Халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин!” деган нақл бор. Ҳақиқатда ҳамма ишни ўз эгаси, устаси қилгани маъқул. Йўқса, турли келишмовчилик ва ихтилофлар келиб чиқиши табиий.
Шиддат билан одимлаётган давримизда ўзини “мужтаҳидман” дейдиганлар чиқди ва чиқмоқда. Аслида, улар илмга энди қадам қўйган толиби илмлардир. Чунки ижтиҳод илмда комил бўлган, етук зотларнинг ишидир. Ҳаммада ҳам бу даражага етишга лаёқатли бўлавермайди.
Ҳозирги замонда мужтаҳид йўқми? Бу саволга қуйида жавоб оламиз.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, – дедилар (Тўртовлари ривоят қилган).
Баъзи уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Қиёматгача мужтаҳид узилмайди”, десалар, жумҳур уламолар: “Йўқ, мужтаҳидликнинг ўзига яраша шартлари бор, бугунги кунда якка тартибдаги мужтаҳиднинг йўқлиги ижтиҳоднинг шартлари ўша нарсани даъво қилувчиларда тўлиқ топилмаслигидадир”, дейдилар. Лекин, якка тартибдаги мужтаҳид йўқлигини эътироф қилувчи уламолар жамоавий ижтиҳодни инкор этмайдилар. Чунки мўътабар фиқҳ китобларимизда ёзилмаган, янги, замонавий масалаларга кимдир жавоб бериш керак – да!
Жамоавий ижтиҳод алоҳида бир мавзу бўлгани учун унинг баёнига эътибор қаратмадик.
Оқил бошқадан ибрат оладиган одамдир. Шу жойда улуғлар ҳаётидан бир ибратли воқеани келтириб ўтиш ўринлидир.
Бу воқеани машҳур тариқат шайхи, шариат пешвоси, аллома Холид Бағдодий Нақшбандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Ижтиҳод даъвосини йўққа чиқаришга шиддатли кураш” рисоласида келтирган: “Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Жомеъ ас-сағир” китобига ёзган шарҳининг муқаддимасида айтади: “Аллома Шиҳоб Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Суютий мутлақ мужтаҳидликни эмас, мазҳаб ичида мужтаҳидликни даъво қилди. Ўша вақт унга ҳамаср уламолар бир камондан ўқ отдилар (яъни барча уламолар бир бўлиб раддия қилдилар). Асҳоблар Суютийга икки хил ечим эҳтимоли бор масалаларни савол қилиб мактуб ёздилар. Қани, агар у мужтаҳидликнинг энг қуйи пағонасида бўлса (бу ердаги ижтиҳоднинг энг қуйи поғонаси фатво мужтаҳидидир), мужтаҳидлар қоидасини ишлатиб, ўша важҳларнинг энг кучлиси ҳақида гапирсин–чи!? Саволларга ёзма жавоб қайтарсин–чи!?
Шунда имом Суютий ишларининг кўплиги ўша масалаларга қарашдан тўсаётганини айтиб, узр йўллайди.
Шиҳоб айтади: “Ижтиҳод мартабасининг энг қуйи даражаси бўлган фатво ижтиҳоди мартабаси қийинлиги ҳақида бир тааммул қилиб кўринг!?
Ким мутлақ мужтаҳидлик ҳақида фикр қилаётган бўлса (қарасин), бу замон вакилларидан (Ибн Ҳажарнинг замонасидаги олимлардан) бирортаси ўзига ўша нисбатни беришга журъат қилмаган!
Ҳолбуки, биз билан улар орасида тўрт юз йил бор. Аввалгилар бу мартабани даъво қилишдан узр айтган бўлсалар, замонамиз кишиси (бундай сохта даъволардан) қандай ҳаё қилмайди!?” (Иқтибос тугади).
Мужтаҳидликнинг энг қуйи поғонасини даъво қилган имом Суютий ўзи ким эди? Ҳақиқатдан ҳам мужтаҳидлик даражасини қуруқ, (ҳозирги замондаги баъзилар каби) шунчаки даъво қилганмиди ёки имом Суютийда ўша даъвога яраша лаёқат, асос бормиди?
Келинг, Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ҳаёт ва ижодлари ҳақида қисқача сўз юритсакда, хулоса чиқаришни ўқувчини ўзига қолдирсак.
У зотнинг кимлиги, қилган ишлари, нималарга қодирлигини ўзингиз инсоф тарозисида тортиб кўрарсиз!
Тўлиқ исми ва куняси. Жалолиддин Абулфазл Абдурраҳмон ибн Камолиддин Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Собиқуддин Абу Бакр ибн Фахруддин Усмон ибн Носуриддин Муҳаммад ибн Сайфуддин Хизр ибн Нажмуддин Абуссалоҳ Аюб ибн Носируддин Муҳаммад ибн шайх Ҳумамуддин Ҳумам Хазирий, Асютий, Тулуний, Мисрий шофеъийдир.
Ибнул кутуб номи билан ҳам машҳур бўлган. Ибнул кутуб – китоблар фарзанди номини олишига сабаб қуйидаги ҳодиса бўлган: отаси онасига жавондан китоб олиб келишни буюради. Ногоҳ ана ўша жойда онани тўлғоқ тутиб, китоблар орасида имом Суютийни дунёга келтиради. Шу сабаб бўлиб, Ибнул кутуб лақабини олди.
Имом Суютий 849 йил Ражаб ойининг бошида, якшанба куни, шомдан кейин таваллуд топди.
Имом Суютий беш ёш–у етти ойлигида отадан етим қолди. Саккиз ёшида Қуръони каримни тўла ёд олди.
Имомда илмга бўлган муҳаббат ёшликдан пайдо бўлган. Уч ёшида отаси Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг мажлисига олиб боради.
Замонанинг катта уламоси Камолиддин Ибн Ҳумомдан қаттиқ таъсирлангани Суютийнинг илм олишига катта туртки бўлади. 864 йил Рабиъул аввал ойининг бошидан илмга астойдил киришади.
Имом Суютий жуда кўп устозларда таълим олган. Суютийнинг шогирди имом Шаъроний ўзининг “Табақот”ида устози 600 та шайхдан илм олганини айтади.
Имом фақат шайхлар билан кифояланмай, замонасининг машҳур фақиҳа, муҳаддиса аёлларидан ҳам таҳсил олган. Уммул Муҳанниъ, Оиша бинту Абдулҳодий ва Зайнаб бинту ҳофиз Ироқийлар шулар жумласидандир.
Имом еттита илмда пешқадам ва моҳир бўлган: тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, маъоний, баён ва бадиъ.
Суютийнинг ёзган китоблари рўйхати тузилган алоҳида рисолалар ҳам битилган. Унда рўйхатга киритилган китоблар сони 725 тани ташкил этгани айтилган. Шундан 200 дан ортиғи босмадан чиққан. Ёзган китобларининг барчаси долзарб мавзуларда. Улар ҳозиргача олим ва толиблар қўлида асосий қўлланма бўлиб келмоқда. Қолганлари эса қайсидир кутубхоналарда тадқиқотларни кутиб ётибди ёки йўқолган, зое бўлган.
Суютий ҳадис тўплашга жуда ҳарис эди. Ўзининг “Ал-жомеъ ас-сағир”, унинг “Завоид”и ва “Ал-жомеъ ал-кабир” асарларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳадисларини йиғишга ҳаракат қилган. Ҳадисга бағишланган бу мўътабар манбаларнинг ўзига хослиги абжад ҳарфлари тартибида, муснад китоблар йўналишида ёзилганлигидир. Бу тўпламларни ўқиган киши ҳадиснинг бошиданоқ гап нима ҳақида кетаётганини билиб олади. Имом мана шу оламшумул иши билан суннати мутаҳҳарага жуда катта хизмат қилди.
Суютий ўзи ҳақида 200 000 ҳадис ёд олганини, агар ундан кўпроқ топганида уни ҳам ёдлашини айтиб ўтган.
Имом Суютийнинг вафотидан кейин хонасидан ўз қўли билан ёзган хати топилган. Унда қуйидалар ёзилган:
“Аллоҳ таолога ҳамд, Унинг Расулига эса салавот ва саломлар бўлсин!
Ҳижрий 904 йил (бу ҳодиса вафотидан етти йил олдин бўлган) Рабиъул аввал ойининг саккизинчи куни, пайшанба кечаси туш кўрдим. Қарасам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуридаман. Ҳадис борасида ёзишга киришган (“Жамъул жавомиъ” ёки “Ал-жомеъ ал-кабир”) китобим ҳақида ул зотга сўзлаб бердим.
Айтдимки:
– Сизга ундан бироз ўқиб берсам?
Ул зот менга:
Мана шу нарса менинг назаримда бутун дунёдан афзал башорат эди”.
Фиқҳни шайх Сирожиддин Булқинийдан, у зотдан кейин ўғлидан, луғат ва ҳадисни шайх Тақийюддин Шумунийдан, тафсир, усул ва маъонийни шайх Муҳйиддин Муҳаммад ибн Сулаймон Румий ҳанафий ва бошқа қатор етук устоз ва алломалардан сабоқ олган.
“Ҳиснул муҳозара” китобида ҳаж қилганида Замзам сувини фиқҳда Сирожиддин Булқиний, ҳадисда Ибн Ҳажар даражасига етишни ният қилиб ичганини айтади.
Олимларнинг таъкидлашича, Аллоҳ таоло имом Суютийни мақсадига еткизган.
Суютий қирқ ёшида ибодатга ажраб чиқиб, умрининг охиригача ибодат, риёзат билан машғул бўлади.
Баракали умр кўрган имом 911 йил жумадул улонинг 19 куни, жума кечаси 62 ёшида оламдан ўтди.
Аллоҳ таоло Имом Суютийни Ўз раҳматига олиб, борган жойини жаннат боғларидан айласин!
Абу Убайдуллоҳ
Энг кўп қандай дуо қиласиз?
Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.
Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].
Қандай тонг оттирдингиз?
Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.
Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.
Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.
Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.
Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.
Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз” (Нисо сураси, 86-оят).
Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.
Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.
Восиқ: “Махлуқ”.
Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.
Восиқ: “Улар билишмаган”.
Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.
Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.
Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.
Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.
Ғийбатчини афв этди
Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.
Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.
Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.
Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].
Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида
Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).
Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари
Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.
Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.
Ношукрлик бўлади
Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.
Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.
Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].
Фақат сажда қиларди
Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.
Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.
Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.
Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].
Қайтаришни ният қилганман
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.
Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.
Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза
Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.
Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди.
Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.
Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.
[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.
[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.
[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.
[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.