Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

30.09.2016 й. Устозларга эҳтиром

23.09.2016   1775   8 min.
30.09.2016 й. Устозларга эҳтиром

بسم الله الرحمن الرحيم

        Муҳтарам жамоат! Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олмоғи ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Одам )а.с.(нинг фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлишлари ҳам айнан у зотдаги илм бўлганлигидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг каломида илмсиз кишилар ҳеч қачон илмли кишилар билан тенг бўла олмаслигини алоҳида таъкидлаб, бундай дейди:

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

яъни: Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар,9), - деб марҳамат қилган.

      Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан,

وعن أبي أمامة الباهلي قال: ذكر لرسول الله : "رجلان أحدهما عابد والآخر عالم فقال رسول الله : "فضل العالم على العابد كفضلي على أدناكم"

яъни: Абу Амома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ )с.а.в.(га икки киши ҳақида гапиришди, уларнинг бири обид, иккинчиси эса олим эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги ҳудди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан ортиқлигимга ўхшайди”, - дедилар (Термизий ривояти).

Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:

... يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

яъни:... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. (Мужодала сураси, 11-оят).

Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли". 

     Муҳтарам азизлар! Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир.

     Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато (а.с.) ҳам ўзининг замонаси учун зарур бўлган илмга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг ўзи у зотга таълим берди.

وَعَلَّمَ آَدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا

яъни: (Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди (Бақара, 31). Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илму ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларини юбориб турди. Жумладан, охирзамон пайғамбари Муҳаммад с.а.в.ни шундай шарафли вазифа билан юборди.

لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

 яъни: Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар(Оли Имрон, 164). Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари:

قال رسول الله : "إنما بعثت معلماً

яъни: “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, деганлар. Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади.

     Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

قال رسول الله: " إن الله وملائكته وأهل السماوات والأرض حتى النملة في جحرها وحتى الحوت ليصلون على معلم الناس الخير " رواه الترمذي وقال حسن غريب

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва хаттоки балиқгача одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар”.

      Муҳтарам биродарлар! Маълумингизким, юртимизда ҳар йили 1 октябрь устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам мустақил юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади.

     Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида ҳар қандай мамлакатга намуна бўла оладиган юртдир!

     Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатда ифодаланади.

Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим–тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир.

Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.

 Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь куни “Устозлар ва мураббийлар куни” деб белгиланиб, шу кунда халқимиз байрам қилиб, устозларга кўпроқ хурмат-иззат кўрсатадилар, дилларига хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қиладилар.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

     Ҳақиқатан ҳам, “устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни  отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди, деган экан.

     Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.

Баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва икки дунё саодатига мушарраф этишини, сўраб дуолар қилиб қоламиз! Омин.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

21.08.2026   96216   2 min.
Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

Турк тили институти Илмий кенгаши аъзоси, филолог олим, профессор Зеки Каймаз Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Аввало, Ўзбекистон халқини истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан табриклайман. Ўттиз беш йил оз вақт эмас. Мен юз йилдан ошган мустақил Туркия фуқароси сифатида Сизларга ҳам яна кўп асрлар мустақиллик шодиёнасини нишонлашингизни тилайман.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан яқин муносабатда бўлиб келганмиз. Айниқса, Туркиядаги миллий озодлик кураши даврида бизга бу диёрдан жўнатилган кўмакни доимо катта миннатдорлик билан ёдга оламиз.

Қардош ўзбек халқи биз учун доимо яқин биродар, қалин дўст бўлиб келган. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти бизни жуда мамнун қилади. Ушбу заминга ҳар борганимда гўзал ва обод мамлакатни кўрамаз. Юртингизда маданият ва маърифат ўчоқлари бисёр. Албатта, бу тамаддун ва цивилизациянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Марказий Осиёдаги илк ўрта асрлардаги Биринчи ренессанс ҳамда Амир Темур асос солган Иккинчи ренессанс даврларида бу заминда буюк цивилизация шаклланди. Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий зиёратгоҳи каби маданий-маънавий масканлар ислом оламида муҳим аҳамиятга эга.

Геостратегик мавқеи нуқтаи назаридан, мен келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунё, хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида ёрқин юлдуз сифатида кўраман.

Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, мамлакатдаги кучли иқтисодиёт. Қолаверса, чуқур илдизларга эга бўлган бой маданият ва тарих. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тилагим – дўстлик ришталаримиз янада мустаҳкамлансин, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага кўтарилсин.

Яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзбек халқига самимий саломларимни йўллайман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари