frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

28.10.2016 й. Ақидада адашмайлик

24.10.2016   7658   9 min.
28.10.2016 й. Ақидада адашмайлик

(динда ғулувга кетишнинг салбий оқибатлари)

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! “Ғулув” арабча сўз бўлиб, “чегарани бузмоқ, ҳаддан ошмоқ” деган маъноларни билдиради. Шариатда эса, дин ишларида эътибор қилинган миқдордан ҳаддан ташқари ошириб юборишдир.

Диндаги ғулувга кетишнинг энг ёмон тури – етарли илми бўлмаса ҳам Қуръонни ўзича талқин қилишдир. Бундан ташқари, Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир. Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, диндаги ғулув кўп ҳолларда динни яхши тушиниб етмасликдан бўлади.

Аллоҳ таоло огоҳлантириб бундай дейди:

لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ غَيْرَ الْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعُوا أَهْوَاءَ قَوْمٍ قَدْ ضَلُّوا مِنْ قَبْلُ وَأَضَلُّوا كَثِيرًا وَضَلُّوا عَنْ سَوَاءِ السَّبِيلِ

яъни: “Динингизда ҳаддан ошмангиз” ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида, 77).

Динда чуқур кетмаслик ва қаттиқлик қилмаслик ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар:

قال رسول الله  r: "هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ، هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ  

яъни: "Аллоҳ таоло шариатида ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар" деб уч марта айтдилар.

Қадрли намозхонлар! Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг хатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ. Зеро, улардаги “такфир” (ўзларига эргашмаган ёки диний аҳкомларни тўлиқ бажармаганларни кофирга чиқариш), “жиҳод” ва “ҳижрат” каби масалаларда ғулувга кетиб мусулмонларнинг покиза номига доғ туширмоқдалар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув ҳажида бундай насиҳат қилганлар:

قال رسول الله  r: " إياَّكم وَالغُلوَّ في الدينِ، َ فإنها أَهْلَكَ مَنْ كان قَبلَكم الغلوُّ في الدين

яъни: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Имом Насаий ривояти).

Муҳтарам намозхонлар! Тарихдан маълум, ғулув катта фожиаларга сабаб бўлган. Ҳозирда ғулувга кетганлар ҳам мусулмонларни куфрда айблаган хаворижлар тоифасига ўхшаб кетмоқда. Мусулмонларни мазкур такфир билан айблаш мусулмон жамиятларида яқинда пайдо бўлган ҳолат эмас. Бундай аянчли амалиёт Ҳазрат Али (р.а.) даврларининг сўнгида юзага келган хорижийлар фаолиятида авжига чиққан эди. Бу тоифа вакиллари инсонлар ўртасида фитна келиб чиқишига сабаб бўлувчи турли саволлар билан мусулмонларга мурожаат этар, ўзлари учун мақбул жавобни бермаганларни «кофир» дея эълон қилишарди.

Шунингдек, улар гуноҳ содир этган ёки диний амалларни бажаришда камчиликларга йўл қўйган мусулмонни куфрда айблаб, унинг қонини ҳалол, яъни ўлдиришни мубоҳ санашган эди. Хавориж ёки хорижий номи айни шу бузғунчи оқимга нисбатан айтилса-да, кўплаб дин уламолари бугунги кундаги илми оз бўлса-да ўзини доно санаб, ўзидан бошқа мусулмоннинг имонига шубҳа билан қарайдиган айрим тоифаларни ҳам «замонамиз хорижийлари», деб атамоқдалар.

Ўзидан бошқаларни кофирликда айблаш ислом дини таълимотига зид экани ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда келтирилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: «Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади».

Гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ушбу тушунчаларга изоҳ бериб ўтсак.

Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид иш ҳисобланади. Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.

“Ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Муҳаммад пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васалам)нинг Маккани тарк этиб, Мадинага кўчиб ўтишларидир. Аммо бузғунчи оқимлар етакчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангариларнинг лагерларига жўнатиб, “ҳижрат қилмаган диндан чиқади, ҳижрат учун мусулмонга ота-онанинг рухсати шарт эмас”, каби сохта  иддаолар билан алдамоқда.

Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

(جاء رجل الى النبي  وقال: "أبايِعُكَ على الهجرةِ وتركتُ اَبَوَيَّ يَبْكِيانِ، فقال إرجِع إليهما فَأَضْحِكْهما كما أَبْكَيْتَهما" (رواه أبو داود

яъни: Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, дейди. У зот эса: “Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай хурсанд қилгин”, деб жавоб берадилар (Абу Довуд ривояти).

 Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам айтганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло  ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, дейилади. Шунингдек, Абу Усмон Мужошиъ ибн Маъсуд ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ...”, дедилар.

Ваҳоланки, ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир. Инсонларни тинч ва осойишта диёрдан дин номидан қотилликлар ошкора қилинаётган фитна маконларига чорлашдек қабиҳ ишлар ҳеч қачон “ҳижрат” бўла олмайди.

Қадрли намозхонлар! Бузғунчи кучлар бугунги кунда “Odnoklassniki”, “Facebook”, “Vkontakte”, “Мой мир”, “Twitter” каби­лардан фойдаланишади. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар интернетга кирувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиш ва маълумот алмашишлари учун жуда қулай воситадир.

Бу кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сураётган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилишяпти. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ жоҳил ёшларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.

Афсуски, бугунги кунда дин ниқоби остида бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишлар, обод шаҳар-қишлоқларни вайрон қилишлар давом этаяпти. Энг ачинарлиси, аксарият ҳолатларда бу урушларга диний тус бериляпти. Жангарилар ўзларига эргашмаган барча мусулмонларни қатл қилиб, аёллар ва болаларни эса қул сифатида сотиш каби қабиғ ишларга қул ураётгани гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ҳурматли намозхонлар! Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ   

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 208).

Шунинг учун дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳамиша огоҳ бўлиш, она-Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор. Айниқса, бу таълимотни ёшларимиз, фарзанду набираларимизнинг қалбига мустаҳкам жойлаш барчамизнинг ҳам қонуний, ҳам шаръий вазифамиздир.

Шундай экан бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етайлик. Халқимизнинг ибораси билан айтганда, Аллоҳ берган насибамизни териб юрибмизми, шу онларнинг қадрига етайлик, тинмай бунинг шукрини қилайлик. Яратгандан бир-биримизга имон мустаҳкамлиги, тинчлик-омонлик, осойишта ҳаёт ва хотиржамлик тилайлик!

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитна, ғалимислик ва ихтилофлардан узоқ қилиб, Ўзининг рушду ҳидоятидан асло айирмасин. Омин.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   1328   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

О'збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари