بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳнинг ҳукми билан инсонлар моддий имкониятларига кўра турли тоифаларга бўлинди. Албатта Аллоҳ барчани бой қилишга қодир бўла туриб уларни бой ва камбағал қилиб қўйишида жуда кўп ҳикматлар бор. Аллоҳ баъзиларга ризқни кенг ва баъзиларга эса тор қилиб берганидаги асосий ҳикматлардан бирини баён қилиб шундай дейди:
وَلَوْ بَسَطَ اللَّهُ الرِّزْقَ لِعِبَادِهِ لَبَغَوْا فِي الْأَرْضِ وَلَكِنْ يُنَزِّلُ بِقَدَرٍ مَا يَشَاءُ إِنَّهُ بِعِبَادِهِ خَبِيرٌ بَصِيرٌ
яъни: «Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб юборса, албатта, улар ер юзида тажовузкорликка ўтиб кетган бўлур эдилар. Лекин У ўзи хоҳлаганича ўлчов билан (ризқ) туширур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва (ҳамма нарсани) кўриб турувчидир». (Шўро сураси 27 оят).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради», дедилар». (Термизий ривояти)
Аллоҳ йўлида қилинадиган садақа ва эҳсонларнинг фазилати тўғрисида Қуръонда шундай дейилган:
إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
яъни: «Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир». (Бақара сураси, 271 оят)
Демак садақани хоҳ ошкора хоҳ яширинчи берсин, нияти холис бўлса, садақага ваъда қилинган мукофотга яъни гуноҳларининг кечирилишига эришади. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайри эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам манфаъат келмайдиган одамга имконидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни имони борлигига)», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Демак хайри эҳсон қилиш орқали имонимиз борлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлар эканмиз. Абу Кабша ал-Анморий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарсага қасам ичаман: «Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар», дедилар.
Ади ибн Ҳотам (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайсингиз яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам, юзини дўзах оловидан асрашга қодир бўлса, шу ишни қилсин», дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Эҳсон қилиш энг олдин сизни туғиб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Имом Насафий ва Хозин тафсирларида зикр қилинишича, фарзанд учун ота-онанинг мақоми шунчалар улуғки, у ота-онани номи билан чақирмай, балки «отажон, онажон» каби ширин сўзлар мурожаат қилиши, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслиги, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиши лозим. Шундан кейин қариндош-уруғлар, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлиб қолган етимлар, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади. Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: «Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир»; «Расули акрам (алайҳиссалом):
(" أَنَا وَكَافلُ اليَتِيمِ في الجَنَّةِ هَكَذا وَأَشارَ بالسَّبَّابَةِ وَالوُسْطَى ، وَفَرَّجَ بَيْنَهُمَا " (رواه البخاري
яъни: «Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз», дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар». Бошқа ҳадисда эса,
(" السَّاعِي عَلَى الأَرْمَلَةِ وَالمِسْكِينِ ، كَالمُجَاهِدِ في سَبيلِ اللهِ وَأحسَبُهُ قَالَ : وَكالقَائِمِ الَّذِي لاَ يَفْتُرُ وَكَالصَّائِمِ الَّذِي لاَ يُفْطِرُ " (متفق عَلَيْهِ
яъни: «Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Булардан эса, ҳар бир мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлиши лозим, деган фикр келиб чиқади.
Эҳсоннинг яна бир маъноси муҳтож кишиларга ва Аллоҳ белгилаган ўринларга садақа қилишдир. «Эҳсон» банданинг ҳалол йўл билан топган барча мол-мулкидан Аллоҳ йўлида, У белгилаган мақсадларда сарфлаши, камбағал-фақирларга ва муҳтожларга садақа қилиши маъноларини англатади. У, шунингдек, Аллоҳ розилигини топиш йўлида қилинган барча яхшиликлар маъносини ҳам билдиради. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَنْفِقُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ وَلَا تَيَمَّمُوا الْخَبِيثَ مِنْهُ تُنْفِقُونَ وَلَسْتُمْ بِآَخِذِيهِ إِلَّا أَنْ تُغْمِضُوا فِيهِ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ
яъни: «Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир» (Бақара сураси, 267-оят).
Баъзи кишилар закот ёки садақа берадиган бўлсалар, сифатли ва яхши молларидан эмас, балки нуқсонли ва паст навли нарсаларидан берадилар. Ваҳоланки, ўша нарсалар ўзларига берилса, олмаган ёки ноиложликдан олган бўлур эдилар. Бу ояти кариманинг нозил бўлишига баъзи мусулмонларнинг ўша даврда закотга бериш учун энг паст навли хурмоларни ажратганлари сабаб бўлган, дейилади китобларда.
Аллоҳ таоло эҳсонни, яъни садақани энг аввало қариндошларга, мискин ва йўловчиларга қилишни буюрган. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:
وَآَتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا
яъни, “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!”
(Исро сураси, 26-оят).
Исломда инсонийлик қадриятлари қадрланади. Бу қадриятлар ҳамма халқларни умуминсоний мулки ҳисобланади. Биз уларни бағрикенглик, ҳаққонийлик, меҳрибонлик каби хислатларга тенглаштиришимиз мумкин. Мусулмон одам ота-онасига, фарзандларига, қўни-қўшниларига ғамхўрлик қилади, кўмакка муҳтож бўлганларга ёрдам кўрсатади. Дунёдаги барча нарсалар Аллоҳ таоло тамонидан яратилган, шунинг учун мусулмон одам табиат ва ҳар қандай жонзот олдида ўзини масъулиятини ҳис қилади.
Соф ислом эътиқоди мусулмон қалбида яхши ишларни амалга оширишликни пайдо қилади.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 40-оятида шундай марҳамат қилади:
إِنَّ اللَّهَ لَا يَظْلِمُ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ وَإِنْ تَكُ حَسَنَةً يُضَاعِفْهَا وَيُؤْتِ مِنْ لَدُنْهُ أَجْرًا عَظِيمًا
яъни: “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай, Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо сураси, 40-оят).
Бугунги кунда бу борада давлатимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотганларга ва етимларга жойлардаги маҳалла фуқаролари йиғинлари томонидан ҳар томонлама ёрдам бериб келинмоқда.
Биз ўзимиз яшаётган маҳаллаларда кам таъминланган оилаларни, боқувчисини йўқотган фуқароларни ва ёлғиз кексаларни яхши биламиз. Биз уларга қўлимиздан келганича хайр саховат қилайлик. Шунингдек, “Меҳрибонлик“, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига моддий ёрдамларимизни кўрсатиб Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру-савобларга эга бўлайлик.
Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин! Омин.
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати