Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

07.10.2016 й. Ашуро кунининг фазилати

30.09.2016   12748   9 min.
07.10.2016 й. Ашуро кунининг фазилати

بسم الله الرحمن الرحيم

         Муҳтарам азизлар! Мусулмонлар тақвимининг биринчи ойи бўлмиш Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло ҳурматли қилган муқаддас тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, Ашуро куни алоҳида фазилатга эгадир. Бу куннинг фазилатини машҳурлигидан халқимиз Муҳаррам ойини Ашир ойи, деб номлайди.

         Муҳаррам ойининг ўнинчи кунини Ашуро деб номланиши Ислом дини билан боғлик эканлиги ҳақида аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Машориқул анвор” асарларида баён қилиб, жоҳилият кишиларининг тилида “фоъуло” вазни ишлатилмаган, дейдилар.

         Инсоният тарихида Ашуро кунида бир қанча муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида  манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Танбиҳул ғофилийн” номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: “Ашуро куни - Одам а.с.нинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ а.с. кемадан тушган ва бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутишган кундир. Агар сен ҳам ўша куни рўза тута олсанг, тутгин”.

         Ашуро куни жоҳилият араблари орасида ҳам эътиборли кун саналар эди. Оиша р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عَائشةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ : كَانَتْ قُرَيْشٌ تَصُومُ عَاشُورَاَء في الْجَاهليةِ وَكَانَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ يَصُومُهُ فَلَمَّا هَاجَرَ إِلى الْمَدِينةِ صَامَهُ وَأَمَرَ بِصيامِهِ فَلَمَّا فُرِضَ شَهْرُ رَمَضانَ

 قَالَ مَنْ شَاءَ صَامَهُ وَمَنْ شَاءَ تَرَكَهُ . رواه الشيخان

яъни: “Қурайш қабиласидагилар жоҳилиятда Ашуро куни рўза тутар эдилар. Расулуллоҳ с.а.в. ҳам шу куни рўза тутардилар. Мадинага ҳижрат қилганларида ҳам шу куни рўза тутар, саҳобаларни ҳам рўза тутишга буюрар эдилар. Рамазон рўзаси фарз қилингач, - хоҳлаган киши Ашуро куни рўзасини тутсин, хоҳлаган киши тарк этсин, - дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

         Ашуро куни нафл рўза тутишлик суннат амал ҳисобланиб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилади:

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ،  رضى الله عنهما  أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَدِمَ الْمَدِينَةَ فَوَجَدَ الْيَهُودَ صِيَامًا يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَقَالَ لَهُمْ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم‏"‏مَا هَذَا الْيَوْمُ الَّذِي تَصُومُونَهُ‏"‏‏.‏ فَقَالُوا هَذَا يَوْمٌ عَظِيمٌ أَنْجَى اللَّهُ فِيهِ مُوسَى وَقَوْمَهُ وَغَرَّقَ فِرْعَوْنَ وَقَوْمَهُ فَصَامَهُ مُوسَى شُكْرًا فَنَحْنُ نَصُومُهُ‏.‏ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ‏"‏فَنَحْنُ أَحَقُّ وَأَوْلَى بِمُوسَى مِنْكُمْ‏"‏.‏ فَصَامَهُ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ ‏. رواه الشيخان

яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. Мадинаи Мунавварага келганларида у ердаги яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар ва: “Сизлар рўза тутаётган бу кун қандай кун?” – деб сўрадилар. Улар: Бу - улуғ кун. Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо а.в. ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ этгандир. Шунинг учун Мусо а.с. бу куннинг шукронасига рўза тутганлар. Шу сабабли биз ҳам рўза тутмоқдамиз, деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Сизлардан кўра Биз Мусо а.в.га ҳақлироқмиз, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар.

         Мазкур ҳадисдан қуйидагича хулоса қилиш мумкинки, қайси бир киши бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, унинг шукронасига ҳеч бўлмаса бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар, саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида, У зот: “Мен шу кунда туғилганман ва шу куни пайғамбар бўлганман, - деб жавоб берганлар. Алҳамдулиллоҳ, бизнинг жонажон ватанимиз ҳам мустабид тузум исканжасидан озод бўлганига чорак аср бўлди. Шундай экан, бу улуғ байрамни ҳар қанча ибодат ва шукрона билан қарши олсак, шунча оздир.

         Азиз биродарлар! Ашуро кунининг рўзаси алоҳида фазилатга эгадир. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда баён этилган:

عَنْ أَبيِ قَتَادَةَ قَالَ مَرْفُوعًا: صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ أحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ وَالسنةَ الَّتِي بَعْدَهُ وَصِيَامُ يَوْمِ عَاشُوراءَ أحتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السنةَ الَّتِي قَبْلَهُ  (رواه مسلم

яъни: Абу Қатода р.а.дан ривоят қилинади, у киши Расулуллоҳ с.а.в.дан ривоят қилиб айтадиларки: “Арафа кунининг рўзасини Аллоҳ таолодан ўтган йил ва келаси йилнинг гуноҳларига каффорат қилишини умид қиламан. Ашуро кунининг рўзасини ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат қилишини умид қиламан”. (Муслим ривояти).

         Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли китобларга мувофиқ келиб қолган амалларни уларга хилоф тарзда адо этиш одатлари бор эди. Ашуро куни рўзасини тутиш борасида ҳам У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу одатларига амал қилишни истаганлар. Бунинг далили қуйидаги ҳадисда баён этилган:

عن عبد الله بن عباس ـ رضي الله عنهما ـ قال: حين صام رسول الله صلى الله عليه وسلم يوم عاشوراء وأمر بصيامه قالوا : يا رسول الله إنه يوم تعظمه اليهود والنصارى! فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم : فإذا كان العام المقبل ـ إن شاء الله ـ صمنا اليوم التاسع .قال : فلم يأت العام المقبل حتى توفي رسول الله صلى الله عليه وسلم. (رواه مسلم

 яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос р.а. ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ с.а.в. Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам шу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насоролар улуғлайдиган кун-ку! – дейишди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Келаси йил - Аллоҳ хоҳласа – тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, - дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ с.а.в. вафот этдилар. (Муслим ривояти).

         Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.

         Бундан ташқари Ашуро кунининг фазилати борасида қуйидаги ривоят ҳам мавжудки:

يروى عن إبراهيم بن محمد بن المنتشر، عن أبيه أنه قال: بَلَغَنَا أَنَّهُ مَنْ وَسَّعَ عَلَى أَهْلِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ، قال سفيان بن عيينة: جربناه منذ ستين عاما فوجدناه صحيحا

яъни: Иброҳим ибн Муҳаммад ибн ал-Мунташирдан, у киши отасидан ривоят қилиб айтадики: Бизга келган хабарга кўра, ким Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ таоло унга йил давомида кенгчилик қилиб қўяди. Суфён ибн Уяйна айтадилар: Биз бу хабарни олтмиш йилдан бери тажриба қиламиз ва унинг тўғрилигини топганмиз.

         Дарҳақиқат, инсон ўз аҳли оиласига ҳар қанча кенгчилик қилиб берса ярашади. Айниқса, фазилатли айёмлар ва шодиёна кунлари бунга алоҳида эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳадиси шарифда марҳамат қилинган:

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرة  رَضِي اللهُ عَنْهُ  قَالَ : قَالَ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - : «دِينَارٌ أنْفَقْتَهُ في سَبيلِ اللهِ ، وَدِينار أنْفَقْتَهُ في رَقَبَةٍ ، وَدِينارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ ، وَدِينَارٌ أنْفَقْتَهُ عَلَى أهْلِكَ ، أعْظَمُهَا أجْراً الَّذِي أنْفَقْتَهُ عَلَى أهْلِكَ». (رواه مسلم

яъни: Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ йўлида қилган бир динор инфоқинг, қул озод этиш учун қилган бир динор инфоқинг, мискинга қилган бир динор садақанг ва аҳлинга қилган бир динор нафақанг, буларнинг ичида савоби энг улуғи аҳлингга қилган нафақангдир”. (Муслим ривояти).

         Аллоҳ таоло ушбу фазилатли кунларда қиладиган барча эзгу амалларимизни даргоҳида қабул айлаб, Ўзининг ҳузуридан улкан ажру савоблар ато этсин. Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   38515   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари