Инсон ота-онасига муомала қилишда бир қанча одобларга риоя қилиши лозим. 1. Ота-онага хизмат қилишни ва уларни ҳурмат қилишни инсон ўзига фарз деб билиш керак. 2. Молу дунёсини улардан дариғ тутмаслиги керак. 3. Ота-онага қилган хизматини миннат қилмаслик керак. 4. Ота-онанинг юзига тик боқмаслик керак, улар билан гаплашганда ҳам фарзанд бошини хам қилиб гапириши лозим. 5. Фарзанд ота-онасининг чақириғига тез жавоб бериши лозим. Фарзанд намоз ўқиётган вақтда ота-онаси чақирса, жавоб бериши мумкинми? Агар фарзанд нафл намоз ўқиётган бўлса, намозни бузиб, ота-онасининг чақириғига жавоб беради ва намозни қайтадан ўқиб олади. Аммо фарз ёки вожиб намоз ўқиётган бўлса, бузмайди.
6. Фарзанд ота-онаси билан муоамала қилаётган чоғда юзини буриштирмасин. 7. Гуноҳ бўладиган ишлардан ташқари уларнинг барча буйруқларига итоат қилсин. 8. Фарзанд улар билан сўзлашганда, шунингдек, улар ҳузурида бошқаларга ҳам баланд овозда гапирмаслиги лозим. 9. Ота-онасининг ижозатисиз сафарга бормасин. 10. Доим уларни хурсанд қилиш пайида бўлсин. 11. Уларга қилган эҳсон ва яхшилигини иккинчи ибодат деб билсин. Зеро жаннат оналар оёғи остидадир.
Қариндош уруғлар билан муоамала қилганда қуйидаги еттита одоб шартларига риоя этиш лозим бўлади. 1. Қариндош уруғлар билан дўстлик, алоқа ва тез-тез хабар олишни одат қилиш керак. Бу нарса инсон умрини зиёда қилади. 2. Молу дунёси билан қариндош уруғларга ёрдам бериб турсин. 3. Хурсандчилик ва ғам-ташвишларида уларга шерик бўлсин. 4. Ёрдам зарурати туғилганда қўлидан келганича ёрдамини аямасин. 5. Қариндош уруғлар қанча жафо қилсалар ҳам, жавобини вафо билан қайтарсин. 6. Уларнинг душманлари билан муроса қилмасин. 7. Уларнинг молига қасд ва тама қилмасин, акс ҳолда ўзи беномус ва қадрсиз бўлиб қолади.
Қўшнилар билан муоамала қилиш одоблари ўн тўрттадир. 1. Қўшниларга доим илтифотли ва меҳрибон бўлиш. 2. Қўшнилардан насиҳат ва яхшиликни дариғ тумаслиги керак. 3. Агар қўшнисидан ёмонлик кўрса ҳам сабр қилиб, уни беобрў қилмасин. 4. Қўлдан келганича қўшнисига ёрдам ва ҳимоя қилсин. 5. Инсон оғирлигини қўшнисига ташламаслиги керак, балки унинг юкини кўтаришга ҳаракат қилсин. 6. Агар қўшнисининг бирор ҳожатини чиқарса, унга миннат қилмасин. 7. Агар қўшнидан бирор фойда етса, шукр қилсин. 8. Агар кишига қўшнисидан бирор нуқсон етса, шикоят қилмасин. 9. Қўшни агар камбағал бўлса, имконқадар ёрдам берсин. 10. Агар қўшни бирор нарса сўраса, очиқ юзлик билан берсин. 11. Сув, туз ва ўтин каби нарсаларни ундан дариғ тутмасин. 12. Қўшнининг ёш болаларини эркалатсин. 13. Таъзия кунларида таъзия билдирсин ва хурсандчилик кунларида қўшнисини муборакбод қилсин. 14. Агар қўшнининг томорқасига унинг уйи томонидан сув ўтадиган бўлса, сув йўлини доим очиб қўйсин.
Қўшнилар уч турга бўлинади – қариндош қўшни, бегона қўшни ва ғайридин қўшни. Билингки, қариндош бўлган қўшнининг сизда учта ҳақи бор – қариндошлик ҳақи, мўминлик ҳақи ва қўшнилик ҳақи. Қариндош бўлмаган қўшнининг иккита ҳақи бор – мўминлик ва қўшничилик ҳақлари. Ғайридин қўшнининг битта ҳақи бор – қўшничилик ҳақи. Шунинг учун қўшни ғайридин бўлса ҳам, у билан яхши муоамалада бўлиш зарур. Ғайридин қўшниларга мана шундай гўзал муоамала қилинса, уларнинг мусулмон бўлиши ҳам ажаб эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғайридинлар билан гўзал муоамала қилар эдиларки, агар ёмон мақсад билан келган бўлса ҳам, иймон келтириб қайтар эди.
Қариндош бўлмаган инсонлар билан қуйидаги олтита муоамала одобларига риоя этишлари лозим. 1. Ҳеч кимга ҳақорат назари билан боқмаслиги керак. 2. Уларнинг суҳбати ва сўзларига орасига кирмаслик керак. 3. Бошқаларнинг ножўя ишлари ва сўзларидан ўзингни ғофил тут, яъни сабр қилиб, ўзингни билмасликка сол. Агар бирор кишидан сенга, динингга ва ё миллатга нисбатан ноўрин ҳатти-ҳаракатни кўрсанг, насиҳат қил. Бу хусусда ҳадиси шарифда “Кимки бир номақбул ишни кўрса, бас уни қўли билан тўхтатсин ва агар қўли билан тўхтата олмаса, тили билан қайтарсин, агар қўли билан ҳам қайтара олмаса, бас дили билан ўша ишни ёмон кўрсин. Лекин қўли ва тили билан қайтара олмай, дили билан ёмон кўриши иймоннинг заифлигидан далолатдир”, дейилган. 5. Барча халққа нисбатан доимо меҳр-шафқатли бўлиш керак. 6. Улардан бирор кишини то ўзингга беғаразлигини билмасанг, суҳбатингга яқин тутма.
Соатмурод Примов
Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.
Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.
21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).
Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси