Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

19.08.2016 й. Қўшниларга яхшилик қилинг!

17.08.2016   9963   8 min.
19.08.2016 й. Қўшниларга яхшилик қилинг!

بسم الله الرحمن الرحيم

Қадрли намозхонлар! Аллоҳ таборак таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш, Унга ҳеч бир нарсани шерик қилмаслик, ота-она, қавм-қариндош, етим-мискинлар ва қўни-қўшниларга яхшилик қилишга амр этиб, бундай дейди:

وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36).

Муҳтарам жамоат! Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз китобларида ота-она, қавму қариндош ва фарзандлар билан олиб бориладиган муомала маданиятига оид боблардан кейин қўни-қўшнилар билан яхши муомала бўлиш бобини келтирганлар. Инсон боласи ўзининг кундалик ҳаётида, истайдими-йўқми, доимий равишда алоқада бўлиб турадиганлардан бири қўшнилардир. Кишининг ҳаёти осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшни билан кечадиган алоқаларга ҳам боғлиқ бўлади. Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшни ато қилса, кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшнидан ҳар хил ёмонлик кутишнинг ўзи турмуш ҳаловатини кетказади.

Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кишининг саодати кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши уловдадир», деганлар».

عن الحسن أنه سئل عن الجار، فقال: أَرْبَعِينَ دَارًا أَمَامَهُ وَأَرْبَعِينَ خَلْفَهُ، وَأَرْبَعِينَ عَنْ يَمِينِهِ، وَأَرْبَعِينَ عَنْ يَسَارِهِ.

яъни: Ҳасандан ривоят қилинади: «Ундан қўшнилар ҳақида сўрашди. Шунда у: «Олдидан қирқ ҳовли, ортидан қирқта, ўнгидан қирқта, чапидан қирқта», деди».

 Шариат нуқтаи назаридан, ўнг томондан, чап томондан, олд томондан ва орқа томондан қирқта хонадон қўшни ҳисобланар экан ва уларда қўшнилик ҳаққи бўлар экан.

Муҳтарам жамоат! Исломда қўни-қўшниларнинг ҳақлари тўртта бўлиб улар; қўшнига азият бермаслик, қўшнини ёмонликлардан ҳимоя қилиш, уларга доимо яхшилик қилиш,  қўшинидан етадиган азиятларга сабрда бўлиб, улар билан яхши қўшничилик қилиш.

عَنْ أَبِي شُرَيْحٍ الْخُزَاعِيِّ عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُحْسِنْ إِلَى جَارِهِ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ.

яъни: Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонига икром кўрсатсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дедилар».

 Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга имон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан. Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларда ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни дафъ қилиш билан бўлади. Унга озор берилмайди ва эҳсон қилинади. Қўшнига очиқ юзли бўлиш, ширин сўз бўлиш, таом бериш каби ишлар билан икром кўрсатилади. Яхши қўшничилик аломатларидан баъзилари унга муҳтож бўлганда қарз бериш, бемор бўлса, бориб кўриш, таъзиясида иштирок этиш, хурсандчилигини табриклаш, уй қурганда деворини баланд қилиб юбормаслик каби ишларда ҳам қўшиничилик ҳақларидан ҳисобланади.

عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ لِي جَارَيْنِ فَإِلَى أَيِّهِمَا أُهْدِي

قَالَ: إِلَى أَقْرَبِهِمَا مِنْكَ بَابً

яъни: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг иккита қўшним бор, улардан қайси бирига ҳадя берай?» деб сўрадим. У зот: «Сенга эшиги яқинроғига», дедилар».

 Демак, қўни-қўшнига яхшилик қилишда, ҳадя беришда эшиги яқинроқ бўлган қўшнидан бошлаш керак экан. Агар бир қўшнини ташлаб, ундан кейингисига ҳадя берилса, ўртадаги қўшнининг кўнглига «Мени ёмон кўрса керак, бўлмаса, ён қўшни бўлиб туриб, шунақа қиладими?» деган шубҳа тушади.

яъни: Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитига: «Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?» деб ҳадеб сўрайверди. Сўнг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шу қадар тавсия қилдики, ҳатто уни меросхўр бўлса керак, деб ўйлаб қолдим» деганларини эшитганман», деди».

 Бу ҳадисда саҳобалардан бирларининг ана шу ҳадиси шарифга қандай амал қилишлари кўрсатилмоқда. Қўшни яҳудий экан, душманлик қилиб юрган ғайридин одамлардан экан. Лекин ҳадисда «қўшни» дейилганми, бўлди. Яҳудийми, насронийми, мажусийми, ким бўлишидан қатъи назар, унга яхшилик қилиш керак.

عن ابن عمر رضي الله عنهما قال: لقد أتى علينا زمان وما أحدٌ أحقُّ بديناره ودرهمه من أخيه المسلم، ثمّ الآن الدّينار والدّرهم أحبّ إلى أحدنا من أخيه المسلم، سمعت النّبيّ صلّى الله عليه وسلّم يقول: "كم من جار متعلق بجاره يوم القيامة، يقول: يا ربّ! هذا أغلق بابه دوني، فمنع معروفه"

Яъни: Ибн Умардан ривоят қилинади: «У киши шундай деди: «Бошимизда шундай замон ёки пайтлар бўлдики, бир одамнинг бир динори ёки дирҳами бўлса, ўшанга унинг мусулмон биродаридан кўра ҳақлироқ одам йўқ эди. Бугунги кунга келиб эса, динор ва дирҳам бизларга мусулмон биродаримиздан афзалроқ бўлиб қолди. Ҳолбуки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қиёмат куни кўпчилик қўшнисининг бўйнига осилиб олиб: «Раббим! Бу қўшним менинг юзимга эшик ёпди ва яхшилигини тўсди», деб даъво қилади» деганларини эшитганман», деди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади, кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир», дедилар. Бояги кишилар: «Фалончи аёл бўлса, фарз намозларини ўқийди, кийимларидан садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир», дедилар».

 Мазкур ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди. Аксинча, қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган одам катта бахт-саодатга эришади ва аҳли жаннатдан бўлади.

 

عن أبي هريرة: أن رسول الله r قال: "لا يَدْخُلُ الجَنَّةَ مَنْ لا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаса, у жаннатга кирмайди», деганлар».

عن ثوبان قال: "مَا مِنْ رَجُلَيْنِ يَتَصَارَمَانِ فَوْقَ ثَلاثَةِ أَيَّامٍ، فَيَهْلِكُ أَحَدُهُمَا، فَمَاتَا وَهُمَا عَلَى ذَلِكَ مِنَ الْمُصَارَمَةِ، إِلا هَلَكَا جَمِيعًا، وَمَا مِنْ جَارٍ يَظْلِمُ جَارَهُ وَيَقْهَرُهُ، حَتَّى يَحْمِلَهُ ذَلِكَ عَلَى أَنْ يَخْرُجَ مِنْ مَنْزِلِهِ ، إِلا هَلَكَ ."

яъни: Савбондан ривоят қилинади: «У киши: «Икки киши ўзаро уришиб қолиб, уч кундан ортиқ гаплашмай юрса, улардан бири ҳалокатга учрайди. Агар иккови ҳам бир-бирига гапирмай, гина сақлаб вафот этса, иккови ҳам ҳалокатга учрайди. Бир одам қўшнисига зулм қилса, қаҳр кўрсатиб қўшнисини кўчиб кетишга мажбур қилса, у албатта ҳалок бўлади», деган экан».

Аллоҳ таоло барчаларимизни қўшниларга яхшилик қиладиган ва уларнинг ҳақларига риоя қиладиган бандалардан қилсин. Омин!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

14.08.2026   41804   3 min.
Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.

Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.

Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.

Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.

Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари