frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

09.09.2016 й. Ҳаж молиявий ва жисмоний ибодат

07.09.2016   8700   10 min.
09.09.2016 й. Ҳаж молиявий ва жисмоний ибодат

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Маълумки, ҳозирги кунда Маккаи Мунаввара ва Маккада бошқа мамлакатлардан келган мусулмонлар билан бир қаторда бизнинг юртдошларимиз ҳам муқаддас ҳаж амалларини бажармоқдалар. Шу муносабат билан бугунги маърузамизда ислом арконларидан бешинчи бўлмиш ҳаж ҳақида айрим фикрларимизни баён қилишга қарор қилдик.

Муборак ислом динимизда бандаларга буюрилган ибодатлар бажарилишига қараб бир неча турга бўлинади. Масалан, намоз ва рўза жисмоний ибодат бўлса, закот ва фитр садақа эса молиявий ибодатдир. Ҳаж эса, ҳам жисмоний ва ҳам молиявий ибодат бўлиб ҳисобланади. Буларда бандалар учун руҳий ва маънавий озуқа, дунё ва охират манфаатлари бор.

Фиқҳий китобларда кишига ҳажни фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши таъкидланади: аввало, мусулмон бўлиш, балоғат ёшида бўлиш, оқил бўлиш, тани соғ бўлиши, бориб келгунча йўл харажатларига етадиган маблағга эга бўлиш. Шу билан бирга ҳажга бориб келгунига қадар оила аҳлини уларнинг эҳтиёжларига етадиган нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Шунингдек, йўлнинг очиқ ва хавф хатарсиз бўлиши ҳам ҳажнинг фарз бўлиш шартларидандир. Аёл кишига эса, юқоридаги шартлари билан бирга эри ёки бирорта маҳрами ҳамроҳ бўлиши шарт қилинади.

Ҳажнинг фарз бўлиши ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан собит бўлган.

وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا  

яъни, Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. (Оли Имрон; 97).

عُمَرَ بْن الخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ النبي صلى الله عليه وسلم يَقُوْلُ: بُنِيَ الإِسْلامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ الله وَأَنَّ مُحَمَّدَاً رَسُوْلُ اللهِ، وَإِقَامِ الصَّلاةِ، وَإِيْتَاءِ الزَّكَاةِ، وَحَجِّ البِيْتِ، وَصَوْمِ رَمَضَانَرواه البخاري ومسلم

яъни, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим. У зот: “Ислом беш нарса устига бино қилинган: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир” деб гувоҳлик бериш, намозни тўлиқ адо этиш, закот бериш, байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш” - дедилар”. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган.

Мусулмон киши доим одоб-ахлоқ билан ҳаёт кечириши лозим бўлсада, ҳаж даврида одоб-ахлоққа янада кўп аҳамият қаратиш лозим бўлади. Ҳаж қилувчилар орасида турли қўпол кимсалар бўлса, уларга нисбатан ҳалим ва сабрли бўлиши, заифлар ва аёлларни ўзидан устун қўйиши ва уларга ёрдам бериши лозим. Шариъат буюрган барча гўзал одоб-ахлоқни риоясини қилиб, барчага очиқ юз билан муомала қилиш ҳажнинг талабидир.

Мусулмон киши ўзидан бошқага азият беришни ва зулм қилишни ҳаром бўлади. Ҳаж ва умра сафарида ён атрофидагиларга азият беришдан, уларнинг кўнглини оғритишдан янада эҳтиёт бўлиши лозим бўлади. Албатта, ёмонликдан тийилмоқлик ҳам садақадир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай марҳамат қилган:

خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ

яъни, Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! (Аъроф; 199). 

Ҳажда тилни ёмон сўзламоқдан сақлаш Аллоҳ таоло учун тақво қилишликдандир. Тилни сақлашлик ҳажда жуда катта аҳамиятга эгадир. Чунки, ҳаж сафари машаққат ва қийинчиликлар бўлгандан, баъзи инсонлар ўз тилига эга бўлмайди. Баъзида бошқаларни ранжитадиган гапларни гапириб, уни ёки буни хафа қилади. Ҳаж қилувчи тилини тийиши лозим, акс ҳолда унинг бажараётган ибодатидан савоб бўлмайди. Аллоҳ таоло бундай деб, айтади:

الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ  

яъни, Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар! (Бақара; 197)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу хусусда ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ حَجَّ ِللهِ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُرواه البخاري

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек (гуноҳсиз) қайтади” – дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган.

Яна шу нарсани ҳам доимо ёдда тутишимиз лозимки, бу муборак сафарнинг бандасига қачон насиб этиши Ҳақ таолонинг иродасига боғлиқ ишдир. Ўзи чақирган бўлса, ҳамма йўллар ўз-ўзидан очилиб кетаверади. Аммо чақирмаган бўлса, бандасининг хоҳлагани эмас, балки Аллоҳнинг хоҳиши бўлади. Аммо Аллоҳнинг ҳали насиб этмаганида қандайдир ҳикмат ва ўзимиз учун қандайдир манфаат борлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим бўлади.

Азиз намозхонлар! Аллоҳга шукурки, бугунги кунда жамоамиз, ёри-биродарлармиз, қавми-қариндошларимиз ва қўни-қўшниларимиз ичида ҳаж ибодатини бажариб келган кўплаб ҳожи оталаримиз ва ҳожи оналаримиз бор.

Ҳаж ибодатини бажарган инсон аввал қилиб юрган хато-камчилик ва гуноҳ ишларидан ўзини ўнглаб, келгусида ҳақиқий тавба билан гуноҳ ишлардан ўзини тиймоқлиги вожибдир. Тақво билан зийнатланиб, ўзининг бажараётган амалларини кузатиб бориши лозим бўлади. Ҳаж қилувчининг яхши ҳолатга ўзгариши қилган ҳаж ибодати мақбул эканлигининг аломатидир. Пайғамбаримиз (сав):

"( اَلْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ " (متفق عليه

яъни: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” – деганлар.

Ҳожи мақомига эришган мусулмон ва муслималаримиз ўзларининг гўзал одоби, ён-атрофдагиларга меҳр-оқибатли бўлишликда ибрат бўлишлари, ёшларимизни имон-эътиқодли, халқсевар, оиласи, махалласи ва Ватанига содиқ этиб тарбиялашда фаол иштирок этишлари лозим. Айни вақтда, ён-атрофидагиларга ҳанафий мазҳабимизга, миллий қадриятларимизга, урф-одатларимизга, тўғри келмайдиган диний талабларни тарғиб этиш, риё ва ман-манликка берилиб, ҳаж амалини бажариш орқали эришган мақомга путур етказиб қўйиш мумкин эканини унутмаслик даркор.

Ҳаж ибодатининг замирида тинчлик ва ҳамжиҳатлик ғояси мужассам. Бутун дунё мусулмонлари бир маконда йиғилиб, яратганга жам бўлган ҳолда ибодатлар қиладилар. Демак, ҳаж ибодати мўмин-мусулмонларни тинчлик, осойишталик ва эзгулик йўлида ҳамкор бўлишлари лозимлигини ҳам англатади.

Азизлар! Куни кеча мусулмонлар учун азиз бўлган зулҳижжа ойи кириб келди. Шу кунларда ҳаж амалини бажаришни ният қилиб сафарга чиққан юртдошларимиз учун энг маъсул, катта руҳий ва жисмоний куч талаб қиладиган фурсат етиб келди.

Аллоҳга беҳад ҳамд-санолар бўлсинки, юртимизда муслумонларимиз зиёратларни тўла-тўкис ва ҳеч қандай қийинчиликларсиз адо қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Биринчи президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг шахсий ташаббуслари билан тузилган “Ҳаж” ва “умра” тадбирларини ташкил этиш бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан мусулмонларимизнинг ҳаж сафарига бориш ишларида маҳаллаларда рўйхатга олишдан бошлаб ижтимоий адолат таъминланиб, улар учун қулай шароитлар яратиш ташкил этиб келинмоқда.

Зиёратчиларимизни муқаддас жойларга олиб бориш ва Ватанимизга қайтишларига замонавий “Боинг” русумидаги авиалайнерлар жалб қилинган. Яқинда барчамиз гувоҳи бўлган, мамлакатимизга янги сотиб олиб келинган энг замонавий “Боинг” самолётлари ҳам ҳожиларимизнинг хизматида бўлади.

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан юртдошларимизнинг Саудия Арабистонидаги сафарлари давомида машаққатларини енгил қилиш ва уларга қулай шароитлар яратиш учун Жидда шаҳрида махсус Ҳаж ишлари бўйича атташе фаолият кўрсатмоқда. Малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ, юқори малакали тиббиёт ходимлари ва ошпазлар гуруҳи, тажрибали имом-хатиблардан саралаб олинган гуруҳ раҳбарлари зиёратчиларимизга хизматда бардавом бўлиб, уларнинг дуоларини олмоқдалар.

Макка ва Мадина шаҳарларидаги ижарага олинган янги, замонавий меҳмонхоналарда уч маҳал овқат, кеча-кундуз ишловчи тиббий хизмат, беморлар учун шифохоналар ташкил қилинган. Зиёратчиларни “Ҳарами шариф”га қатнашлари учун узлуксиз автобус ҳаракати йўлга қўйилган.

Юқорида зикр қилинганларнинг бари мустақил юртимизнинг биринчи Раҳбарининг муқаддас ислом динимизга бўлган юксак эҳтироми, мусулмонларимизга кўрсатиб келган иззат-ҳурматининг маҳсулидир.

Ўз навбатида ҳожиларимиз ҳам бундай ғамхўрлик ва эътибордан беҳад миннатдор эканликларини амалда изҳор этиб келмоқдалар.

Юртбошимиз вафоти муносабати билан уламолар иштирокида ғоибона жаноза намозида иштирок этган ҳаж зиёратчиларимиз Президентимиз ҳақларига дуо қилиб, Яратгандан у зотни Ўз раҳматига олишни, жойларини фирдавс жаннатларидан айлашини сўрадилар. Ҳаж сафаридаги имом-хатиблар ва ҳожиларимиз муҳтарам Юртбошимиз ҳақларига “Хатми Қуръон”лар ўтказиб ва “Умра” амалларини адо этиб, мазкур ибодатларнинг савобини муҳтарам Президентимиз руҳларига бағишламоқдалар.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳаж амалларини бажаришни насибу рўзи айласин! Ҳозир сафарда бўлган ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур, яъни мақбул, гуноҳларини мағфират айлаб, онадан янги таваллуд топган гўдак каби гуноҳлардан мусаффо бўлиб, тинчлик ва омонликда ўз она юртимизга солимина, ғонимина қайтиб келишсин!

Яратган парвардигор мустақиллигимизнинг асосчиси, халқимизнинг ғамхўр отаси бўлган муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг охиратларини обод, жойларини жаннатда қилсин. Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   1066   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

О'збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари