frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Тарвуз ҳақида ажойиб маълумотлар

05.08.2016   37175   4 min.
Тарвуз ҳақида ажойиб маълумотлар

Кўпчилигимиз севиб истеъмол қиладиган тарвузнинг биз билган ва билмаган кўплаб фойдалари бор. Қуйида тарвуз ҳақида сиз учун қизиқарли ва фойдали бўлган ажойиб маълумотларни келтириб ўтамиз.

  1. Тарвуз спортчиларга кони фойда

Тарвуз ўзида L-цитруллин – аминокислотаси кўп бўлиб, бу бўғимлар орасидаги оғриқни тўхтатади. Агар машғулотдан кейин ачиш ва оғриқ сезилишини хоҳламасангиз, у ҳолда машғулотдан аввал янги тарвузнинг 1/3 қисмидан тайёрланган шарбатни ичиш тавсия қилинади.

  1. Тарвуз пўчоғи ва уруғини истеъмол қилиш

Албатта, бу гап сизга ёқимсиз туюлгандир, аммо биз тарвуз пўчоғини ташлаб юбормаслигингизни тавсия қиламиз. Биринчидан, улар жудаям мазали. Пўчоқларни бир нечта кичик бўлакларга бўлинг ва лимон, бодринг ва муз бўлаклари билан блендерга солинг. Таъбга кўра шакар ва кўкатлар солишингиз мумкин. Натижада С, В1, В2, каротин, фолий ва пантотен кислоталарига бой бўлган ажойиб шарбат тайёр бўлади. Тарвуз уруғи тери ҳолатини яхшилайди ва яллиғланишга қарши самарали восита вазифасини ўтайди. Бундан ташқари у темир, рух, оқсилларга бой.

  1. Тарвуз сувга бой мева

Тарвузни 91 фоиз қисми сувдан иборат. Бундан ташқари у кам калорияли полиз маҳсулоти ҳисобланади. 100 гр тарвузда атиги 38 калория мавжуд.

  1. Тарвуз кўз ва мия фаолияти учун фойдали

2 карч тарвуз истеъмол қилиш сизнинг кўзингиз ва фикрлаш қобилиятингиз учун жуда фойдалидир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, тарвузнинг мазали мевасида А ва В6 витаминларининг мавжудлиги биринчидан кўзнинг турли инфекциялардан ҳимоя қилиб, тиниқ кўришини таъминласа, иккинчидан хотирани мустаҳкамлаб, фикрлаш тезлигини оширади.

  1. Тарвуз ултрабинафша нурларидан ҳимоялайди

Инсон организми ултрабинафша нурларига қарши кураш олиб боришига бир нечта маҳсулотларни ўрни беқиёслиги илмий жиҳатдан исботланган. Тарвуз ҳам айнан шу маҳсулотлар қаторига киради. Унда ликопин моддасининг мавжудлиги турли нурланишга қарши курашишда ёрдам беради.

  1. Тарвуз қандни тўплайди

Янги тарвузда 5-13 фоизгача енгил бирикадиган қанд мавжуд. Тарвуз кесилганда фруктоза ва глюкозалари умумлашади. Сахароза (қанд) бунга қараганда кечроқ ҳосил бўлади. Шунинг учун қандли диабетга чалинганларга барра кесилган тарвуздан кам миқдорда истеъмол қилиш тавсия этилади.

  1. Тарвуз танадаги ортиқча шлакларни тозалайди

Тарвуз овқат ҳазм қилиш фаолиятини яхшилайди, юрак-қон томир тизими ҳамда буйрак ва жигарни тозалайди. Танадан холестеринни чиқариб ташлашга ёрдам беради. Тошлар билан боғлиқ муаммолари бор беморларга тарвузни кўпроқ ейиш тавсия қилинади. Агар сизда тарвуз истеъмол қилмаслик учун жўяли сабаб бўлмаса, у ҳолда кундалик егуликда 2-3 кг тарвуз ейишни маслаҳат берамиз.

  1. Тарвузни зарарли ёки зарарсиз эканини текширинг

Тарвуз энг безарар полиз маҳсулоти саналади. Чунки унинг қаттиқ пўстлоғи турли зарарли моддаларни ташқи муҳитдан киришига йўл бермайди. Айниқса сўнгги йилларда тарвузни етиштириш бир мунча ортди. Унда турли зарарли моддалар бор йўқлигини ҳамма ҳам билавермайди. Тарвуз "соғлом"лигини аниқлаш учун, тарвузни мевасидан озроқ кесиб тоза сувга соламиз, сув бирор соатлардан кейин рангида хиралик пайдо бўлса, унда ҳаммаси жойида, агар солинган сув ёрқин пушти, қизил ва сап-сариқ тусга кирса, у ҳолда тарвуздан воз кечганингиз маъқул.

Тарвузни қандай танлаш мумкин?

  1. Ўртача вазни 5-7 кг келадиган тарвузни танланг.
  2. Чўзиқроқ, бироз ясси бўлган тарвуз ширин ва уруғи камроқ бўлади.
  3. Тарвуз дум қисми қуруқ ва сарғиш бўлса, уни ғарқ пишганидан далолат беради. Дум қисми яшил бўлса, тарвузнинг етилишига бироз борлигидан далолат.
  4. Ширин тарвузни урганда жарангсиз, қўл билан эзганда эса дарз кетган товуш чиқади.
  5. Яхши тарвузнинг усти ёқимли ялтироқ тусга ва ерда ётган тарафида сариқ доғлари бўлади.

Интернет маълумотлари асосида

Неъмат Мусаев

тайёрлади

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Жанубий Кореянинг нуфузли телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритди

26.08.2026   36724   3 min.
Жанубий Кореянинг нуфузли телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритди

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.

Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.

Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.

“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.

Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.

“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.

Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.

“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.

Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.

Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.

Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.

“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.

Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари