Аллоҳ таолонинг улулазм пайғамбарларидан бири Иброҳим (а.с) жуфти ҳалоллари Сора онамиз билан узоқ ҳаёт кечирдилар. Уларнинг ҳаёти Аллоҳ ва дин йўлида кураш билан ўтди. Фарзанд кўрмадилар. Қариб қолганларига қарамай, кофир қавмлар у зотни тинч қўймаганлари сабабли она ватанлари Фаластинни тарк этиб, аёллари билан бирга Мисрга кетишга мажбур бўлдилар. Ўша вақтдаги Миср подшоҳи у зот ҳақида турли гаплар борлигини эшитиб, ҳузурига чорлади.
Иброҳим (а.с) Сора онамиз билан подшоҳ ҳузурига келдилар. Подшоҳ Иброҳим (а.с) билан суҳбатлашаётганда Сора онамизга назари тушиб, ҳуснига маҳлиё бўлди ва кўнгли бузилди. Золим подшоҳ дарҳол бу гўзал мусофир аёл билан ёлғиз қолиш чораларини кўрди.
Улар танҳо қолдилар. Аммо, не ажабки подшоҳ ёмон ният билан Сора онамиз томон қадам ташлаши билан қўл-оёғи ишламай қолди. Ёмон ниятидан қайтган эди, соғ ҳолига қайтди. Яна ёмон ният қилган эди, яна қўл ояғи ишламай қолди. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди.
Шунда подшоҳ меҳмонлар оддий одамлар эмаслигини тушуниб етиб, уларни рози қилиш пайига тушди. Иброҳим (а.с) ни яна ҳузурига чорлаб, ҳадялар тақдим этди. Ўша вақтнинг урф одатига кўра Ҳожар исмли бир қизни ҳам у зотга тортиқ қилди.
Иброҳим (а.с) совғаларни қабул қилиб, яна ўз юртларига қайтиб кетдилар. Ҳожарга уйланиб, Аллоҳнинг иродаси ила, тўқсон ёшларида ундан бир ўғил фарзанд кўрдилар. Фарзандга Исмоил деб исм қўйдилар. Тез орада инсон оиласида бўлиб турадиган гап-сўзлар бу оилада ҳам бўлди.
Бир куни Ибоҳим (а.с) Ҳожар онамизга гўдакни олиб сафарга отланишни буюрдилар. Учовлон сафарга чиқиб, чўлу биёбонларда узоқ юрдилар. Оҳири бир ерга келиб тўхтадилар. Иброҳим (а.с) Ҳожар онамизга Исмоил икковларини шу жойга ташлаб кетишга мажбур эканларини тушунтирдилар.
Ҳожар онамиз: “Эй Иброҳим, бу Аллоҳнинг буйруғими ёки ўзингизнинг ишингизми?-дедилар. Иброҳим (а.с)-“Аллоҳнинг буйруғидир”-дедилар. Шунда Ҳожар онамиз “Ундай бўлса, сиз хотиржам кетаверинг. Аллоҳ бизни ўзи муҳофаза қилиб олади” дедилар. Иброҳим (а.с) ортларига қайтдилар. Бир жойга бориб, қақроқ чўлда ёлғиз қолаётган хотинлари Ҳожар онамиз билан ўғиллари Исмоилга яна бир бор назар ташладилар. Сўнг уларни ҳақларига Аллоҳ таолога ёлвориб дуо қилдилар.
Иброҳим (а.с) қайтиб кетганларидан сўнг ёлғиз қолган Ҳожар онамиз чанқай бошладилар. Атрофга назар солмоқчи бўлиб, ўзларига яқин турган тепаликга чиқдилар. Бу тепалик ҳозир Сафо тепалиги деб номланади. Қарши тарафдан ул муҳтарамнинг кўзларига сув кўринди, ўша тамонга югурдилар. Тепаликга чиқдилар. Бу иккинчи тепалик ҳозир Марва тепалиги деб номланади. Сув бўлиб кўринган нарса сароб экан. Ҳожар онамиз ортларига қарадилар, энди нариги томондан сув кўринди. Югуриб борсалар, у ҳам сароб бўлиб чиқди.
Шу тарзда Сафо ва Марва тепаликлари орасида етти марта югурдилар. Охири ҳолдан тойиб, чақалоқлари Исмоилни ётқизиб қўйган жойга қарадилар. У йиғлаб товонларини ерга урган жойдан сув чиқиб, қумда оқиб борарди. Ҳожар онамиз югуриб келиб: “Зам –зам” (тўхта-тўхта) дея сувнинг йўлини тўсдилар.
Бу фазилатли сув она-болага ҳам таом, ҳамда ичимлик ўрнида ўтиб, улар тирикчиликларини ўтказа бошладилар.
Ўшандан буён бу сувдан инсонлар тўйиб-тўйиб ичмоқдалар, юртларига олиб кетмоқдалар. Аммо бу сув заррача камаймай чиқиб турибди.
Ўша замонларда бир юртдан иккинчи юртга сафар қилиб бораётган карвонлар Ҳожар онамиз билан Исмоил яшаётган Зам-зам қудуғи атрофида ҳаёт борлигини узоқ яқиндан сезиб, шу тамон буриладиган ва сув ичиб дам оладиган бўлдилар. Баъзилари эса хусусан Журҳум қабиласига бу жой ёқиб қолиб, доимий яшаш учун қолиб кетдилар. Шундай қилиб аста секин қишлоқ ва шаҳарлар пайдо бўлди.
Орада Иброҳим (а.с) хотинлари ва ўғилларидан хабар олгани келиб турдилар. Бир келганларида: “Исмоил ўғлим, Аллоҳ таоло мен билан сенга ўзи учун уй қуришга фармон қилди”, дедилар. Ота бола фаришта Жаброил (а.с) кўрсатиб берган пойдевор асосида тошдан Каъбани қуришга киришдилар.
Байтуллоҳнинг қурилиши битгач, Аллоҳ таоло Иброҳим (а.с) га одамларни ҳажга чақиришини буюрди. У зот чақирдилар, чақириқга “лаббай” деб жавоб берганлар ҳажга келдилар.
Ўшандан бери ҳаж ибодати давом этиб келмоқда. Фақат Иброҳим (а.с) дан кейин, вақт ўтиши билан бу ибодатга жуда кўп бидъат ва хурофотлар аралашиб кетди. Пайғамбар (а.с) даврларига келиб, Каъбатуллоҳнинг ўзида уч юз олтмишта бут санамлар бўлган. Одамлар кийимларимизни кийиб гуноҳ ишлар қилганмиз деб кийимларини ечиб Каъбани тавоф қилар эдилар.
Ислом дини Аллоҳ ирода қилмаган бу каби амалларни чиқариб ташлаб, ҳақиқий ибодатни йўлга қўйди.
Ҳаж ибодатида улкан ҳикматлар бўлиб, бу ҳикматларнинг барчасини инсоннинг ожиз ақли тўла англаб олиши қийин. Шундай бўлсада уламолар ижтиҳод қилганлар.
Ҳажда исломий бирлик ёрқин намоён бўлади. Ҳаж чоғи мусулмонларнинг ҳис-туйғулари, ибодатлари ва хатто сувратлари бир хил бўлади. Бу ерда ирқчилик, маҳаллийлик, табақачилик каби салбий ҳолатларга ўрин қолмайди. Ҳамма бир Аллоҳга иймон келтириб, бир Байтуллоҳни тавоф қилади.
Тинчлик исломнинг шиори экани ҳажда яна бир бор намоён бўлади. Ҳамма тинч, юрт тинч, ибодат тинч, халқ тинч. Ҳаж улкан исломий анжуман бўлиб, ҳар бир мусулмон дунёнинг турли бурчакларидан келган дин қардошлари билан учрашади. Турли масалаларни муҳокама қилади. Ислом ва иймон ришталари мустаҳкамланади.
Аллоҳ таолонинг ризолигига эришиш учун ҳамма нарсадан, ҳатто дунёвий кийимлардан-да холи бўлиб, ёлғиз унинг хизматига бел боғлаш зарур. Бошқа динларда Аллоҳнинг розилигини топиш учун таркидунёчиликга бериладилар.
Ислом динида ҳаж, таркидунёчиликнинг ўрнига жорий қилинган. Аллоҳ таоло ўз уйини улуғлаб шарафлади ва бандалари учун унга етишишни олий мақсад қилиб қўйди. Ана ўша уйни зиёрат қилган мусулмон қалби софланиб яхшилик қилишга интиладиган ва ёмонликдан нафратланадиган бўлиб қайтади. Ҳажда мусулмон банда омонлик юрти бўлмиш Маккаи мукаррамага сафар қилади. Макка улуғ муқаддас шаҳар. Аллоҳ таоло унинг номи билан Қуръони каримда қасам ичган. Ўзининг уйи бўлмиш Каъбанинг шу шуҳарда қарор топишини ирода қилган.
Охирзамон пайғамбари Муҳаммад (а.с) нинг ҳам шу шаҳарда дунёга келишларини ҳоҳлаган. Оҳирги китоби Қуръони карим оятларини туширишни ҳам шу шаҳарда бошлаган. Бу шаҳарни Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Уммул қуро”- “Шаҳарларнинг онаси” деб атаган. Ҳар бир мусулмон учун азиз ва мукаррам бўлган бу муқаддас шаҳарга сафар қилиш, ҳар куни намозларида неча бор юзларини тўғирлаётган қиблани тавоф этиш чексиз бахтдир.
Ҳаж улуғ руҳий озуқа берадиган ибодат бўлиб, унда мусулмон банданинг вужуди Аллоҳ таолога тақво билан, унга тоат қилишга азму қарор билан, гуноҳларига надомат ҳисси билан тўлади. Бу сафарда Аллоҳга ва унинг расулига ва мўмин-мусулмонларга бўлган муҳаббати зиёда бўлади. Дунёнинг ҳамма тарафларидан дин қардошларига нисбатан дўстлик туйғулари уйғониб, мустаҳкамланади.
Ҳаж машаққатларни енгишни ўргатадиган машқ майдони ҳамдир. Ватандан, аҳли аёлдан, роҳат фароғатдан воз кечиб, турли қийинчиликларга ўзини урган одам, албатта бошқа ҳар қандай машаққатларни осонлик билин енгишга малака ҳосил қилади.
Юсупов Авазбек
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусулмон киши нима учун яратилдию, нима қилиши лозимлигини яхши билади. Бу борада у кўнглига келганини эмас, балки Роббисининг каломи билан яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хитоб қилади: "Мeн жин вa инсни фaқaт ўзимгa ибoдaт қилишлaри учунгинa ярaтдим" (Зориёт, 56).
“У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди” (Ҳуд, 62).
Мусулмон инсон Аллоҳга ибодат қилиш, инсонларга яхшилик қилишлик уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Унга омонат қилиб берилган ягона фурсати бўлмиш дунё ҳаётида, ҳам дунёсини, ҳам охиратини обод қилади.
“Эй иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж-77)
Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб намоз ўқиб, Роббисига ибодат қилиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.
Биз яшаб турган дунё имтиҳон дунёсидир. Ўзидан кейин яхши ном қолдиришни истаган ҳар қандай киши бу дунёни эзгу амаллар, гўзал хулқлар билан ўтказиши лозим. Барча инсонларга бирдек яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш, меҳр-оқибатли бўлиш катта инсоний фазилат ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларни мағфират ва хайрли ишларга шошилишга буюриб, бундай марҳамат қилади:
وَسَارِعُوا إِلَىٰ مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
“Роббингиздан (келувчи) мағфират ва кенглиги осмонлар-у ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари шошилингиз!” (Оли Имрон, 133-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, энг яхши инсонлар ўзгаларга манфаат ва яхшилиги етувчи инсонлар экани зикр этилган:
خَيْرُ النَّاسِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ
“Инсонларнинг яхшиси бошқа инсонларга манфаати кўпроғидир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ҳадисда қуйидагича келтирилади: “Бир киши Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Исломдаги энг яхши (амал) қайси?” деб сўради. У зот: “Таом бермоғинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом бермоғинг”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу дунё ҳаётида киши ўз яқинларига, хаттоки таниган ва танимаган кишиларига имкон қадар яхшилик қилиши, заифларга ёрдам бериши ҳамда мухтожларга кўмаклашиши лозим ҳисобланади. Бу орқали инсон нафақат бу дунёда азиз, балки, охиратда ҳам шарафга эга бўлади.
Аллоҳ таоло ўз каломида яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик бўлишини баён қилиб бундай дейди:
هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ
“Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир” (Ар-Раҳмон, 60-оят).
Руҳий ҳаётнинг энг афзал томонларидан бири яхшилик йўлидаги ўзаро ёрдамдир. Бу нарса ижтимоий ҳаётни юқори даражага кўтариш, жамият аъзоларининг фаровонлигини ошириш ва уларнинг қайғу-аламларини енгиллатишдан иборатдир. Ҳозирги замон маданиятида ўзаро ёрдам деган тушунчага катта аҳамият берилади. Шунинг учун ҳам барча жойларда ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик ташкилотлари тузилган. Мана шунинг ўзи ҳам ҳар бир шахс ва ҳар бир жамиятнинг бахтиёр бўлиши учун ўзаро ёрдам зарурлигини кўрсатади.
Қуръон ўзаро ёрдамга катта аҳамият берган. Буни қуйидаги оятдан фаҳмлаб олсак ҳам бўлади:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).
Қуръони Карим яхшилик ва тақводорлик йўлида ҳамкорлик қилишга буюрмоқда. "Яхшилик" деганда бу дунёдаги барча яхшиликларни: ростгўйлик, омонат, тоат-ибодат, сахийлик, шижоат ва ҳоказоларни тушунамиз.
"Яхшилик" сўзи дунёдаги барча фазилатли нарсаларни ўз ичига олади. Тақво эса Аллоҳдан қўрқиш ва Унга итоат қилиб иш олиб боришни англатади.
Яхшилик ва тақводорлик йўлидаги ҳамкорлик эса бу дунёдами ёки охиратдами, саодатга эриштирувчи яхши нарсалар йўлидаги ҳамкорликдир.
Қуръони каримда яхши ва эзгу амалларни қилиш ибодатдан кейинги ўринда келтирилди. Демак, яхши ишларда бардавом бўлиш ибодат қилиш билан тенг амал ҳисобланади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ
“Сизларнинг яхшиларингиз – аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир”, дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Инсон яхшиликни энг аввал ўз яқинларидан бошлаши лозим. Бу ҳам инсонда яхшилик фазилати мавжуд эканини кўрсатади.
Биз сўзлашаётган мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам эътиборга моликдир:
خَيْرُكُمْ مَنْ يُرْجَى خَيْرُهُ وَيُؤمَنُ شَرُّهُ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз – яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омонда бўлинувчингиздир” – деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Ушбу ҳадисда барчамиз учун буюк бир кўрсатма бор. Мусулмон киши уни билган инсонлар ундан яхшилик кўрувчи ҳамда ундан хавф ва қурқув кутмаслиги лозим. Бунинг учун албатта, унда инсонларга нисбатан хайрихоҳлик ва одамгарчилик топилиши керак. Шунда у одамлар ичида яхшиси бўлади.
Инсон ўз умрининг боғини ўзи яратади. Бу боғдаги мусаффо осмон, порлаб нур сочаётган қуёш, ёқимли булбуллар хониши, қушлар парвози, мехрибон ота-оналаримизнинг борлиги, фарзандарларимизнинг беғубор кулгуси, оиламизнинг аҳиллиги, ўзаро меҳр-муҳаббат иқлими, дастархонларимиз тўкинлиги, тинчлик-хотиржамликдаги фаровон ва осуда ҳаёт барчамизга ҳузур-ҳаловат бағишлайди алҳамдулиллаҳ. Азизлар, умримизни мана шундай ажиб боғда эзгулик, хайр-у саховат, яхшилик амалларига тўлдириб яшайлик! Барчамизни Аллоҳ ўз паноҳида сақласин! Омонат дунёда омон бўлайлик!
Аллоҳ таоло барчаларимизни одамлар ҳавас қиладиган, яхшилиги умид қилинадиган ва ёмонлигидан омонликда бўлинадиган кишилардан айласин!
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.