Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

12.09.2016 й. Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

09.09.2016   9167   21 min.
12.09.2016 й. Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Азиз юртдошлар! Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! Шундай улуғ кунларга соғ-саломат етказгани учун меҳрибон Аллоҳга чексиз ҳамду санолар ва мақтовлар бўлсин! Ҳақ таолодан барча ибодатларимизни қабул айлаб, эзгу мақсадларимизнинг амалга ошишини илтижо қилиб сўраймиз. Қурбон ҳайитининг файзу баракоти қалбларимизни ва хонадонларимизни мунаввар айласин.

Қурбон ҳайити Иброҳим (а.с.) ҳамда ўғли Исмоил ва хотини Ҳожар онамизнинг нафс истаги, шайтон васвасаси устидан қозонган ғалабалари сифатида тарихда қолган.

Иброҳим (а.с.) узоқ йиллар шавқ билан зўрға етишган фарзандини забҳ этишга, яъни қурбонлик қилишга амр этилди. У зот Аллоҳ таоло розилигини нафс хоҳишидан устун кўрди. Ўғли Исмоил (а.с.) ҳам бу хатарли имтиҳондан шараф билан ўтди. Унинг тилидан оталаридан ўтган, пайғамбарлик нури билан суғорилган қалб нидоси отилиб чиқди: «Эй ота! Буюрилган ишни бажаринг! Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан эканимга ишонасиз».

Ҳожар онамиз ҳам ягона жигарбандини кимсасиз, ҳеч бир наботот ўсмаган саҳрода қолдириб улуғ синовдан матонат ила ўтди ва: «Агар Аллоҳ амр этган бўлса, У зот бизларни ноумид қилмайди», - деди. Аллоҳ таоло Исмоил (а.с.) зурриётидан Муҳаммадни (а.с.) элчи ва пайғамбар этиб юбориш учун Исмоилнинг ўрнига катта бир қўйни қурбонлик қилиб юборди ҳамда бу жойни инсонлар ва бутун олам учун муборак бўлишини ирода этиб, Байтуллоҳ билан обод қилди. Бинобарин, унга дунёнинг барча жойларидан минглаб қалблар интилади.

         Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ таоло Ўз иродаси билан динларнинг охиргиси бўлган Ислом динини мукаммал ниҳоясига етказгани ва У бу динга рози бўлгани ва бандалари одамлар ичидаги энг олийжаноб уммат бўлишганини яна бир бор эсга оламиз. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг видолашув ҳажларида улуғ бир ҳукм нозил бўлди. Бу Ҳақ таолонинг қуйидаги каломидир:

...الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا  (سورة ﺍلمائدة/3

 «...Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломнинг дин бўлишига рози бўлдим. Кимки, гуноҳга мойиллигидан эмас, балки очарчиликда (мазкур ман этилган нарсалардан ейишга) мажбур бўлса, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир».

Шунинг учун ҳам бу буюк кун ҳайит сифатида нишонлашга лойиқдир. Бу илоҳий ҳукм қувончи ва шодлиги Аллоҳга беадад шукр айтишни барчамизга вожиб этади. Зеро, шу куни бизларга Аллоҳнинг неъмати тўла-тўкис, мукаммал қилиб берилди. У зот бизларни зулмат қаъридан нурга олиб чиқди, динни бизларга ҳидоят йўли этиб, хавфу хатардан омонлик сари йўллади.

Ҳайит кунларида Аллоҳ таолога энг севимли иш қодир бўлган кишиларнинг Аллоҳ йўлида қурбонлик сўйишларидир. Қурбонлик қилиш вожиб амаллардандир. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилишдир.

Бу муборак кунлар, шунингдек, кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни кучайтириш кунларидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқ байрам кунларида мўминлар ахлоқига мос ва хос бўлган ўзаро саломлашиш, дийдорлашиш, бир-бирларини ҳайит билан қутлаш, меҳрибонлик, саховат, оқибат кўрсатиш каби фазилатлар кўпроқ намоён бўлиши лозим.

Байрам кунларида ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, ёр-биродарларни, бемор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларга ҳадялар бериб ёки ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш мусулмон кишининг бурчидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Фарз амалларидан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал мўминнинг қалбига хурсандчилик киргизишдир» (Имом Бухори ривояти).

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учундир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган:

 

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ  صلى الله عليه وسلم :«إِنَّ لِرَبِّكُمْ فِي أَيَّامِ دَهْرِكُمْ نَفَحَاتٍ، فَتَعَرَّضُوا لَهُ، لَعَلَّهُ أَنْ يُصِيبَكُمْ نَفْحَةٌ مِنْهَا، فَلا تَشْقَوْنَ بَعْدَهَا أَبَدًا

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замонингизда Роббингизнинг туҳфалари бор, уни қарши олинглар. Шояд, улардан бир туҳфа сизларга етиб, ундан сўнг ҳеч қачон бахтсизлик кўрмасангиз», дедилар (Табароний ривояти).

Бандаларга туҳфа қилинган кунлардан бири Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни, Қурбон ҳайити куни ҳисобланади. Ушбу фазилатли кунларда дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртимиздан ҳам минглаб ватандошларимиз Байтуллоҳда улуғ ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Аллоҳ таоло уларга ўз раҳматини ҳайит либоси қилиб кийдирди, уларга фазли-карами билан мағфират нишонини тақди. Юртимиздан ташриф буюрган ҳожилар Минода жам бўлиб, улуғ Раббиларининг туҳфаларидан шодланишмоқда. Ҳожилар бу Муборак жойда Аллоҳ таолодан ўзлари, оилалари ва юртларини ҳифзу ҳимоясида сақлашини сўраб, астойдил дуолар қилишмоқда. Байтуллоҳни тавоф этган вақтларида тазарруъ билан кўзларидан тўкилган ёшлар сабабидан Аллоҳ таоло уларга раҳмат ва баракотларини нозил қилгусидур, иншоаллоҳу таоло. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дан ривоят қилинган ҳадисда: «Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклидир», дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам жамоат! Ҳайит байрами қадимдан юртимизда ўзгача, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Шу билан бирга қайд этиш лозимки, 1991 йилда муҳтарам Президентимизнинг “Диний байрам – Қурбон ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида”ги Фармонлари мазкур байрамга ўзгача тароват ва мазмун-моҳият касб этди ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашга қаратилган юксак эътибор намунаси бўлди. Йигирма беш йилдирки, мазкур Фармон асосида Қурбон ҳайитининг биринчи куни диний байрам – дам  олиш куни сифатида нишонланиб келинмоқда.

Набий алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида: «Ўтганларингизни қилган яхшиликлари билан хотирланг», - дея марҳамат қилганлар. Шунга биноан, марҳум Президентимизнинг ота-боболаримиздан қолган азалий миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, муқаддас ислом таълимотини ўрганиш, диний одат ва маросимларимизни эмин-эркин адо йўлида қилган яхшиликларини қанча гапирсак, қанча ёд этсак, шунча оз.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз Раҳбари ташаббуслари, фидойиликлари билан нафақат миллий-диний байрамларимиз, балки дину эътиқодимизга янгидан ҳаёт бахш этилди, муқаддас динимиз, урф-одатлармиз, улуғ алломаларимизнинг бебаҳо меросини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Биз диний ходимлар, имом-хатиблар мустақилликнинг 25 йиллик тарихи давомида муҳтарам Юртбошимиз ғамхўрликларини ҳис қилган ҳолда фаолият юритганимизни зинҳор унутмаймиз. Президентимизнинг саъйи-ҳаракатлари ва ташаббуслари билан жаннатмакон мамлакатимизда масжид ва мадрасалар қайта тикланди, қадимий тарихий обидалар янада чирой очди, аждодларимизнинг бой маънавий мероси чин ворисларига қайтариб берилди. «Ҳазрати Имом», «Имом Бухорий», «Баҳоуддин Нақшбанд», «Имом Мотуридий», «Ҳаким Термизий» каби бир вақтлар ҳаробага айлантирилган масканлар мустақиллик сабаб мўмин-мусулмонларимиз суйиб зиёрат қиладиган муқаддас қадамжоларга айланди. Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан бунёд этилган, азим Тошкент шаҳрининг қалбида марвариддек жило сочаётган «Минор» масжиди, бу ердаги қулай шароитларни кўриб, нафақат халқимиз, балки хорижлик зиёратчилар ҳам тасанно айтмоқда.

Айни пайтда, юртимиздаги маънавий тикланиш жараёни 1991 йилдан ҳам олдинроқ – Ислом Каримов Қашқадарё вилояти раҳбари бўлиб ишлаган даврда, яъни 1986-1989 йилларда бошланганини эслаб ўтиш керак. Ислом Каримов вилоятда иш бошлагач, бир гуруҳ тарихчи олимларни Қарши шаҳридаги ўлкашунослик музейига таклиф этади, Қашқадарёнинг, хусусан, Шаҳрисабз ва Нахшабнинг узоқ ўтмиши, бу заминда вояга етган улуғ сиймолар, уларнинг дунёвий тараққиётга қўшган тенгсиз ҳиссаси ҳақида гапириб, мана шу тарихий ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун зарур манбалар, ноёб қўлёзмаларни чуқур тадқиқ этиш вақти келганини таъкидлайди.

– Инсоннинг маънавий такомилида тарихнинг хизмати беқиёс, –дейди Ислом Каримов, – сизлардан илтимосим шуки, Қашқадарёнинг бой тарихини, ёшларимизга ибрат бўладиган ўлмас сиймоларини тиклаб берсангизлар.

Ҳолбуки, бу пайтда бутун республикада миллий қадриятлар қаттиқ таъқибга учраган, уларни ўрганиш, тарғиб этишга уринган олим ва зиёлиларга нисбатан ҳужумлар давом этаётган эди. Шундай мураккаб бир даврда вилоят раҳбари маҳаллий тарихчиларнинг юрагига ўт солган ва уларни ўзлари орзу қилиб юрган эзгу ишларга даъват этган эди.

Шундан кейин тез фурсат ичида вилоят бўйича етмиш саккизта тарихий обида ва зиёратгоҳ рўйхатга олинади. Уларнинг кўпчилиги ташландиқ, хароб аҳволда эди. Баъзи қадамжолар текисланиб, экин экилган. Шаҳрисабздаги мўътабар қабристон эса бузиб ташланиб, унинг ўрнида баҳайбат ресторан барпо этилган эди.

Қадимий ёдгорликлар рўйхатга олингач, уларни ўрганиш, асраб-авайлаш, таъмирлаш ишлари бошланади. Нафақат Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорус-саодат, Дорут-тиловат, Гумбази саййидон каби машҳур обидаларга, балки олис қишлоқлардаги ёдгорлик ва зиёратгоҳларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Мустақиллик йилларида дину диёнатимизга қаратилган эътибор ҳақида сўз борганда, Юртбошимиз билан содир бўлган бир воқеа беихтиёр ёдга тушади...

1991 йилнинг 4 сентябри эди. Ўзбекистонимиз мустақил деб эълон қилинганининг тўртинчи кунида, азим пойтахтимиз узра тун ўз пардасини ёйиб, ҳамма учун дам олиш соатлари бошланган бир пайтда Президентимиз ўз кабинетидан чиқиб, Алишер Навоий ҳазратларининг 550 йиллик юбилейига тайёргарлик ишлари қандай бораётгани билан танишиш учун буюк мутафаккир бобомиз номидаги Миллий боғ томон йўл олади.

Бу ерда улуғ аждодимизга ўрнатилаётган ҳайкални, боғда амалга оширилаётган қурилиш-ободончилик ишларини диққат билан кўздан кечиради. Мутасадди ва меъморлар, муҳандис ва қурувчилар билан яқиндан суҳбатлашади, тегишли кўрсатма ва маслаҳатлар беради.

Иш режалари ва ҳайкалнинг очилиш куни қатъий қилиб белгиланади, боғнинг тўққиз ерига тўққизта дошқозон ўрнатилиб, элга наҳор оши тортиладиган бўлади. Суҳбат охирида шундай таклиф тушади:

– Наҳор оши тортишдан олдин бир Қуръон тиловати қилиб юборилса...

Бу таклифдан даврадагиларнинг кўпчилиги бошидан совуқ сув қуйилгандек сесканиб, чўчиб тушади, ногаҳон орқага тисарилганлар ҳам бўлади. Орага бир зум сукут чўмади. Ҳамма Президентнинг жавобини кутади.

– Мумкин, –  дейди Юртбоши вазминлик билан. Кейин қатъий қилиб қўшиб қўяди: – Албатта, шундай қилиш керак. Халқимизда арвоҳ хотири деган азалий удум бор. Бу удумимизни қайта тиклашга, жорий қилишга вақт етди. Миллий турмуш тарзимиз шуни тақозо этади. Алишер Навоийнинг наҳор ошига Тошкентнинг энг кучли қориларидан таклиф қилинглар... Нимадан, кимдан чўчийсизлар, биродарлар! Энди мустақилмиз. Орқага қайтиш йўқ.

Бугунги кунда давлат миқёсида ўтказиладиган хотира тадбирларида – 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида, буюк азиз-авлиёларимиз, алломаларимизнинг таваллуд саналарида Қуръон тиловат қилиб, элга ош тортиш маросимларини кўрганда, 1991 йилнинг сентябрь ойида Президентимиз томонидан билдирилган қатъий муносабат бу эзгу анъаналаримизнинг ҳаётимиздан чуқур жой олиши учун ўзига хос дебоча бўлганини эсда тутишимиз, бу муқаддас удум ва анъаналар ўз-ўзидан жорий бўлиб қолмагани ҳақида эл-юртга, ёш авлодга ҳикоя қилиб беришимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муқаддас ислом дини, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, бебаҳо тарихий меросимизнинг тикланиши ва ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Бугун Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганидан буён муҳтарам Президентимиз бошчилигида қўлга киритилган тарихий ютуқларни ифода этадиган кўплаб мисолларни келтириш мумкин. 1991 йилдан кейинги даврда мамлакатимизда оналар ва гўдаклар ўлими қарийб 3 баробар камайди, одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси 7 йилга ошди, эркаклар орасида ушбу кўрсаткис 73 ёшни, аёллар ўртасида 75 ёшни ташкил этмоқда.

         Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда зикр этган:

(إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللَّهِ مَنْ آَمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآَتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلَّا اللَّهَ فَعَسَى أُولَئِكَ أَنْ يَكُونُوا مِنَ الْمُهْتَدِينَ   (سورة التّوبة/18

«Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин», - ояти каримаси мазмунига мувофиқ мустақиллик йилларида Ўзбекистонда икки мингдан зиёд масжид обод бўлди ва намунали фаолият кўрсатмоқда. Аллоҳ таолонинг:

(... وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا  (سورة ال عمران/97

«Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир»- ояти каримасига амал қилган ҳолда ҳар йили минглаб ҳамюртларимиз исломнинг асосий арконларидан бўлмиш ҳаж ибодатини ҳамда Аллоҳ таолонинг:

(وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ ...  (سورة البقرة/196

яъни: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!..”- деган оятига мувофиқ минглаб ватандошларимиз умра зиёратини адо этишга муяссар бўлмоқдалар.

Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро марказнинг фаолият бошлаши ҳам мамлакат маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу ерда ҳадис илми бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилмоқда, юртимиздаги масжидларнинг имом-хатиблари ўз касбий малакаларини  оширмоқдалар.

Ислом тамаддунига, жаҳон фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланиб, қадамжолари обод қилинди, асарлари эса нашр этилди. Ўтган ушбу давр мобайнида диний-маърифий мазмундаги бир қанча адабиётлар нашр этилди. Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадис тўпламлари бир неча марта чоп қилинди.

Тошкент Ислом маданияти пойтахти, яъни дунёдаги халқлар ўртасида ўз ота-боболарининг дини, меросию тарихи ва маданиятини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бобида бошқаларга ибрат ва намуна бўла оладиган халқнинг азим шаҳри сифатида дунё жамоатчилигининг юксак эътирофига сазовор бўлди.

Миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, аждодларимиздан қолган бой меросимизни янада мукаммал ўрганиш, қадимий обидаларни таъмирлаш каби хайрли ишлар, ёшларни меҳнатсеварлик, бунёдкорлик, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ниҳоятда катта аҳамият касб этди.   

Ўнлаб ислом ўқув юртларида азиз ўғил ва қизларимиз ислом таълимотларини чуқур эгалламоқдалар.

Ойлик «Ҳидоят» журнали ва «Ислом нури» газеталари халқимиз ҳукмига хавола этиб келинмоқда, Телевидение орқали «Ҳидоят сари» ва «Зиё» кўрсатувлари мунтазам эфирга узатилмоқда.

      Буларнинг ҳаммаси мустақиллик берган имкониятлар ва эркинликлардир.

Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

"مَنْ لَمْ يَشكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ الله" (رواه أحمد والترمذي).

яъни: «Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди», - деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизни улуғ, азиз мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизга насибу рўзи айласин!

Азизлар, Аллоҳ таоло суйган бандасига турли синовлар, имтиҳонлар юбориб, унинг имонини, иродасини пўлатни ўтда тоблагандек тоблаб турар экан. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

 

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ

Яъни: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг «(Эй Муҳаммад!) Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», - дейдилар». Улуғ муфассир Ибн Касир ушбу оятни шарҳлаб, Аллоҳ таоло бандаларни ўзлари яхши кўрадиган, яқин инсонларининг жонини олиш билан синаши, кимки бундай жудоликка сабр қилса ва бу иш Яратганнинг хоҳиш-иродаси эканига иқрор бўлса, улуғ ажру мукофотларга ноил бўлишини хабар қилади. Шундай экан, азизлар, сабрли бўлайлик.

Бундай мусибатли кунларда янада матонатли, мустаҳкам иродали бўлиб, жипслашиб, муҳтарам Юртбошимизнинг Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширган буюк хизматларига муносиб эканимизни кўрсатишимиз барчамиз учун ҳам фарз ҳам қарз бўлиши керак. Зеро, Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарурлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда таъкидлаб, шундай дейди:

( ...وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ   (سورة ﺍلمائدة/2

яъни: «... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир».

Мустақиллик йилларида Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳур диёримизда инсон манфаатлари энг олий қадрият даражасига кўтарилди. Аслида, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорликлардан кўзланган мақсад, биринчи галда, одамлар турмуш шароитини яхшилаш, ҳуқуқ-манфаатларини таъминлашга қаратилгани тарғиб қилинди. «Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон» деган ғоят теран маъноли сўзлар билан аввало инсонни, унинг манфаатларини қадрлаб, ҳурмат қилиб яшашга даъват қилинди.

Азиз намозхонлар! Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва, умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозим.

Раббимиз! Ватанимизнинг истиқлоли, халқимизнинг тинчлиги, фаровон ҳаёти учун қайғуриб, шу йўлда умрини бахшида этган Президентимизни мағфиратингга олгин, раҳматингга буркагин, борадиган манзилини, ётадиган маконини тинч-осойишта айлагин! Умри давомида қилган барча солиҳ амалларини, саъй-ҳаракатларини садақаи жория ўлароқ ўзига ҳамроҳ айлаб, бу савоб ишлар учун ваъда қилган ажру мукофотларинг билан сийлагин! Ортда қолган аҳли-оиласи, фарзандлари, яқинларига ва бутун Ўзбекистон халқига сабру жамил ато этгин!

Аллоҳ таоло Қурбон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин!

Мустақиллигимизни мустаҳкам қилсин!

Юртимизни тинчлик, офиятини бардавом қилсин!

Фарзандларимизни илмлик, имонлик қилсин!

Бу тинчлик, осойишталик йўлида саъю ҳаракат қилаётган барчани Аллоҳ таоло эзгу мақсадларидан афзалига муваффақ қилсин!

Хонадонларимизга, маҳаллалармизга, Ватанимизга, барча мусулмонларга Яратган файзу баракотини ёғдирсин!

Халқимизни, диёримизни Аллоҳнинг ўзи паноҳида асрасин! Ўзи мададкор бўлсин!

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг дини Исломга қувват, мусулмон бандаларига муваффақият берсин!

Бу ҳайит намозининг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, бу байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират этиб, даражаларини юқорига кўтариб, икки дунё саодатига мушарраф қилсин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

20.08.2026   44260   39 min.
Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

Ўзбекистон халқининг

35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

 

Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз. 

Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:

 

 

1)       Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.

2)       Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.

3)       Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.

4)       Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.

5)       Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.

6)       Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.

7)       Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.

8)       Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.

9)       Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.

10)      Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.

11)      Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.

12)      Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.

13)      Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.

14)      Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.

15)      Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.

16)      Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.

17)      Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.

18)      Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.

19)      Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.

20)      Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.

21)      Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.

22)      Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.

23)      Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.

24)      Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.

25)      Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.

26)      Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.

27)      Ўтганларни ҳам қадрлаш бу дунёдан ўтганларни эҳтиром ва чиройли амаллар билан эъзозлаш.

28)      Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.

29)      Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.

30)      Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.

31)      Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.

32)      Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.

33)      Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.

34)      Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.

35)      Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.

* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...

*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!

 

☼    Қуръони карим ояти карималари;

☼    Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;

☼    динимиз асослари;

☼    шариатимиз аҳкомлари;

☼    шарқона одобларимиз;

☼    мазҳабимиз меъёрлари;

☼    жамиятшунослик алоқалари;

☼    одамгарчилик муносабатлари;

☼    инсоний туйғулар;

☼    руҳшунослик сир-асрорлари;

☼    юртимиз урф-одатлари;

☼    ўзбекчилик қоидалари;

☼    маданиятимиз ахлоқлари;

☼    инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;

☼    доно мақолларимиз;

☼    миллий анъаналаримиз;

☼    диний қадриятларимиз;

☼    халқимиз онг-тафаккури;

☼    миллатимиз менталитети,

☼    анъанавий фалсафаси;

☼    ўзбек халқининг илғор қадриятлари;

☼    улуғларимиз ҳикматлари;

☼    доно халқимиз дунёқараши;

☼    мусулмончилигимиз кўрсатмалари

 

а с о с    в а   н е г и з л а р и д а

 

–     улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,

–     буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,

–     меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,

–     элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,

–     жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,

–     замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,

–     бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар

дан

улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!

 

Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз. 

 

Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!

Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!

Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

 

Иброҳимжон домла ИНОМОВ

Мақолалар