Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Шундоқ севмоқ керак Расулуллоҳни!

09.08.2016   9596   15 min.
Шундоқ севмоқ керак Расулуллоҳни!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, Ул зотга жон-у молларини фидо этиб, жонбозлик билан ардоқлашда, башар учун, шак шубҳасиз саҳобалар буюк намунадирлар. Уларнинг ҳар бир саъй ҳаракатлари то қиёматгача келгуси одамизот учун ибрат бўлиб қолаверади. Саҳобалардан кейин эса яна шундай зотлар Расулуллоҳга ошиқлик саҳнасига чиқдилар. Улар энди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмасдан у зотга муҳаббат қўйиш, яна у зотга итоатларини намоён этишда ўзларидан кейинги инсолар учун дарс ўтиб кетишди гўё. Қуйида, ана шундай буюк зотларнинг буюк муҳаббатлари ҳақида сўз кетади.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан сўрашди: “Сиз қачондан бошлаб Айюб Аcсухтиёнийдан ҳадис эшитадиган бўлгансиз?” Имом Молик жавоб бердилар: “Мен илгари ҳеч ҳам ундан ҳадис тингламасдим. Лекин қачонки унинг ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинса, у шунчалик йиғлардики, ҳатто унга раҳмим келарди. Мен уни Рассулуллоҳга шунчалик эҳтиромини кўриб ундан ҳадис тинглайдиган бўлдим!

Салафи солиҳларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бу даражада эҳтиромари уланинг табиатлари эди гўё. Зеро улар Набий алайҳиссаломнинг қадри ва даражаларини билардилар. Ва ўзларидан қай даржада афзал эканликларини ҳис этардилар. Бу ҳақда Имом молик раҳматуллоҳи алайҳ бир қанча устозларидан кўрган ҳолатларга назар соламиз. Мусъаб ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Агар Моликнинг ҳузурида Набий алайҳиссалом зикр қилинсалар унинг ранги ўзгариб, қадди букилиб қоларди. Бу ҳаммажлисларига оғир ботарди. Бир куни у зотдан бу ҳолатлари ҳақида сўралди. Шунда у киши қуйдагича жавоб бердилар: “Сизлар ҳам менинг кўрганларимнм кўрганингизда эди, мендаги ҳолатни малол кўрмасдингиз. Мен Муҳаммад ибн Алмункадирни шундай ҳолатда кўрардим. У қорилар саййиди эди. Биз ундан қачонки бирор ҳадис ҳақида сўрасак, у шу даражада йиғлардики, ҳатто унга раҳмимиз келиб кетарди. Жаъфар ибн Муҳаммадни ҳам шу ҳолатда кўрардим. У ҳазилкаш, сер табассум киши эди. Лекин унинг олдида Набий алайҳиссалом зикр қилинсалар унинг ранги оқариб кетарди. Уни бирор марта таҳоратсиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида гапирганини кўрмаганман. Абдарраҳмон ибн  Қосим Расулуллоҳниинг ҳайбатларидан  агар Набий алайҳиссаломни зикр қилган вақтда унинг юзига қаралса, ҳудди ундан қон оқаётгандек бўлиб қолар ва тили қуриб қолар эди. Яна Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг олдига қатнардим. Қачонки унинг ҳузурида Набий алайҳиссалом зикр қилинсалар, йиғлайвериб кўзёшлари қуриб қоларди. Зуҳрийни ҳам кўрганман. У аслида инсонлар билан чиқишимли, уларга яқин одам эди. Лекин унинг олдида Набий алайҳиссалом зикр қилинсалар, сиз уни танимайидиган ва у сизни танимайдиган ҳолатга тушиб қоларди. Сафвон ибн Сулаймнинг олдига ҳам қатнардим. У мужтаҳид тобеъинлардан эди. Агар унинг ҳузурида Набий алайҳиссалом зикр қилинсалар йиғларди. У йиғидан тўхтай олмас, ҳатто атрофидаги кишилар тарқалиб кетишарди!”

   Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ қачонки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилганида йиғлаган тўнка ҳақидаги ҳадисни айтсалар, одамларга қарата: “Эй Аллоҳнинг бандалари! Бир ёғоч Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг Аллоҳ таоло берган мартабаси учун шавқ ва алам билан йиғлаяпти! Албатта сизлар ундан кўра ғам-алам чекишга ҳақлироқсизлар!”, дердилар.

Салафи солиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни вафотларидан кейин саҳобалар ул зотни ҳаётликларида улуғлаб, ҳурмат қилганларидек ҳурматлар эдилар. Ул зотнинг масжидларида ҳам овозларини баланд кўтармасдилар. Соиб ибн Язид раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қиладилар: “Масжидда тургандим, шунда бир киши менга тош отди, қарасам,  Умар ибн Хаттоб экан. У менга: “Бор, ана у иккиласини олдимга олиб кел!”, деди. Мен уларни олиб келдим. Умар уларга: “Кимсизлар ёки қаердансизлар?”, деб сўради. Улар: “Тоиф аҳлиданмиз.”, дейишди. Шунда Умар ибн Хаттоб: “Агар шу шаҳар аҳлидан бўлганингизда албатта сизларни жазолар эдим! Расулуллоҳнинг масжидида овозингизни кўтарасизларми?!!!”, деди.  Баъзи тобеъинлар ҳадис мажлисларида овоз кўтаришни ҳудди Расулуллоҳнинг ҳузурларида овоз кўтаришдек ҳисоблардилар. Чунки ҳадис ул зот алайҳиссаломнинг сўзларидир. Ҳаммод ибн Зайд роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Айюб Ассуҳтиёнийниг олдида эдик. У ҳадис айтаётган эди. Шу пайт шовқин эшитилди. Шунда у: “Бу қандай шовқин? Нима, улар Расулуллоҳнинг ҳадислари зикр қилинаётганида овоз кўтариш ҳудди ҳаётликларида у зотнинг олдиларида овоз кўтаришдек эканини билмайдиларми?!”, деди.

Салафи солиҳларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурматлари ўз ташқи кўринишларига эътибор беришларида ҳам акс этарди. Агар улар ҳадис айтмоқчи бўлсалар кўринишларини тузатиб, гўзал суратда бўлишга интилишар ва фарзандларини ҳам шунга кўра тарбия қилардилар. Абу Салама Хазоъий айтадилар: “Молик ибн Анас агар ҳадис айтгани чиқишни ирода қилса, ҳудди намозга таҳорат олгандек таҳорат қиларди, кийимлариниг энг чиройлисини  ва бош кийимини кийиб, соқолини тарарди. Ундан бунинг боиси сўралганида: “Мен бу билан ҳадисни ҳурматлайман.”, деб жавоб берарди. Аҳмад ибн Синон Вакиъ ибн Жароҳнинг ҳадис ҳалқасидаги ҳолат ҳақида гапириб шундай дейди: “Унинг мажлисида гаплашилмасди. Калам учланмас, табассум ҳам қилинмасди. Бирор киши тик турмасди. Унинг мажлисидаги инсонлар гўё намозда тургандек турардилар. Агар Вакиъ ўзи учун ўтирганларнинг бирортасидан ёқимсиз бирор бир нарсани илғаса, оёқ кийимини кийиб, хужрасига кириб кетарди”.

Имом Молик Абу Ҳозимнинг олдидан ўтиб кетаётган эдилар. У ҳадис айтаётган эди. Имом молик эса тўхтамай ўтиб кетдилар. У кишидан бунинг сабаби сўралганида: “Мен ўтиришга жой тополмадим. Расулуллоҳнинг ҳадисларини тик туриб қабул қилишни истамадим.”, деб жавоб бердилар.

Муҳаммад ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ гаплашиб, кулишиб ўтирардилар, агар суҳбатларига кўра ҳадис келиб қолса хушуълик бўлиб қолардилар.

Саъид ибн Мусайяб роҳимаҳуллоҳ бетоб бўлиб, ёнбошлаб ётган эдилар. У кишидан бир ҳадис ҳақида сўралганди дарҳол ўтириб олдилар. Шунда: “Ўзингиз касалсиз. Жонингизни қийнамасангиз ҳам бўлардику”, дейишди. У зот эса: “Ёнбошлаган ҳолда Расулуллоҳдан ҳадис айтишни истамадим”, дедилар.

Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ юриб кетаётганларида у кишидан бир ҳадис ҳақида сўрашди. У киши эса: “Бу - илмга нисбатан ҳурматсизлик!”, дедилар.

Бу зотларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, муҳаббат билан ҳурмат кўрсатишгани ҳақида кўплаб, ажойиб хабарлар бор. Шундай  воқеалардан яна бири Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ билан содир бўлди. Аббосийлар ҳалифалигидан учталариМамун, Муътасим ва Восиқ бирин кетин алмашди. Уларнинг ҳар учаласининг даврида ҳам Имом Аҳмад  Қуръоннинг махлуқ ёки ғойримахлуқлиги хақидаги фитналар натижасида зиндонбандлик ва бошқа қистовлар билан  оғир имтиҳон қилиндилар. Лекин бу қийновлар у зотни аввалги ҳолатларидан заррача ўзгартирмади. У зот ҳақда собит турдилар. У кишини Восиқнинг мажлисига қўллари кишанланган ҳолда олиб киришди. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шу ҳолатларида улар билан баҳслашиб уларни енгдилар. Ҳужжатларини йўққа чиқариб, макрларини барбод қилдилар. Шу он Аллоҳ таоло халифа Восиқнинг қалбини очди. У имомнинг содиқлигини, ҳақ узра турганлигини билди ва қўлидаги кишанларни ечишликка буйруқ берди. У зотнинг қўлини ечишганда имом Аҳмад арқонни ўзларига олдилар. Шунда зиндон нозири арқонни у кишидан тортиб олди. Восиқ эса арқонни имомга қайтариб беришни буюриб у зотдан уни нега олганини сўради. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ: “Мен у билан Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида менга зулм қилганлар билан ҳусуматлашаман. Ва: “Эй Робб! Мана бу бандангдан сўра; нима учун мени устимда вожиб бўлмаган ҳақ билан мени кишанлашди, оиламни ва биродарларимни қўрқитишди?!!! ”, дейман”, деб йиғладилар. Бу гапни эшитиб Восиқ ҳам ўша ердаги одамлар ҳам йиғлашди. Сўнг Восиқ Аҳмад ибн Ҳанбалдан бу даъвосидан кечиб, уни кўнглини ҳотиржам қилишини сўради. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ эса: “Эй Мўминлар амири! Агар сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи всалламнинг аҳлларидан бўлсангиз, ул зотнинг ҳурматларидан мен сиздаги барча ҳаққимдан кечдим!”, деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло бизларга ҳам шундайин чин муҳаббат тафтини туйишни насиб этсин!

Расулуллоҳга саловат ва саломларимизни етказсин!

 

Интернет маълумотлари асосида 

Мулла Абдуғаффор ҳожи” жомеъ масжиди имом хатиби

Икром Каримов таёрлади

 

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

26.08.2026   26371   8 min.
МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.

Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!

Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.

Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.

Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.

Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:

1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.

2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.

Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.

Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).

Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:

⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.

⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.

⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.

⏺ Ғарқ бўлганлар.

⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).

⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.

⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.

⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.

⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.

⏺ Жума кечаси вафот топганлар.

⏺ Сил касалидан ўлганлар.

⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.

⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.

⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.

⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.

⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.

⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.

⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.

⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.

⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.

⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.

⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.

⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.

⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.

⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.

⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.

⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.

⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.

⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.

⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.

Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси