لَقَدْ رَأَيْتُ الْمَلَائِكَةَ تُغَسِّلُه ُ(الحديث)
Фаришталар унинг жасадини
юваётганларини кўрдим(Ҳадис)
Тарихда «Ғасилул малаика» яъни фаришталар ювинтирган инсон номли буюк саҳобий ўтганлар. Келинг ҳозир мана шу буюк инсон билан яқиндан танишиб оламиз.
Бу зотнинг тўлиқ исмлари Ҳанзала ибн Абу Омир ибн Сойфий Ал-ансорий бўлиб Авс қабиласидан эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида ўз қавмлари билан бирга Исломга кирганлар.
Мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг қизи Жамилага уйланганлар. Аёллари ҳам ўзларига ўхшаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймонида содиқ инсонлардан эди. Ҳанзала розияллоҳу анҳу ёш бўлишларига қарамай жуда тақводор ва довюрак инсон эдилар.
Оталари эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмай бу дунёдан ўтган.
Келинг Ҳанзала розияллоҳу анҳунинг отаси Абу Омир билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг учрашувларига назар ташлайлик.
Оталари ҳали ислом дини келмасидан олдин аҳли китобнинг уламоларидан илм олиб, «Ҳали охирзамон пайғамбари чиқади. Унинг мана бундай, мана бундай сифатлари бор», деб юрарди. Жоҳилият даврида уни Абу Омир Роҳиб, деб аташган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Муҳаммад! Сен олиб келган нарса нима?», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иброҳим алайҳиссаломнинг соф дини», дедилар. Абу Омир: «Мен ҳам шу диндаман», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен бу динда эмассан», дедилар. Абу Омир: «Нима, сен бу соф динга унда бўлмаган нарсани киритдингми?», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ. Мен бу динни соф ва пок ҳолатда олиб келдим», дедилар. Шунда Абу Омир: «Аллоҳ ёлғон гапирган одамни ёлғиз ва ташланган ҳолда чўктириб ўлдирсин», деб дуо қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Омин!», дедилар. Абу Омир: «Қайси қавм сенга қарши урушса, ўшаларга қўшилиб сен билан урушаман», деб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «Абу Омир Фосиқ», деб атадилар. Ўша кундан бошлаб уни Абу Омир Роҳиб, деб эмас, Абу Омир Фосиқ, деб аташадиган бўлишди.
Шундан кейин Абу Омир Макка мушрикларига бориб қўшилди ва мусулмонларга қарши Уҳуд жангида иштирок этди.
Макка фатҳ қилинганда, Румга қочиб Ҳирақилнинг олдига борди ва кўп ўтмай бегона юртда чўкиб ўлди.
Отасининг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмасдан Исломга душман бўлганидан Ҳанзала розияллоҳу анҳу изтироб чекардилар. Худди шу изтироб у кишининг қайноғалари Абдуллоҳда ҳам бор эди. Чунки унинг отаси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юзаки иймон келтирган мунофиқ эди.
Ҳанзала розияллоҳу анҳу Уҳуд ғазотида динни ҳимоя қилиб жон таслим қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ажиб ҳолатни гувоҳи бўлдилар ва саҳобаларига: «Бориб Ҳанзаланинг аёлидан сўрангларчи, Ҳанзала Уҳудга чиқишидан олдин қай ҳолатда эди», дедилар. Ҳанзаланинг аёли Жамила сўраб келган саҳобаларга: «Жарчи Уҳудга чақирганда, у киши жунуб ҳолатда эдилар. Кеч қолмай, деб ғусл қилмасдан чиқиб кетган эдилар», деди. Бу хабар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа шу учун экан. Мен Ҳанзалани кумуш идишда ёмғир суви билан юваётган фаришталарни кўрдим», дедилар.
Аллоҳ бу буюк саҳобадан рози бўлсин!
Васила
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди