Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июл, 2026   |   12 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:36
Қуёш
05:07
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:19
Bismillah
26 Июл, 2026, 12 Сафар, 1448

Разоъ ёки исломда бола эмизиш масаласи

21.09.2016   26943   7 min.
Разоъ ёки исломда бола эмизиш масаласи

Маълумки, ислом шариати жамият ҳаётидаги деярли барча масалаларга жавоб топиб келган. Динимиз бошқалар арзимас деб қараган ишларга ҳам катта аҳамият беради. Оила  - бу муқаддас даргоҳ, жамиятнинг таянчи. Оила соғлом бўлиши учун никоҳнинг аҳамияти катта. Фиқҳ китобларимизнинг барчасида, никоҳ бобида бола эмизиш масаласига алоҳида урғу берилган.Бир қарашда арзимасдек туюлган бу ишда қандай ҳикматлар бор ва нима учун динимиз бу ишга шунчалар катта аҳамият берган?

Аввалом бор бола эмизиш масаласининг шаръий ҳукмларига тўхталиб ўтсак. “Разоъ” сўзи луғатда  эмизиш сўриш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, икки ёшга тўлмаган боланинг қорнига аёл киши сутининг етиб боришидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Волидалар болаларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Ким эмизишни батамом қилишни ҳоҳласа”. (Бақара, 233). Шунга кўра бола икки ёшгача бўлган муддатда бегона онани эмса (Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ икки ярим ойгача, деганлар) ва боланинг қорнига сут етиб боргани аниқ бўлса эмикдошлик ҳукмида бўлади. Бола икки яримдан ошганда эмса, эмгани билан сут боланинг қорнига етиб бормаганлиги аниқ бўлса ёки сути йўқ аёлларни эмса эмикдошлик ҳукмида бўлмайди. Ойша (р.а)дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): Насаб жиҳатидан никоҳи ҳаром бўлганлар эмиш жиҳатидан ҳам ҳаром бўлади”, дедилар”. Агар бир аёлни иккита бир-бирига бегона бўлган болалар эмса, уларнинг бири қиз ва иккинчиси ўғил бола бўлса,булар бир-бирига эмикдош бўлади ва никоҳлари дуруст бўлмайди. Агар шундай йигит ва қиз бир-бирлари билан никоҳланган бўлса, уларнинг эмикдош эканлигини адолатли икки эр киши ёҳуд бир эр киши ва икки аёл киши биргаликда гувоҳлик берса никоҳлари тўғри бўлмайди. Уқба ибн Ҳорис (р.а) айтади: “Бир аёлга уйландим. Сўнгра олдимизга бир қора хотин келиб, икковингизни эмизганман, деди. Шунда мен бориб Пайғамбармиз (с.а.в)га хабар бердим ва: “Албатта, бу аёл ёлғончи бўлса керак”, дедим. У Зот юзларини ўгириб олдилар. Мен яна юз томонларига ўтиб: “Албатта у ёлғончи”, дедим. У Зот: “Қандоқ қилиб, ахир, у икковингизни эмизганини даъво қилмоқда-ку! Уни қўйиб юбор”, дедилар”. Ҳозирги замон тиббиёти ҳам қариндошлар ўртасидаги никоҳларда насл касаллари билан касалланиш кўп учрашини  тасдиқлайди. Шундай никоҳлар туфайли бир қанча болалар ногирон, майиб-мажруҳ туғилишига ҳаётда гувоҳ бўлиб турибмиз. Гўдакнинг икки ёшгача асосий озиқаси она сути бўлади. Гўдакнинг ўсиши, ривожланиши шу сутдан оладиган озиқага боғлиқ. Онада сут пайдо бўлиши отадан урчиш сабаблидир. Демак, она сутида ҳам она, ҳам ота организмидаги моддалар мавжуд. Бу сутни эмган турли болалар қариндошларга ўхшаб қолади ва  никоҳлари салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.Баъзан аёлларимиздан туғруқхонада айрим болалар ўз онасини сутига тўймаган пайтда, ёнидаги аёллар эмизишини ёки сутини соғиб ичказишини эшитиб қоламиз. Бундай ҳолатларга ўта эътиборли бўлиш лозим. Аввалом бор бегона болани эмизиш учун эрнинг розилиги бўлиши керак. Эмизган боланинг ота-онасини, болани аниқ билиш ва эслаб қолиш лозим. Чунки, вақти келиб бу гўдак вояга етганда шу онанинг болалари билан никоҳ боғлашни ҳоҳлаб қолиши мумкин. Бундай никоҳ эса асло мумкин эмас. Чунки, бу болалар бир-бирига эмикдош бўлиб қолган. Шунинг учун фарзандларимизни никоҳлашни ҳоҳлаганимизда бу нарсаларга ҳам алоҳида аҳамият беришимиз лозим.

Шу ўринда яна бир нарсага эътибор қаратишни ҳоҳлардим. Ҳозирги кунда ғарб маданияти миллий ва диний маданиятларимизга катта таҳдид солмоқда. Бу нарса биз гапираётган бола эмизиш масаласини ҳам четлаб ўтмаяпти. Дўконда ишлайдиган бир опа: “Ҳозирги ёш оналаримиз сунъий сутларни кўп харид қилади. Улардан нега болаларингизни эмизмай сунъий сутлар берасалар десам, бола эмизсак қоматимиз бузилади, баъзилари эса бола онага ўрганиб қолиб кечалари уйқу бермай ҳаловатимиз бузилади, деб жавоб беради”,  дейди. Росулуллоҳ (с.а.в) уч бора онага яхшилик қилишга буюрдилар, жаннат оналар оёқлари остидадир деб марҳамат қилдилар. Бу айтилган мукофотлар айнан оналарнинг ўша машаққатлари учун берилмаганми?

Она сути ўрнини ҳеч қандай озиқа боса олмайди. Она сутида гўдак учун керакли бўлган энг зарурий озиқавий моддалар борлигини, гўдакларни турли хил инфекциялардан, микроб касалликларидан ҳимоя қилишини замонавий тиббиёт ҳам тасдиқлайди. Она сутида сигир сутида учрамайдиган юздан ортиқ моддалар мавжуд экан. Гўдак эмизган оналарда кўкрак саратонига қарши иммунитетлар пайдо бўлиши фанда аниқланган. Бола жисмонан соғлом ўсиши учун она сутининг аҳамияти катта. Фарзанд учун нафақат жисмоний соғлиқ, балки маънавий соғломлик ҳам зарур. Она боласини эмизганда болани бағрига олиб, алоҳида меҳр беради. Она қаттиқ ҳаяжонланганда ёки қўрққанда онадан сут қочиб кетиш ҳолатларини эшитганмиз. Демак, она кўкрагига сут келиши учун онада руҳий сокинлик, меҳрибонлик туйғулари бўлиши лозим. Она боласини эмизаётганда унга нафақат сут, балки шу сутга қўшиб алоҳида меҳр ҳам беради, она ва бола ўртасида меҳрибонлик туйғулари уйғунлашади. Ёшим қирқ бирга тўлди. Ҳар сафар саксонга кирган онамни зиёратига бориб, онамни бағрига кирганимда қандайдир бир ажиб ҳидни ҳис қиламан. Балки бу гўдаклигимда онам бағрига босиб, кўкрак сути берган пайтдаги ҳидмикан? Кўкрак сути эмиб катта бўлган бола бир инсонга, яъни онага қаттиқ боғланади, алоҳида меҳр қўяди.Сунъий сут билан катта бўлган болада бундай туйғу бўлмайди, чунки унга ким бўлса ҳам шишадаги сутини берса бўлди. Кўзимизни юмиб она ва бола деганда нимани тасаввур қилишни ўйлаб кўрайлик. Кўз ўнгимизга шишада боласига сут бераётган она эмас, балки гўдагини бағрига босиб, кўксидан меҳр билан сут эмизаётган она сиймоси келмайдими? Ёш оналаримиз ўз ҳаловатларини ўйлайверса, қоматларини сақлаш учун боланинг шаръий ҳаққи бўлган сутларини бермаса, бу сиймо аста-секин тасаввуримиздан ҳам ўчиб кетмаса деб қўрқаман. Бола эмизиш онанинг бурчи, фарзанднинг ҳаққидир. Вақти келиб боласи вояга етиб онасини норози қиладиган бўлса, она қандай қилиб берган оқ сутимга рози эмасман деб айта олади. Қандай қилиб фарзандини ҳаққини бермай туриб, ундан ҳақ талаб қила олади.

 Мана шунинг учун бола эмизиш масаласига  жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Бу нафақат насл-насабни пок сақлаш, балки жамиятда она ва бола ўртасидаги меҳрибонлик ришталарини боғлаш масаласи ҳамдир. Тарихда бетаҳорат болаларини эмизмаган оналардан дунёга машҳур алломалар етишиб чиққани ҳаммамизга маълум.

Абдулхаким Акмалов, 

 Оҳангарон туман “Абдуқаҳҳор Маҳсум”

жоме масжиди имом-хатиби

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Илмсиз, орсиз эрни ким дейиш мумкин?

24.07.2026   10584   5 min.
Илмсиз, орсиз эрни ким дейиш мумкин?

Яқинда қариндошларникига меҳмонга борганимизда оила бекаси ташвишли кўринди. Суҳбат орасида ёрилди. Бир йил олдин турмушга узатган қизи яқинда фарзандини дунёга келтирибди. У туғуруқхонага қизини кўргани борса, аёл қуда: “Неварам янги бешикда ётишини хоҳлайман, шунга қараб тайёргарлик кўраверасиз-да”, деб писанда қилибди. Бу гап ёлғиз боши билан оиласини зўрға тебратаётган аёлни ғамга ботирибди. Ахир қудасиникига бешикка қўшиб куёвига ва унинг барча оила аъзоларига сарпо-суруқ ҳам кўтариб бориши керак-да.
 

Ўйлаб қоласан, келин эрига бола, қайнона-қайнотасига невара туғиб берса-ю, яна унинг ота-онаси муттаҳамдек куёви ва қудаларига хушомад қилиб совға улашишга мажбур бўлса…


Тўғри, ҳадя бериш орадаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди. Лекин бу вазиятда совға аслида кимга берилиши лозим? Барча эҳтиром тўққиз ой ҳомиласини кўтариб юриб, минг оғриқ-азоб ичида чақалоқни дунёга келтирган келинга қаратилиши керак эмасми?


Афсус, ҳозирги кунда қиз узатган ота-онанинг боши узоқ вақт сарфу харажатдан чиқмайди. Тўйда қилинган келин сеплари, сарпо-суруқлар, мебеллар билан қутулса кошкийди. Невара кўришса, бешик тўйи қилиб беришлари, қуданикида ўтказиладиган оилавий тадбирларга совғалар, суннат тўйида маълум одамларга бошоёқ сарполар, маиший жиҳозлар олиб боришлари урфга айланган. Совғалар бироз камтарона бўлиб қолса, келин ва ота-онасининг боши маломатдан чиқмайди. Юқоридаги мисол айрим куёвларнинг нафақат шаръий ҳукмларни билмаслиги, балки орсизлиги, жоҳила онасининг измидан чиқмаслиги ва у билан бу масалада ҳамфикрлигини ҳам кўрсатади.


Булар – ҳали урфга айлангани учун келин томоннинг елкасига ортиладиган мажбуриятлар. Аянчлиси, хотинининг ота-онасидан турли нарсаларни очиқдан-очиқ тама қилувчи эркаклар ҳам учрамоқда. Аёлига: “Машина сотиб олмоқчиман, отанг ёрдам берворсин”, “Уй қураман, қурилиш материаллари олиб берсин” қабилида талаблар қўяётган боқиманда эрларни ким деб аташ мумкин?


Бир танишимнинг айтишича, келин бўлиб тушганига икки йилча бўлган синглисини эри ва қайнона-қайнотаси ёз бўйи томорқасида ишлатиб, бемор бўлиб қолгач, “қизингиз касалманд экан” деб ота уйига олиб келиб ташлашибди. Мақсад – хотинни даволатишга кетадиган сарф-харажатни унинг ота-онаси зиммасига юклаш. Ахир динимиз аёлни нафақа, бошпана билан таъминлаш, касал бўлса, даволатиш ва бошқа тасарруфларини эрнинг вазифаси этиб белгилаган-ку.


Аллоҳ таоло таълим беради: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар) дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир…” (Нисо сураси, 34-оят). 


Эркак киши оила раҳбари бўлгани учун аҳли аёли, фарзандларини ҳимоя қилишга, уларнинг моддий таъминотига масъулдир. Унинг ҳалол йўл билан бола-чақасини боқиши ибодат бўлиб, бунинг учун ажру савобга эришади.


Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, сен аҳлингга ҳар қандай нафақа қилсанг, унга ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқмага ҳам”» (Имом Аҳмад ривояти). Демак, ҳалол меҳнат қилиб, оиласига ризқ олиб келадиган эркак дангасалик, боқимандалик оқибатида содир бўладиган гуноҳдан сақланиш билан бирга, ажр-савобга ҳам эришади.


Юқоридаги ҳолатларда эса эркаклар ўзининг оилада раҳбарлигини аёлига ёки фарзандларига ғамхўрлик эмас, зулм қилиш деб тушунмоқда. Улар тезда ўзларини ислоҳ қилмасалар, золим банда сифатида катта гуноҳ орттириб, охиратда мазлумларнинг ҳақини топтагани учун жавоб беришларига тўғри келади.


Исломда нима учун оила раҳбарлиги эркакка берилган? Бу саволга ушбу ояти каримада жавоб берилади: “Aллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар” (Бақара сураси, 34-оят).


Ояти каримада эркаклар аёлларга нисбатан жисмонан кучли, оғир-босиқ табиатли этиб яратилгани, шу билан бирга, оиласига нафақа ажратганлари учун уларга раҳбар эканлари айтиляпти. Демак, раҳбарлик учун фақат жисмоний ва ақлий устунлик эмас, олийҳимматлик ҳам зарур. Мухтасар айтганда, эркак киши оиладаги бурчини шариатга мувофиқ адо этса, дунёда ва охиратда яхшиликларга эга бўлади. Масъулиятсизлик эса унга фақат ва фақат бахтсизлик, пушаймонлик олиб келади.


Азимжон АЛИМЖОНОВ,

Тошкентдаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 2-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Ўзбекистон янгиликлари