Кўпчилигимиз севиб истеъмол қиладиган тарвузнинг биз билган ва билмаган кўплаб фойдалари бор. Қуйида тарвуз ҳақида сиз учун қизиқарли ва фойдали бўлган ажойиб маълумотларни келтириб ўтамиз.
Тарвуз ўзида L-цитруллин – аминокислотаси кўп бўлиб, бу бўғимлар орасидаги оғриқни тўхтатади. Агар машғулотдан кейин ачиш ва оғриқ сезилишини хоҳламасангиз, у ҳолда машғулотдан аввал янги тарвузнинг 1/3 қисмидан тайёрланган шарбатни ичиш тавсия қилинади.
Албатта, бу гап сизга ёқимсиз туюлгандир, аммо биз тарвуз пўчоғини ташлаб юбормаслигингизни тавсия қиламиз. Биринчидан, улар жудаям мазали. Пўчоқларни бир нечта кичик бўлакларга бўлинг ва лимон, бодринг ва муз бўлаклари билан блендерга солинг. Таъбга кўра шакар ва кўкатлар солишингиз мумкин. Натижада С, В1, В2, каротин, фолий ва пантотен кислоталарига бой бўлган ажойиб шарбат тайёр бўлади. Тарвуз уруғи тери ҳолатини яхшилайди ва яллиғланишга қарши самарали восита вазифасини ўтайди. Бундан ташқари у темир, рух, оқсилларга бой.
Тарвузни 91 фоиз қисми сувдан иборат. Бундан ташқари у кам калорияли полиз маҳсулоти ҳисобланади. 100 гр тарвузда атиги 38 калория мавжуд.
2 карч тарвуз истеъмол қилиш сизнинг кўзингиз ва фикрлаш қобилиятингиз учун жуда фойдалидир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, тарвузнинг мазали мевасида А ва В6 витаминларининг мавжудлиги биринчидан кўзнинг турли инфекциялардан ҳимоя қилиб, тиниқ кўришини таъминласа, иккинчидан хотирани мустаҳкамлаб, фикрлаш тезлигини оширади.
Инсон организми ултрабинафша нурларига қарши кураш олиб боришига бир нечта маҳсулотларни ўрни беқиёслиги илмий жиҳатдан исботланган. Тарвуз ҳам айнан шу маҳсулотлар қаторига киради. Унда ликопин моддасининг мавжудлиги турли нурланишга қарши курашишда ёрдам беради.
Янги тарвузда 5-13 фоизгача енгил бирикадиган қанд мавжуд. Тарвуз кесилганда фруктоза ва глюкозалари умумлашади. Сахароза (қанд) бунга қараганда кечроқ ҳосил бўлади. Шунинг учун қандли диабетга чалинганларга барра кесилган тарвуздан кам миқдорда истеъмол қилиш тавсия этилади.
Тарвуз овқат ҳазм қилиш фаолиятини яхшилайди, юрак-қон томир тизими ҳамда буйрак ва жигарни тозалайди. Танадан холестеринни чиқариб ташлашга ёрдам беради. Тошлар билан боғлиқ муаммолари бор беморларга тарвузни кўпроқ ейиш тавсия қилинади. Агар сизда тарвуз истеъмол қилмаслик учун жўяли сабаб бўлмаса, у ҳолда кундалик егуликда 2-3 кг тарвуз ейишни маслаҳат берамиз.
Тарвуз энг безарар полиз маҳсулоти саналади. Чунки унинг қаттиқ пўстлоғи турли зарарли моддаларни ташқи муҳитдан киришига йўл бермайди. Айниқса сўнгги йилларда тарвузни етиштириш бир мунча ортди. Унда турли зарарли моддалар бор йўқлигини ҳамма ҳам билавермайди. Тарвуз "соғлом"лигини аниқлаш учун, тарвузни мевасидан озроқ кесиб тоза сувга соламиз, сув бирор соатлардан кейин рангида хиралик пайдо бўлса, унда ҳаммаси жойида, агар солинган сув ёрқин пушти, қизил ва сап-сариқ тусга кирса, у ҳолда тарвуздан воз кечганингиз маъқул.
Тарвузни қандай танлаш мумкин?
Интернет маълумотлари асосида
Неъмат Мусаев
тайёрлади
Машина йўлига чиқиб кетган одамни кўриб ҳайдовчи зўрға тўхтатиб қолди. Ундан ҳам олдин ёнидаги дўсти тушасолиб йўловчининг ёқасидан олди. Узр сўраб довдираётган одамни кўриб, ҳайдовчи тез тушди-да, дўстидан унинг ёқасини қўйиб юборишини сўради.
– Бу нима деганинг?! Сал бўлмаса қамалиб кетардинг-ку буни деб, – янада жаҳли чиқди дўстининг.
– Сен уни қўйиб юборавер, гап бор... Бўлди, ака, ҳушёр бўлиб етиб олинг... Йўқ, шошманг...
Ҳайдовчи ҳатто у одамнинг қўлига пул ҳам берди. Дўстини ҳайрон қолдириб, машинага қайтди.
Дўстининг савол назари билан қараб турганини кўриб, изоҳ бера бошлади:
– Бир соатча олдин дорихонага киргандим. Шу одамга кўзим тушганди. Қўлида дорилар рўйхати ёзилган қоғоз, пули етмаганидан мунғайиб турган эди. Дорилар нархини эшитиб, оғир қадамлар билан чиқиб кетганди. Ортидан чиқиб ёрдам бергим келди. Лекин пулимни қизғондим. Ташқарига чиққанимда у онаси билан гаплашиб турган экан. Ҳалиги одам онаси билан гаплашиб бўлгач: “Шунча пулни қаердан топаман? Ё Аллоҳ! Ўзинг йўл кўрсат, деганини эшитиб ҳам индамай кетавердим. Гўё унга пул берсам ўзим оч қоладигандай... Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади” (Бақара сураси, 268-оят) дея огоҳлантирганини билардим. Яна “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом сураси, 160-оят) деган ваъдасини ҳам ўқигандим. Барибир хомлик қилдим. Сал бўлмаса ўша хасислик қилган пулимдан ўн, юз ҳиссаси чиқиб кетадиган бир мусибатга дучор бўлардим. Майли, ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам, Аллоҳ имкон берди. Шунинг учун айб у одамдамас, ўзимда, деб билдим...
Ҳа, азизлар! Ҳаётимизда бундай ҳолатларга дуч келиб турамиз. Аввало, биров билан тушунмовчилик бўлиб қолса у одамнинг аҳволини сўрайлик. Балки бирор мусибат ё ташвишда юргандир. Дарҳол тилимизга келган сўзлар билан хақорат қилиб, уришиб кетмайлик. Бунақа вазиятларда шайтон васваса қилишини унутмайлик. Хулоса қилишга шошилмайлик. Ҳазрати инсон деган номга муносиб иш тутайлик.
Акбаршоҳ Расулов