَّجَ بَيْنَهُمَا " (رواه البخاري
яъни: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз” – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар.”
Бошқа бир ҳадисда эса: “Уйларнинг энг яхшиси етим бола парвариш қилинадиган уйдир”, - деганлар.
Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилар етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.
Аллоҳ таоло етимлар ҳаққини емасликни ва улар балоғат ёшига еткандан кейин, уларни ҳақларини ўзларига қайтариб беришга буюриб шундай марҳамат қилади:
وَابْتَلُوا الْيَتَامَى حَتَّى إِذَا بَلَغُوا النِّكَاحَ فَإِنْ آَنَسْتُمْ مِنْهُمْ رُشْدًا فَادْفَعُوا إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ وَلَا تَأْكُلُوهَا إِسْرَافًا وَبِدَارًا أَنْ يَكْبَرُوا وَمَنْ كَانَ غَنِيًّا فَلْيَسْتَعْفِفْ وَمَنْ كَانَ فَقِيرًا فَلْيَأْكُلْ بِالْمَعْرُوفِ فَإِذَا دَفَعْتُمْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ فَأَشْهِدُوا عَلَيْهِمْ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيبًا (سورة النّساء/06)
яъни, “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир ” . (Нисо сураси, 6-оят).
Фатавоий Оламгирия китобида: “Етим 18 ёки 19 ёшдан ўткандан кейин унга отасидан қолган меросни ҳаммасини берилиши шарт” дейилган.
Афсуски, ҳозирги кунда қариндош-уруғчилик ҳаққини унутиб етимларни қаровсиз қолдириб, уларни етимхоналарга олиб бориб ташлаётган инсонлар ҳам оз бўлсада учраб турибди. Нафақат етимларни, ҳатто ёруғ дунёга келтириб вояга етказган кекса ота ёки онасини қариялар уйига олиб бориб қўяётган фарзандлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ўз тинчларини ўйлаб бундай ғайриинсоний ишларга қўл ураётган фарзандлар унутмасинларки, кексайган вақтларида ўзларига ҳам фарзандларидан шундай жавоб қайтиши муқаррардир.
Кейинги пайтларда “тирик етимлар” деган иборанинг кўп эшитилишига ҳам асослар бор. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими?!
Динимиз таълимотида оила ва фарзандларининг нафақалари ва тарбияларига умрини бахшида қилган кишиларга жуда юқори даража ва мартабалар, ажру савоблар берилажаги тўғрисида башоратлар бор. Оят ва ҳадисларда фақат етим-есирларга эмас, балки барча моддий-маънавий ёрдамга муҳтож кимсаларга мурувват кўрсатиш, бақадри имкон ёрдам қўлини чўзишга даъват этилади. Ҳадиси қудсийда: “Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан”, - деб Парвардигори олам ваъда қилгани баён этилган. Демак, динимизда меҳрибонлик, сахийлик ва ҳожатбарорлик каби хислатлар кенг тарғиб қилинган.
Бежизга Қуръони каримнинг бир неча оятларида, кўплаб ҳадиси шарифларда уларнинг ҳаққига риоя қилиш, отасиз қолган болаларга раҳм-шафқат кўрсатиш қайта-қайта таъкидланмаган. Уларнинг таълим тарбияси, инсоний фазилатлари баркамол бўлиши йўлида лозим бўлган барча ишлар амалга оширилмоқда.Улар балоғатга етиб жамиятда ўз ўринларини топишларида биз ҳам холисона кўмак беришимиз зарур. Шу боис барчаларимиз атрофимиздаги етимларга мусулмонларга хос меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатайлик, юртимиздаги меҳрибонлик уйларининг ҳолидан ва етим болалар аҳволидан ҳамиша хабардор бўлайлик, уларга қўлимиздан келганича ёрдам ва шафқат кўрсатайлик. Маълумки, мамлакатимизда эзгуликка муҳтож ташна қалбларга,етим-есирлар ва ногиронларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳукуматимиз томонидан яхши йўлга қўйилган. Етимлар учун меҳрибонлик уйлари фаолият кўрсатиб турибди. Саховатпеша инсонлар ана шундай жойларга хайр-эҳсон қилиб, уларнинг кўнгилларини кўтариб, хабар олиб туришлари ҳам айни савоб ишлардандир.
Бизнинг аждодларимиз доимо етимларнинг бошини силаган, ота-онанинг ҳаққини адо этган, уларнинг ҳурматини жойига қўйган халқ бўлган. Шундай экан биз ҳам ўзаро меҳр-оқибатни унутмайлик.
Бугунги кунда бу борада давлатимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, етимларга жойлардаги маҳалла фуқаролари йиғинлари томонидан ҳар томонлама ёрдам бериб келинмоқда.
Биз ўзимиз яшаётган маҳаллаларда яшаётган етимларни яхши биламиз. Биз уларга қўлимиздан келганича хайр саховат қилайлик. Шунингдек, “Мурувват” уйларига моддий ёрдамларимизни кўрсатиб Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру-савобларга эга бўлайлик.
Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин! Омин.
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси